ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШ ОСОН ЭМАС

Журналистлар жамиятимизда рўй бераётган воқеликка теран кўз билан боқиб, уни ўз ҳаёти ва турмуши билан чамбарчас тасаввур этиб фикрлайдиган жонкуяр инсонлар, қалби қайноқ кишилардир. Яратувчанлик ва фаровонликни ҳар қадамда таъмин этиш учун зарур бўлган давлат бошқаруви ҳамда халқ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни айнан мана шу касб эгаларидаги жонкуярлик тимсолида кўрамиз. Зеро, жамиятимизда рўёбга чиқарилаётган ҳар бир вазифа ижросида, бартараф этилган муаммолар ечимида журналистларнинг ўзига хос муносиб ҳиссаси борлигини халқимиз яхши билади. 
Ўзининг бутун умрини журналистикага бағишлаган, шу касби орқали халқимизнинг оғирини енгил қилиш, узоғини яқин қилишдек масъулиятли вазифасини сидқидилдан адо этиб келаётган, айниқса, туманимиз тараққиётига тўсиқ бўладиган салбий ҳолатларга нисбатан муросасиз кураш олиб борадиган, ҳаётини хавф остида қолдириб бўлсада, ана шу иллатларни ўзининг ўткир қалами, қатъий иродаси, билим ва салоҳияти билан фош қила оладиган фидойи журналист - Йўлчи Муҳаммадиев ана шундай ҳамкасбларимиздан биридир. Зеро, ҳамма даврларда ҳам журналистларга осон бўлмаган.    
Йўлчи Муҳаммадиев 1973 йилдан "Оқдарё овози" газетасида мухбир, қишлоқ хўжалиги бўлими мудири, масъул котиб вазифаларида фаолият юритган.
Уч қисмдан иборат "Оқдарё фарзандлари" китоби, икки қисмдан иборат "Оқдарё баёзи" тўплами, "Қайтиш" ҳикоялар тўпламининг муаллифидир. "Йилнинг энг фаол журналисти" Республика танловининг (2011) ғолиби.
Йўлчи Муҳаммадиев - Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси, "Оқдарё овози" газетаси бош муҳаррири, тумандаги маънавий-маърифий жараённинг фаол жонкуярларидан бири. Ҳикоялари вилоят ва республика нашрларида чоп этилган.
Муштарийларимизга яхши маълумки, "Оқдарё овози" газетасининг 2021 йил апрель ойидан бошлаб Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Йўлчи Муҳаммадиевнинг "Туҳмат гирдобида" деб номланган қиссаси эълон қилинган эди. Кўпчилик муштарийларнинг истаклари асосида муаллиф асарни қайта ишлаб китоб ҳолига келтирди. Яқинда Тошкентдаги "Ҳилол медиа" нашриёти томонидан асар "Туҳмат гирдоби" номи билан нашр этилди. Шунингдек, китобдан муаллифнинг турли йилларда ёзилган ҳикоялари ҳам ўрин олган.
"Туҳмат гирдоби" китобини ўқир экансиз, муаллиф турли йиллар давомида ўзи гувоҳ бўлган воқеа-ҳодисаларни қаламга олиб, бадиий буёқлар асосида очиб берганлигига, охир-оқибат барибир ҳақиқат қарор топиши муқаррар эканлигига ишонасиз. Китобни мутолаа қилган ҳар бир киши жамиятдаги разилликларга муросасиз бўлади, адолат сари интилади, талпинади, яқинларини ҳам шунга чорлайди. 
Жорий йилнинг 20 декабрь куни туман ҳокимлигида Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг аъзоси, "Йилнинг энг фаол журналисти" республика танловининг ғолиби, "Оқдарё овози" газетасининг бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиевнинг "Туҳмат гирдоби" китобининг тақдимоти ўтказилди.
Китоб тақдимотида туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар, ижодкорлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этдилар. Тадбирда туман ҳокими Нажмиддин Сулаймонов сўзга чиқиб, муаллифнинг туманимиз равнақи, халқ фаровонлиги йўлида самарали меҳнат қилиб келаётганлигини ҳамда мазкур асар адибнинг серқирра ижод соҳиби эканлигидан далолатлигини таъкидлади. 
Шундан сўнг сўзга чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси, туманимиз шоираси, "Оқдарё овози" газетаси қошидаги "Навниҳол" ижодий клубининг раҳбари Ойгул Маматова, Оқдарё туманидан икки марта Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутат этиб сайланган Мажидхон Усмонов, меҳнат фахрийларидан Собир Амиров ва бошқалар китоб ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Шунингдек, тадбирда иштирок этган бир қатор ижодкорлар ва тарғиботчилар ҳам китобнинг бугунги авлод тарбияси учун муҳим аҳамиятли эканлиги ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Тадбирда бир гуруҳ фаол ижодкорларга "Туҳмат гирдоби" китоби тантанали равишда топширилди. Туман ҳокимлиги томонидан барча таълим масканларида китоб тақдимоти ўтказилиши режалаштирилди. 
Янги йил байрами арафасида ўтказилган янги китоб тақдимотининг ғоят мазмунли ва кўтаринки руҳда ўтишида туман маданият уйи қошида ташкил этилган "Тарона" халқ ансамбли санъаткорларининг ҳам ҳиссалари салмоқли бўлди. 
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
            махсус мухбиримиз.
Мавзуга оид: