“Оқдарё овози” бонг уради ЛОЙИШНИНГ ЭГАСИ БОРМИ?!

  Ўлкамизда баҳор таровати, Наврўз шукуҳи кезиб юрибди. Дов-дарахтлар гулга, атроф-муҳит яшилликларга бурканган. Она-табиат дилларга қувонч улашмоқда, унинг гўзал манзараларига қараб тўймайсан киши.
  Дарҳақиқат, баҳор уйғониш ва яшариш фасли. Барча шаҳар ва қишлоқларда, маҳаллаларда кўкламги ободончилик ишлари бошлаб юборилган. Бу борада туманимизда ҳам бир қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Лекин, негадир туманимизнинг маркази ҳисобланган Лойиш шаҳарчасинингАмир Темур кўчасидаги ушбу нохуш манзара маҳалла мутасаддиларининг эътиборидан четда қолаётганлиги ачинарли ҳолдир. 
  Катта кўча бўйлаб юрар экансиз, кўча ва пиёдалар учун  йўлакларнинг ўртасида яхши ниятлар билан ажратилган майдон бир неча йиллардан буён ободонлаштирилмасдан пайсалга солиб келинмоқда. Айни пайтда эса ушбу майдонлар кўм-кўк ўтлар билан қопланиб қаровсиз аҳволда ётибди. Бугунги кунда тизза бўйи ўсиб кетган ёввойи ўтларни бемалол ўроқ билан ўриб олса бўлади. Лекин, бу ҳақда ҳеч бир масъул раҳбар ўйлаб ҳам кўргани йўқ. Ахир улар машинадан тушиб, пиёдалар йўлагида юрмагандан кейин, кундан-кунга авж олиб ўсаётган ёввойи ўт-уланларни қаердан ҳам кўришсин? Ваҳоланки, Амир Темур кўчасининг қоқ марказидаги ушбу нохуш манзара айни Лойиш шаҳарчасида жойлашган бир қатор нуфузли ташкилотларда фаолият кўрсатаётган нуфузли раҳбарларнинг нақ тумшуғини тагида ўсиб ётибди. Ёки уларга бу майдонни ободонлаштириш ҳақида юқори ташкилотлардан алоҳида кўрсатма керакми?
   Маҳалла ободлиги - юрт ободлигидир. Шундай экан, ҳар бир маҳалла ва барча ташкилотлар мутасаддилари шаҳар ва қишлоқларимиз ободлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида бор куч-ғайратини, имкониятларини ишга солмоғи керак. Зеро, бу каби бепарволик, ўзибўларчилик, масъулиятсизликни асло кечириб бўлмайди. Биз ушбу ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлардан жавоб кутиб қоламиз. 
                                                                    Ўз мухбиримиз.