Узумчилик ташкил этиш учун яратиб берилган имкониятлар

Узумчилик бу - халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади. Узум халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган. Шу сабабдан ҳар бир кўчада, хонадонда ток ўстирилган. Ҳусайни, тойфи, ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларимизнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган.Узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Масалан, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Шунингдек, узум данагидан олинадиган ёғ ҳам жаҳон бозорида юқори баҳоланади. Яна бир муҳим жиҳати, 1 гектар ғалла майдонида 2 киши ишлаб, кўпи билан 20 миллион сўмлик маҳсулот етиштирилса, узумчиликда, айниқса, шпалер усулида 10 нафаргача аҳолини иш билан таъминлаб, 300 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда ўртача 25 минг долларлик экспорт қилиш мумкин.
Мамлакатимизда узумчиликни янада ривожлантириш, узум етиштириш, уни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича кластер тизимини йўлга қўйиш, алькогол бозорини тартибга солишнинг самарали механизмларини кенг жорий этган ҳолда республикани сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, соҳанинг экспорт салоҳиятини кучайтириш, инвестицион жозибадорлигини ошириш, шунингдек, виночилик туризмини (энотуризм) ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 28 июлдаги ПҚ-5200-сон "Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди. Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари (суғориладиган ва суғорилмайдиган (лалми) ерлар) токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш учун очиқ танлов асосида ижарага берилиши, ер участкалари очиқ танлов натижаларига кўра 30 йил муддатга ижарага берилиши, очиқ танлов асосида ижарага олинган ер участкаларидан фақат токзорлар барпо этиш ва узумчиликни ривожлантириш мақсадида фойдаланилиши белгиланган. Бундан ташқари, ташаббускорларга ажратилган майдонда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тавсиялари асосида сертификатланган ток кўчатларини экиш ва сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳамда ўсимликларни ҳимоя қилиш борасидаги ваколатли орган тавсиялари асосида ишни ташкил этиш мажбурияти юкланади, очиқ танловга ер участкалари деҳқон хўжаликлари ташкил этган ҳолда токзорлар барпо этиш учун 0,06-1 гектар ўлчамларда, яхлит контурда йирик токзорлар барпо этиш учун 1-30 гектар ўлчамларда чиқарилади. 
Узумчиликка солиқ ва божхона имтиёзлари ҳам берилган. Жумладан, 2022 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ишлаб чиқарилган узум ва мева-резаворлардан тайёрланган табиий равишда ачитилган табиий вино (этил спирти қўшилмаган ҳолда) ва кўпикланадиган винонинг 1 далига аксиз солиғи 1 сўм этиб белгиланади. 2021 йил 1 августдан 2024 йил 1 январгача бўлган муддатда импорт қилинаётган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган узумчилик ва виночилик соҳасида қўлланадиган хомашё, ускуналар, махсус техникалар, эҳтиёт қисмлар, шунингдек, эман бочкалар ва зангламайдиган сиғимлар ҳамда уларнинг бутловчи қисмлари  божхона божидан озод этилади.  
2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба узумчилик йўналишида "Энг яхши узум нави", "Энг яхши интенсив токзор", "Энг яхши маҳаллий узум нави", "Энг яхши вино маҳсулоти" каби номинацияларда ўтказиладиган республика кўрик танлови таъсис этилади. Кўрик танлов ғолибларини пул мукофоти ва бошқа эсдалик совғалар билан тақдирлаш Агентлик, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгашининг     бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.
Узумчлик давлат сиёсатида тадбиркорлик соҳаси бўйича ўз ўрнига эга ва бу соҳа қонун ҳимоясидадир.

И.УМАРОВ,

туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси. 

Мавзуга оид: