Қишлоқ хўжалиги

Олимлар фикр  билдиради

ДЕҲҚОНЧИЛИКДА ТАНАФФУС БЎЛМАЙДИ

Маълумки, ҳар бир ойнинг ўз ҳислатию хосияти бор ва у ўз ортидан албатта халқимизнинг эртаси учун қут-барака олиб келади. Ҳа, аслан шундай. Қавс ойи кетиб унинг ўрнига жаддий ойи кириб келди ва яна бир ой, яъни далв ўтгач, ўлкамизга ҳут ойи ташриф буюради. Қарабсизки, баҳор фасли ҳам кафтин ишқалаб уйғона бошлайди. Биз эса айнан ана шу даврга тайёр бўлишимиз, унгача қилиниши лозим бўлган юмушларни сарамжон-саришталашимиз талаб этилади. Шу боис айнан қишнинг чилласида ҳам дала-деҳқончилик ишлари топилади ва агарда бекорчилик, десак хато қилишимиз турган гап. Зеро, келгуси ҳосил замини ҳозирдан бошланади.

Шу ўринда фермерларимиз ўзига туташ далаларда ишни унинг аҳволини ўрганиш ва йил натижасини сарҳисоб қилиб, ютуқ ва йўл қўйилган ҳатоликларни таҳлил этсалар фойдадан ҳоли бўлмайди, албатта.

Йил давомида сув келадиган ариқ-зовурларни лойқа ва бошқа чиқиндилардан тозалаш, лозим бўлса янгиларини олиш, насос билан суғориладиган жойларда уларни таъмирдан чиқариш, сув ўлчагич ва айиргич қулоқларини ҳозирлаш каби ишларни амалга ошириш шу куннинг юмушлари ҳисобланади. Боғдорчиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида эса ариқ-зовурлар юмушлари билан бирга боғ-роғларга шакл бериш жараёнида қуриган, касаллик ёки зараркунандалар хуружи оқибатида шикаст кўрган шох-шаббаларни олиш, қолганларига эса яхшилаб шакл бериш, мевали дарахт атрофларини юмшатиш, 1,0-1,5 метр баландликда танасини оҳак ва тупроқ (3/1 нисбатда) аралашмаси билан оқлаш, сўнгра эса тупроқда қишловчи жониворлар ва ҳашоратлардан дарахтни асраш мақсадида ушлагич белбоғларини боғлаб қўйиш тавсия этилади. 

Албатта, фермер ёки шахсий томорқа хўжалигидаги боғзорлар келгуси йил тараддудини назарда тутган ҳолда албатта 30-35 т/га ҳисобида маҳаллий ўғит (гўнг ва бошқ.) ва 200-300 кг/га физик ҳолда фасфорли-калийли ўғитлар берилиб, камида 30-35 см чуқурликда омочлар ёрдамида сифатли қилиб шудгор қилинган бўлиши шарт. Шундан сўнг уларни чилла суви билан 1,5-2 минг м3/га ҳисобида суғориш талаб этилади. Бу тадбирнинг муҳимлиги шундаки, бунда мевали боғзорлар илдизи атрофига сув тез сингиб, чуқур кириб боради, бу эса ёзда 1-2 марта ортиқча суғоришнинг олдини олади. Натижада уларнинг ҳосилдорлиги ва сифати юқори бўлиши билан бирга касаллик ҳамда зараркунандаларга чидамлилиги ҳам юқори бўлади. 

Боғ ва токзорларга бир қатор касаллик (мониллиоз, клястоспериоз, рак ва бошқ.) лар ҳам қарши қўяди уларга қарши Бардонинг 3-5 % ли эритмаси ёки унинг ўрнига 1 ва 3 %ли мис ҳамда темир кукуни билан ишлаш яхши натижа беради. 

Бундан ташқари ғаллазорларга ҳам эътибор бериш ўта зарур ҳисобланади ва биринчи галда уларни чорва моллари ҳамда парранда пайҳонидан асраш, ғаллазорлар атрофини тўсиқлар билан ўраш лозим. Шу билан бирга кеч экилган, ривождан орқада ва ҳали туплаб улгурмаган ғаллазорларга қўшимча қаров (гўнг сепиш, суғорилмаган бўлса суғориш, ғўзапоядан тозалаш ва бошқ.) ишларни ташкил этиш зарур ҳисобланади. 

Транспорт воситалари бориши мумкин бўлган майдонлар ёки йўл ёқалари ҳамда гидропост яқини ҳосил ҳандаклари атрофига камида 8-10 т/га ҳисобида маҳаллий ўғит (гўнг, парранда тезаги ва бошқ.) жамғариш ташкил этилади. Шу билан бирга келгуси йил пахта экиладиган далаларда ҳам кузги-қишки тадбирлар қатори далага маҳаллий ўғит жамғариш режаси ташкил этиш, бунда айниқса уларни тегишли транспорт воситалари орқали ташиш ҳамда уларни техника саройларида таъмирлаш ишларини ҳам ўз вақтида ва сифатли амлга ошириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. 

Шубҳасиз, мазкур кузги қишки тадбирлар бир-бири билан бевосита боғлиқ бўлиб, уларни якунлаш бўлғуси ҳосилга пухта замин демакдир.

Хидирали БОТИРОВ, 

қишлоқ  хўжалиги фанлари

 доктори.


Саъдулла КАЗАКОВ, 

ЎзҚХИИЧМ вилоят бўлими 

мутахассиси.     


Мавзуга оид: