ЎЗБЕК ШЕЪРИЯТИНИНГ ЁРҚИН ЮЛДУЗИ, ЭРК КУЙЧИСИ

Ўзбек шеъриятининг ёрқин юлдузи, эрк куйчиси номини олган машҳур шоир Усмон Носир сермаъно, мафтункор шеърлари билан халқнинг ҳурматига сазовор бўлган ижодкордир. У 1912 йил 13 ноябрда Наманган шаҳрида дунёга келди. Унинг шеърияти XX аср ўзбек поэзиясининг кўплар етолмаган чўққиларини забт этди. Бўлажак шоир тўрт ёшида отасидан айрилди. Аввал тоғаси қўлида, 9 ёшидан эса ўгай ота қўлида тарбияланди. 
 Шоирнинг ҳаёт йўлини кузатар экансиз, у ҳеч бир жойда муқим яшамаганини, ҳаттоки олий маълумотни ҳам тугата ололмаганини кўрасиз. Қўқон шаҳридаги ўрта мактабда саккиз йиллик таълимдан сўнг Москвадаги Кинемотография  институтида бир йил, Самарқанддаги Педагогика академияси (ҳозирги Сам ДУ)да бир йил таҳсил олди. "Ёш ленинчи" газетасида бошланган меҳнат фаолияти эса 1933 йилдан 1934 йилгача чўзилди. 
"Ҳаётга, шеъриятга бўлган беқиёс муҳаббат унинг қўлларига қалам тутди, қалбини ҳаяжон ва шодликка тўлдирди. Юрагига буюк бир оташ солди!...Гўзалликка ташна бўлган ўтли кўзларига бутун олам, табиат шеърият бўлиб кўринди" - ушбу жумлалар "Дийдор" газетасининг 2002 йил 16 ноябрь сонида чоп этилган муаллиф М. Иброҳим қизининг "Шоир боқий яшайди" деган мақоласида акс этган. 
Унинг илк шеъри 15 ёшида, илк достони 19 ёшида, дастлабки шеърий тўплами эса 20 ёшида нашр қилинди. Йигирма тўрт ёшигача Усмон Носир "Нахшон", "Трактробод", "Юрак", "Меҳрим " каби шеърий тўпламларини чиқариб улгурганди. Бу тўпламларда инсон руҳининг озод парвози, табиат ва муҳаббатдан тўлқинланган қалбнинг оташин садоси кўриниб турарди. 
Шоир шеърияти чақмоқдек кескир, оловдек ёрқин, булоқ сувидек тиниқдир. Бу тиниқлик унинг юрагини, қалбининг одам ва олам ҳақидаги тасаввурларининг тиниқлигидан дарак беради. Унинг туй-ғулари ҳам покиза эди. Шоир ўз қалбига сира хиёнат қилмади. Усмон Носир бутун ҳаёти давомида танлаган йўлидан кетди. Бутун умр юракни, шоир юрагини куйлаб ўтди. Мана, орадан юз йил ўтибдики, бу юракдан чиққан соҳир, мунгли, гоҳида эса ҳаётбахш, гоҳ аччиқ сатрлар вақт ва сарҳад чегараларини ёриб, ҳозиргача шеърият шайдоларининг маънавий камолоти йўлида хизмат қилмоқда. 
Шоир асарларининг ютуғини таъминлаган омиллардан бири худо берган истеъдоди бўлса, иккинчиси Шарқ ва ўарб адабиёти тажрибаларини ижодий ўзлаштира борганидир. 
"Усмон шеъриятимизга шамолдай кириб келди. Балки бўрондай! У шундай тўполон ва тўлқин билан келдики, унча-мунча шеърий услуб ва ижодни тўс-тўс қилиб юборди. Уни ўзимизда "Ўзбекнинг Лермонтови", Москва газеталарида "Шарқда Пушкин пайдо бўлди" деб ёзишди", деганди унга замондош шоир Туроб Тўла. Ушбу сўзлар "Жаҳон адабиёти" журналининг 2012 йилнинг 11 сонида акс этган. 
Усмон Носир кечаю кундуз шеър ишқи билан яшади, меҳнатни севди. "Бемеҳнат севмайман тирик тилимни" деганида бор ҳақиқатни айтган эди. Қалби шодлик нималигини билмай ўтган одамларга ачинди, изтиробларига шерик бўлди. У озодликни, ёрқин келажакни зўр ишонч, кўтаринки руҳ, шавқу завқ билан тараннум этди. 
"Шоир Ватан ишқи билан ёнди. Ватаним, элим, юртим деб ёниб яшади. Унда ҳиссиёт зўр эди. Шоир шу қайноқ ҳиссиёт билан ўз таассуротини юрак орқали баён қилар эди. Юракка мурожаат қилиши, юрак орқали ижод қилиши туфайли у юрак шоири бўлиб танилди. Усмон Носир ҳаётга, шеърият оламига булбул бўлиб келган эди. Афсуски ўша пайтдаги мустабид тизим уни қийнади, хўрлади". - ушбу жумлаларни И. Ҳасанованинг "Замондош" газетаси 2002 йил 26-сонида чоп этилган "Исёнкор шоир нидоси" мақоласида ўқишингиз мумкин. 
У эл, юрт хизматига доим шай турди. Шоир ўзининг она Ватанига бўлган муҳаббатини "Юрак" шеърида жуда чиройли ифода қилган:
Итоат эт, 
Агар сендан 
Ватан рози эмас бўлса 
Ёрил, чақмоққа айлан сен. 
Ёрил, майли, тамом ўлсам! " 
Усмон Носир кўп қиррали ижодкор эди. Муҳаббат ва садоқат ҳақида лирик шеърлардан ташқари пьеса, эпик достонлар ҳам ёзди. Ўз маҳоратини таржима соҳасида ҳам намоён этди. Пушкиннинг "Боқчасарой фонтани", Лермонтовнинг  "Демон"и Усмон Носирнинг моҳирона таржимаси билан ўзбек адабиёти хазинасига яна бир гавҳар бўлиб қўшилди. Усмон Носирнинг табиат манзараларини, турфа хил гўзалликларни, одамларнинг руҳий кечинмаларини чуқур ифодалаган шеърларини ўқир экансиз, унинг ўта нафис, теран фикрли "Рассом" эканига ҳам амин бўласиз. 
"Усмон Носир ... - деб ёзади Ўткир Рашид. - Бу ном 20-йилларнинг охирида қулоққа иссиққина чалиниб, 30-йиллар бошида қулоқдан тилларга ва дилларга кўчди. Усмон асарларини китобхонлар, қаламкашлар интиқлик билан кутадиган шоирга айланди". 
"Истеъдод шундай бир гавҳарки, у денгиз тубида, садаф ичида ҳам гавҳар; истеъдод шундай бир зилол ирмоқки, унинг ҳар қатрасида дарёларнинг қудрати, уммонларнинг теранлиги бор; истеъдод шундай бир гулки, унинг ҳар бир очилмаган ғунчасида чаманларнинг бўйи, таровати бор. 
Усмон Носир истеъдоди ана шундай гавҳар, ана шундай ирмоқ, ана шундай ғунча эди", - деб ёзади шоир ҳақида замондошимиз Эркин Воҳидов. 
У камтарлик билан "Ҳозирга қадар ёзганларим бир машқ, шунинг учун ҳам нуқсонлари кўп бўлиши мумкин" деб ёзганди. 
Усмон Носир 1937 йилда халқ душмани сифатида ҳибсга олиниб, Магаданга юборилгунга қадар эркин ижод билан шуғулланди. Чақмоқ умридай ҳаёт кечирган шоир бутун қалбини муқаддас Ватанимизга, унинг эзгу хизматларига бағишлади. Бегуноҳ шоир темир панжаралар ортида ҳам ижодини давом эттирди. Унинг "Юрак туғёни" ва "Тутқун булбулча" шеърлари фикримиз далилидир. У ўз шеърларида гўзалликни тараннум этиш билан бирга эркни, мустақилликни, озодликни куйлади. Мустақиллик, адолат офтобининг нурларидан баҳраманд бўлишни орзиқиб кутди. 
Шоирнинг "Нил ва Рим" шеърини эрк мадҳияси деб аташимиз мумкин: 
Мана менман, у исённинг ўлмас авлоди, 
Мана менман, у қулларнинг  ҳеч сўнмас ёди. 
Бу сатрлар шоир юрагининг туб-тубидан отилиб чиққан, мисралардаги жозибадорлик, оҳангдорлик кишини ўзига жалб қилади.
Ушбу ҳайқириқли нидолар ҳар қандай шоирнинг ҳам ижодида учрайвермайди. Дарҳақиқат, Усмон Носир буюк истеъдод соҳиби, исёнкор шоир. Унинг ҳар бир ижод маҳсули кишини ўзига ром қилади. Ҳаётга бўлган муҳаббатини янада оширади. Шоирнинг шеърларида мустақиллик нафаси, Ватан ишқи каби улуғвор ҳислар яққол сезилиб туради. 
"Ёш олима Марғуба Мирқосимованинг таъбирича, Усмон Носир ижодининг мавзуи, яратган образлари ғоят хилма-хил. Инсон қалбининг сирли туйғуларини тасвирловчи лирик шеърларида шоир сиймоси гавдаланса, табиатнинг турфа   рангларини сингдирган шеърларида нозик қалбли, эҳтиросли лирик қаҳрамон кечинмалари тасвирланади", - деган фикрларини "Тил ва адабиёт" журналининг 1992 йил 5-6 сонида ўқишингиз мумкин. 
Шоир шунчаки эрмак ёки ҳавас билан қўлига қалам тутмади. Унга ўзининг борлиғини бахшида этди, жонини бағишлади. 
Шеърим, Яна ўзинг яхшисан, 
Боққа кирсанг, гуллар шарманда. 
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан, 
Жоним каби яшайсан менда, - 
                      деб ёзади у. 
Гўзалликнинг умри ҳамиша ҳам узун бўлавермайди. Аксар гўзал шоирларнинг умри эса ундан-да қисқароқ бўлган. Пушкин, Лермонтов, Есенин, Чўлпонлар қисмати мисол. Шоир 1944 йилда ўз юртидан анча олисда Кемерово турмаларида вафот этди. Шоир ўлмади, токи шеърият, адабиёт бор экан, унинг оташин мисралари яшашда давом этади. Оловқалб, жўшқин шоир Усмон Носирни адабиётимиз, Ватанимиз ва халқимиз ҳеч қачон унутмайди. 
Мавзуга оид: