Ёз мавсумини бехатар ўтказайлик

Ҳар бир фаслнинг ўзига яраша жозибаси бўлгани сингари, ёзнинг иссиқ тафти ҳам инсонларни соя-салқинлик сари чорлайди. Бунда замонавий совутгич ўрнатилган хонада дам олишга, муздек салқин ичимлик ичишга ёки бўлмаса ҳузурбахш сувда маза қилиб чўмилишга нима етсин.
Бироқ, чўмилишнинг ҳузурбахшлиги билан бир қаторда, ҳар йили дунё бўйлаб 300 минг нафарга яқин инсонлар мана шу ҳузур истагида белгиланмаган жойларда чўмилишлари оқибатида ҳаётдан бевақт кўз юмаётганлиги, ёки бўлмаса ҳар йили кемалар ҳалокатидагига нисбатан чўмилиш учун сувга тушиб чўкиб кетаётганлар сони кўп эканлиги кишини ўйга толдиради.
Бундай вақтларда ҳар бир инсон "сувда чўкиш мен ва менинг яқинларим билан содир бўлмайди"- деган бефарқлик ва бепарволик чулғаган фикрдан бироз чекиниб, ўзи, оила аъзолари ва яқин кишиларини эҳтиёт бўлишга чақириши ва огоҳлантириб туриши унинг кундалик вазифаси эмасмикан деб ўйлайсан киши. Зеро, ҳар бир фуқаро учун фарзандлари бир-биридан азиз, яқин кишилари эса муқаддасдир.
Ёшлар ўртасида юзага келаётган сувдаги ҳалокатларнинг аксарияти уларнинг назоратсиз қолдирилиши ва ўзбошимчаликлари оқибатида содир бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра кейинги 5 йил давомида сувда чўкиб ҳалок бўлган ёшларнинг 95 фоизи ота-оналар томонидан назоратсиз қолдирилганлиги ҳамда ўзбошимчалик билан белгиланмаган ва тақиқланган жойларда чўмилиши оқибатида содир бўлган. Асосан катта ёшдаги фуқароларнинг сувга чўкишларига уларнинг спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, маст ҳолда чўмилиш учун сувга тушишлари сабаб бўлмоқда.
Қайд этилган ҳолатларнинг деярли 99 фоизи белгиланмаган ва чўмилиш рухсат этилмаган жойларда содир  этилган. Бу каби жойларга Оқдарё, Қорадарё дарёлари ва Шахоб канали киради. Мазкур сув объектлари қишлоқ хўжалигида мелиорация тадбирлари учун сув етказиб бериш мақсадида барпо этилган.Бу жойлар чўмилишга мўлжалланмаган. Чунки сув оқими жуда тез, баъзи жойларда кескин, чуқурлик тик ва ботиқ, сувости нотекис ва номаълум, кўриш даражаси жуда паст, қир-ғоқлари беқарор, энг асосийси ёрдам беришга шай турадиган қутқарувчилар ёки қутқарув асбоб-анжомлари билан жиҳозланмаган.
Шу сабабли, бу каби очиқ сув ҳавзалари ҳаётингиз учун хавфлидир. Яна бир нарса, сузишни билиш хавфсизликка кафолат бўла олмайди.
Азиз юртдошлар, сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўкиб ҳалок бўлишлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида қуйидаги оддий қоидаларга амал қилинг: 
*ҳеч қачон белгиланмаган жойларда (дарё, сой, кўл, сув омбори, канал ва ариқ) чўмилманг;
*"Чўмилиш тақиқланади" махсус белгиларига қатъий амал қилинг;
*ёзги таътил даврида ўсмирларни белгиланмаган жойларга чўмилишга боришларига йўл қўйманг;
*ёш болаларни назоратсиз қолдирманг;
*спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, чўмилишга борманг;
*фақатгина чўмилиш рухсат этилган махсус сув ҳавзаларида чўмилинг.
Хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш фақат Сизнинг саломатлигингиз ва ҳаётингиз кафолати эканлигини унутманг!
Н.САЙДАНОВ,
туман ФВБ ФВДТ ва ФМ ФТХТ 
     бўлинмаси бошлиғи, катта 
                                       лейтенант.    
Мавзуга оид: