ЛОЙИШДА НИҚОБ ТАҚМАСА ҲАМ БЎЛАДИМИ?

Очиғини айтиш керакки кейинги пайтларда республикамизда карантин чоралари янада кучайтирилди. Савдо хизмати ва умумий овқатланиш шахобчаларида ҳам маълум чекловлар асосида иш юритилмоқда. Бироқ Лойиш кўчаларини айлансангиз, карантин қоидаларига мутлақо эътибор берилмаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Марказий Амир Темур номли кўча ва бозорларда камдан кам ҳолларда ниқоб таққан кишиларни учратасиз холос. Гўёки, карантин бўлмагандек. Ваҳоланки, ҳар куни оммавий ахборот воситалари орқали мамлакатимизда эпидемиологик ҳолатнинг яхши эмаслиги, кунига 450  дан 500 нафаргача фуқароларимиз касалликка чалинаётганлиги бот-бот айтилмоқда. Бироқ негадир одамларимиз бепарво. Шу ўринда назорат қилувчи органларнинг фаолияти сезилмаётгандик. Агар Лойиш марказидаги банклар олдига бир назар ташласангиз, умуман карантин қоидаларига амал қилинмаётганлигининг гувоҳи бўласиз. Узоққа бориб ўтирмайлик. Марказий кўчанинг шундоққина ёқасида жойлашган Халқ банки олдида бир неча кунлаб одамлар навбатда туришиб мавжуд қоидаларга амал қилишмаяпти. Ҳатто пиёдалар ўтадиган йўлакларни ҳам банд қилишиб, ниқоб тақмасдан бепарво юришганлигига нима дейиш мумкин. Шундай пайтда банк мутасаддилари бу йиғилган фуқароларга тартиб қоидаларни эслатиб қўйишса бўлмайдими? Бепарволик ҳам мана шу даражага етиш мумкинми? Айтмоқчи, назорат қилувчи мутасаддиларга аниқ саволимиз бор. Лойишда ниқоб тақмай юрса ҳам бўладими. А лаббай?
Кенжа Ботир.
Мавзуга оид: