Оила зийнати
Турмуш чорраҳаларида
САДОҚАТНИНГ БАҲОСИ
БОРМИ?
Яқинда бир тўйда бундан ўттиз йиллар илгари Лойишдаги бир ташкилотда қоровул бўлиб ишлаган қадрдон танишим билан учрашиб қолдим. Ҳол-аҳвол сўрашдик.
- Турмуш ўртоғим ўтган йили ёзда оламдан ўтди, - дея гап бошлади у кўзларига келган ёшни яширишга уринаркан. - Вафот этгунча ҳам кўп азоб чекди бечора. Ишонасизми, йўқми 33 йил тўшакда ётди. Қўл-оёғи ишламас, ҳатто ўтира олмасди. Бундан аёлим хижолат чекар, сизларни ҳам кўп қийнаб қўйдим, бундан кўра ўлганим яхши эди, дерди. Аммо на илож. Яратганнинг ўзи бизга жон ато этгандан кейин, ўзи омонатини оладида. Яширишнинг ҳожати йўқ, онасининг касаллиги фарзандларимни ҳам қийнаб қўйганди. Лекин улар сездирмасликка, иложи борича оналарининг ёнида бўлишга ҳаракат қилишарди. Мен эса ишим тугади дегунча, уйга шошардим. Тун бўйи унинг ёнида бўлишимга тўғри келарди. Бундан бошқа иложим ҳам йўқ эди. Чунки ёнимда қимирлашга ҳам мажоли йўқ, ёрдамга муҳтож болаларимнинг онаси илтижо билан менга боқарди. Унинг кўзларида гўё, мен оламдан ўтгандан сўнг ёлғиз ўзингиз қандай яшайсиз, деган маъно бор эди. Шундай бўлсада, унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилардим. Ундай дема хотин, ҳали соғайиб кетасан, яхши ният қилгин, дердим. У эса: Мен ўзимнинг ҳолатимни биламан, ростини айтаверинг, дерди бояқиш.
- Фарзандларингиз уйли-жойлими?
- Худога шукур, хотиним кўзи очиқлигида ўғилларни уйлантириб, қизларни чиқардик… Улардан кўнглим тўқ, - деди ҳамроҳим юзидаги ғамгинликни сездирмасликка уринаркан. Ҳар ҳафта қизларим йўқлаб туришади. Кенжа ўғлим билан тураман. Худога шукур, ҳамма нарса етарли.
Орага узоқ жимлик чўкди. Менга унга дилимдагини айтдим:
- Яқинларимиз ўлгани билан ҳаёт давом этаверади, яна оила қуриш ниятингиз борми?
У ҳам мендан худди шу саволни кутиб тургандек, дарҳол жавоб берди:
- Йўқ!
- Нега?
- Хотини ўлганидан кейин оила қурган кўп эркакларни кўрдим. Оиласида тинчлик йўқ. Фарзандлари ўртасида мерос талашишларни айтмайсизми? Ҳатто ўз оталарини вафосизликда, хоинликда айблаган қизларни ҳам кўрдим. Яқинда бир ҳамқишлоғимни хотини вафот этгандан сўнг, бир йил ўтиб ёшроқ бир жувонга уйланди. Нима бўлди денг. Оилали бўлиб кетган уч қизи келиб бечора жувонни ўласи қилиб калтаклашди. Зўрға улардан қочиб қутулди, бояқиш. Энг ачинарлиси, янги оила қурсангиз, фарзанд-ларингизнинг сизга бўлган меҳри камаяркан. Бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Менга болаларимдан бошқа ҳеч нарса керак эмас.
Очиғи, унинг матонатига, садоқатига қойил қолдим. Чунки 33 йил туну кун беморга қарашнинг ўзи бўладими эркак учун? Айрим хотини ўлган, 70-80 ёшдан ошган боболарнинг фарзандлари билан сен-менга бориб, ёш-ёш жувонларга уйланаётганликлари бу бор гап-ку.
У билан хайрлашарканман, ўз хотинига ва фарзандларига садоқатли бўлган бу инсонга омонлик тиладим…

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22

Оқдарё ижодкорлари
- 14 дек, 14:00