Ҳадислар дунёси
ҲАДИСЛАР -
ЭЗГУЛИККА ЕТАКЛАР
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Албатта қилинган барча ишлар (Аллоҳ томонидан) ниятларига қараб қабул қилинади". Албатта ҳар бир кишига ўз ниятидагиси бўлади. Кимнинг Маккани тарк этиб Мадинага бориши Аллоҳ ва расули учун бўлган бўлса, у Аллоҳ ва расули учун кўчганлик савобини олади. Кимнинг Маккани тарк этиб Мадинага кўчиши молу дунёга эришиш ёки бирор хотинга уйланиш учун бўлса, у шу ниятига эришиши мумкин, лекин Аллоҳ учун кўчганлик савобини олмайди. Демак, ҳижрати қилган ниятига қараб баҳоланади.
Диннинг офати учтадир:
1. Беамал олим.
2. Золим ҳоким.
3.Билмасдан фатво айтувчи уламо.
***
Илмнинг офати унутишдир. Уни ноаҳил кишига гапириш эса уни зое қилишдир.
***
Қуллардек овқатланаман ва қуллардек ўтираман.
***
Мунофиқнинг аломати учтадир:
1. Гапирса ёлғон гапиради.
2. Ваъдасига бевафо бўлади.
3. Омонатга хиёнат қилади.
***
Чақирилган жойга (меҳмондорчиликка) боринглар.
***
Нафақа беришни ўзингдан бошла! Агар ортса оила аъзоларингга сарфла, агарда улардан ҳам ортса қариндошларингга сарфла. Агар қариндошларингдан ҳам ортса, шу йўсинда аввал яқин, кейин узоқларингга сарфлайвер.
***
Ўзларингиз ва сизлардан кейин келувчи кишилар учун хушхабар шуки, кимки сидқидилдан "Ла илаҳа иллаллоҳ" калимасини айтса, албатта жаннатга киради!
***
Аллоҳнинг ҳалол қилган нарсалари ичида Унга ёмон кўрингани - талоқдир.
***
Аллоҳга энг ёмон кўринадиган киши - гина ва адоватни узоқ сақловчи одамдир.
***
Ўз ҳожатини ҳокимга етказа олмаётган кишиларнинг арзини ҳокимга етказинглар. Кимки ҳокимга арзини етказа олмаётган кишининг арзини етказса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида сирот кўприги устида ул банданинг қадамини мустаҳкам (тойилмайдиган) қилади.
***
Эй одам боласи, кифоя қилгудек ризқинг туриб ҳаддингдан оширадиган молни истайсан. Эй одам боласи, озга қаноат қилмайсан кўпга ҳам тўймайсан. Эй одам боласи, тонг отиб кўз очаркансан танинг сиҳат, оиланг тинч, бир кунлик таоминг бўлса бор, ортиқча бойлик исташни қўй!
***
Ҳар бир қавмнинг синглисидан туғилган ўғил ҳам шу қавмдан ҳисобланади.
***
Масжидларингизни безаксиз қуринглар, шаҳарларингизни кўркам барпо этинглар! (Масжидларни безашга кейинроқ Усмон ибн Аффон халифалигида рухсат этилган.)
***
Менга Жаброил алайҳиссалом келиб дедилар: "Эй Муҳаммад алайҳиссалом, хоҳлаганингизча яшанг, лекин албатта вафот этасиз. Хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, барибир бир кун ундан ажрашасиз. Хоҳлаган ишингизни қилинг, албатта унга мукофот ёки жазо оласиз. Билингки, албатта мўминнинг обрўси кечалари туриб ўқиган намозида ва унинг азизлиги одамлардан таъма қилмаслигидадир".
***
Етимларнинг молларини ҳам савдода айлантириб туринглар, закот уни еб тугатмасин.
***
Дилинг юмшаб ҳожатинг равон бўлишини хоҳлайсанми? Етимга раҳм қил, бошини сила, овқатингдан едир, шунда дилинг юмшайди ва ҳожатинг чиқади.
***
Қўй боқ. Зеро, у айни баракадур.
***
Биласизларми, тишлаб олиш нима? Баъзи бировларнинг сўзини орани бузиш ниятида бошқа бировларга бориб чақишдир.
***
Ҳаромлардан сақлан, кишиларнинг обидроғи бўласан. Аллоҳнинг қисматига рози бўл, кишиларнинг бехатарроғи бўласан. Қўшнингта яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўзингга яхши кўрганингни кишиларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кўп кулма, чунки кўп кулги дилни ўлдиради.
***
Аллоҳдан қўрқ! Яхшиликни кичкинасини ҳам кичик демай қилавер. Агарчи челагингдаги сувни сув олмоқчи бўлган кишининг челагига қуйиб бериш билан, ёки биродарингга очиқ чеҳра билан юзланишинг билан бўлса ҳам яхшилик қил. Кийиминг этагини кибр учун узун қилма! Зеро, кибрни Аллоҳ яхши кўрмайди. Агар сени бирор киши сўкиб, сенда йўқ айб билан сени айбласа, сен уни унда бор айб билан ҳам айблама, уни қўя бер, шунда гуноҳи унга, савоби сенга бўлади. Ҳеч қачон ҳеч кимни сўкма!

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Ижтимоий ҳаёт
- 27 ноя, 13:46