Суд ва ҳаёт
ШАРТНОМА ИНТИЗОМИ - ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ОМИЛИ
Мамлакатимизда эркин бозор иқтисодининг негизини тадбиркорлик фаолияти ва шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар ташкил этади.
Айтиш лозимки, ҳар бир хўжалик, ёхуд тадбиркорлик субъекти ҳар қандай муносабатларга албатта шартномалар орқали киришадилар. Чунки, тарафлар ўртасидаги ҳар қандай алоқаларни мустаҳкамлайдиган ҳамда келгуси ҳамкорлик учун кафолат вазифасини бажарадиган восита бу – шартномалардир.
Ана шу нуқтаи назардан соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа бир қатор хуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб улар такомиллаштириб борилмоқда.
Фуқаролик кодексининг 353-моддасига кўра, икки ёки бир неча шахснинг фуқаролик ҳуқуқлари ва бурчларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги келишуви шартнома дейилади. Мазкур ҳужжатда мустаҳкамланган асосий тамойиллардан бири – шартнома тузиш эркинлигидир.
Шу билан бирга, шартнома тарафларининг ўз зиммасига олган мажбуриятларини тўлиқ ва лозим даражада бажариши алоҳида аҳамиятга эга. Чунки, шартнома тузар экан, тадбиркор субъектлари унда кўрсатилган мажбуриятларни бажаришга киришади, ундан кўзланган даромадни ҳисобга олган ҳолда муайян харажатларни амалга оширади.
Ушбу ҳолатда шартномани тузган тарафлардан бирининг ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги иккинчи тарафга ҳам жиддий оқибатларни келтирувчи зарар етказиши ва ҳатто, фаолиятининг тўхтатилишига, иқтисодий ночор аҳволга тушишига сабабчи бўлиши мумкин.
Шу ўринда, Пайариқ туманлараро иқтисодий судида “SAM” масъулияти чекланган жамияти (номлар ўзгартирилган)нинг даъво аризаси бўйича кўриб чиқилган иқтисодий иш ҳолатларини ёритишни лозим топдим.
“LAK” акциядорлик жамияти (“Сотувчи”) ва “SAM” масъулияти чекланган жамияти (“Харидор”) ўртасида уруғлик олди-сотди шартномаси тузилган.
“Сотувчи” шартнома бўйича Пайариқ туманидаги фермер хўжаликларига экиш учун тарқатилган уруғлик чигит тўғрисидаги маълумотнома тақдим қилган, “Харидор” ушбу маълумотнома бўйича тўловни амалга оширган.
Лекин, суд жараёнида маълум бўлишича “Сотувчи” тарқатилган уруғлик чигит миқдори тўғрисида ҳам техник хатога йўл қўйган ҳолда, ҳам аслида тарқатилмаган уруғлик чигитни тарқатилган деб “Харидор”дан ортиқча пул маблағлари олган.
Шу сабабли суд, “SAM” масъулияти чекланган жамиятининг ортиқча олинган пулларни қайтариш тўғрисидаги даъво аризасини асосли деб топиб, уни қаноатлантириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Бу жараёнда қизиқ ҳолат шундаки, шартнома интизомини бузган тараф барча тафсилотлар ойдинлашгандан кейин ҳам мажбуриятни лозим даражада бажариш ёки ортиқча олинган пулларни қайтариш чораларини кўрмаган.
Агар низо судга қадар бартараф этилганда, судга мурожаат қилиш учун вақт, давлат божи ва бошқа суд харажатларини тўлаш учун қўшимча пул маблағлари сарфланмаган, тадбиркор эса фаолиятини янада ривожлантириш билан шуғулланган бўлар эди.
Шу боис, тарбиркорлик субъектлари томонидан шартнома интизомини бузмаслиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш иқтисодий тараққиётимизни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Б.ЖЎРАЕВ,
Пайариқ туманлараро иқтисодий
суди раиси.

Суд ва ҳаёт
- 31 мар, 15:18

Суд ва ҳаёт
- 31 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37