ҚОРАТЕРИ ҚИШЛОҒИНИНГ КЕЧАСИ ВА БУГУНИ

Ҳар бир инсон учун ўз ота-онасидан сўнг унга таълим ва тарбия берган устозларини ёдга олади. Шундай экан, мен ҳам энг аввало бизга таълим-тарбия берган биринчи устозларим - Эргаш Исломов (охиратлари обод бўлсин) ва Нарзи Бўлтаковаларнинг номини юксак ҳурмат билан тилга оламан. Устозим Нарзи Бўлтакова ҳозирги кунда кексалик гаштини суриб, юз ёшни қарши олмоқдалар. У киши ўзининг бутун умрини ёшларга билим беришга сарфлади. Шу устозимга ҳавас қилиб мен ҳам устозлик касбини танладим. Бизларга ўша пайтларда таълим бериб, ҳозирги кунда орамизда йўқ фидойи устозлардан Очилов Ҳайдар, Юлдашев Файзи, Бўлтакова Қумри, ўозиев Бобохон, Кенжаева Ширин, Чорақулов Амриддинларни руҳлари шод бўлсин. Шу устозларнинг шогирдлари бўлмиш Солиева Ҳусния, Мамадиёрова Гулбаҳор, Усмонова Мукаррам, Жўрабоева Мавжуда, Маҳмудова Мавлуда, Асророва Марҳабо, Мавлонова Моҳира, Лапасова Бонат ва бошқа кўплаб устозлар ҳам ёшларга таълим-тарбия бериб, ҳозирда кексалик гаштини сурмоқдалар.

Ҳозирги кунда ҳам биз фахр билан тилга олаётган туманимиздаги 33-мактабда фидойи устозлардан бўлган Ражабова Жамила, Файзиева Холида, Ҳусанова Кибриё, Атамуродова Гулшод, Хатамов Сухроб ва бошқа устозлар ўқувчиларга таълим-тарбия бериб келмоқдалар. Юқорида номлари келтирилган устозларнинг шогирдлари бугунги кунда жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатишмоқда. Булардан Маматқулов Санжар, Маматқулов Элдорлар таржимонлик фаолиятини юритиб келмоқда. Ака-ука Маматқуловлар бир неча йиллардан буён шу мактабга чет эллик сайёҳларни олиб келиб, мактаб ҳаёти билан таништириб, ўқувчилар билан ўзаро мулоқот қилдиришмоқда. Болалар ва набираларимиз чет элликлар билан бемалол мулоқот қилмоқдалар. Шу мактаб ўқувчиси  Ўсаров Оламгир ҳам таржимонлик билан шуғулланиб, Италия давлатининг нуфузли Университетида магистратурада таълимни давом эттирмоқда. 

Биз ўқиган пайтларда мана шундай шароитли мактаб ва спорт заллари йўқ эди. Беҳисоб шукурлар бўлсинки, Президентимизга раҳматлар айтамиз. Ҳозирги кунда мактаб директори лавозимида ишлаётган Дониёр Исломовнинг саъй-ҳаракатлари билан мактабда ҳамма талабларга жавоб берадиган спорт зали қурилди. Шунинг натижасида қишлоқда болаларнинг спортга қизиқишлари ортиб, турли тўгаракларга қатнашиб келмоқдалар. Жумладан Тангриев Алишер   ташкил этган спорт тўгарагига кўпгин болалар қатнашиб, туман, вилоят мусобақаларида  фахрли ўринларни эгаллаб келмоқдалар.

Мактабимизда жисмоний тарбия фанидан Атамуродов Ҳиммат ва Қўзиев Илҳом фаолият юритади. Спорт тўгараклари мунтазам ишлайди. Ўқувчиларимиз туман, вилоят миқ-ёсидаги спорт мусобақаларида ғолибликни қўлга киритмоқдалар. Туманда енгил атлетикадан Қамариддинов Асадбек ўрта масофа ва узоқ масофага югуриш бўйича фахрли биринчи ўринни эгаллади. Аралаш жанг бўйича ўқувчиларимиздан Каримов Синдор, Бахтиёров Шаҳриёрлар вилоятда фахрли ўринларни эгалладилар. Мактабнинг мусиқа ўқитувчиси Облоқулов Норбойни шогирдлари Сайдуллаева Сабрина ва Сайдуллаева Дилоромлар вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритдилар. Тасвирий санъат фани ўқитувчиси Гулшод Атамуродованинг шогирди Нозима Шарипова ҳам туман миқёсида биринчи ўринни эгаллаб, вилоят босқичида фахрли ўринни эгаллади. 

33-мактаб биносининг атрофлари ободонлаштирилган, турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Жорий йилда ҳам икки юз туп дарахт кўчати экилди. Шу ерда фаолият юритаётган устозларнинг саъй-ҳаракатлари билан мактаб биносининг орқа томонидаги ариқнинг четлари бетонлаштирилди.

1994 йилда Қоратери қишлоғи колхоз раиси Шуҳрат Негматов ташаббуси билан газлаштирилди ва қишлоқ аҳлини ҳурматига сазовор бўлган. Қишлоқни газлаштиришда фидойи инсонлардан Қозоқов Исмоил, Ўринов Усмон, Солиев Саидаҳмад, Номозов Элмурод, Ширинов Мақсуд, Примқулов Барот, Қурбонов Ўктам боболар ҳам жонбозлик кўрсатишган эди. У кишиларнинг охиратлари обод бўлсин. Ўша вақтларда газлаштиришда жонбозлик кўрсатган инсонлар Абдиев Толмас, Мамасодиқов Абдусаид, Эргашов   Асли, Ўринов Обид, Ибрагимов Умурзоқ, Даминов Соибназарлар ҳозирги кунда ҳам қишлоғимизнинг обод бўлишига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. 

2006 йилдан сўнг қишлоқда номаълум сабабларга кўра газ узиб ташланди. Ҳозирги кунда қишлоқ аҳолиси суюлтирилган газ баллонлар билан таъминланган. Лекин, ҳамон табиий газ умиди билан яшаб келмоқдамиз. Негаки, қишлоғимиз кексалари, яъни бизлар табиий газни кўрдик. Биздан кейин набираларимиз ҳам табиий газни кўрармикан, деб умид билан яшаб келмоқдамиз. 

Шу колхозга раис қилиб тайинланган Маматмуродов Ҳазратни хизматларини ҳам алоҳида айтиб ўтиш жоиздир. У киши доимо қишлоқ аҳлини дардига қулоқ тутган. Тўй ва маросимларида бош бўлиб, харажатларини қоплаб берган. Мустақиллик йилларида қишлоқда катта ўзгаришлар бўлган. Биринчилардан бўлиб Ортиқов Самад қишлоқнинг қаровсиз жойидан тўйхона қурди. Мана шу тўйхонанинг қўли ширин ошпазларидан Исмоилов Рамиш ва Эшмуродова Озодалар  халқимизга беминат ёрдам қилиб келмоқдалар. 2020 йилда Сайдаҳмедов Суннат томонидан бир бино қурилиб, халқимиз хизматига берилди. Бу бинода тўйхона, дорихона, сартарошхона ва озиқ-овқат дўконлари бор. Қишлоғимизда 40 йилдан буён Одил Ашуров гўшт дўконида фаолият юритиб келмоқда. Гўшт дўкони замон талаби даражасида, гўштлари ҳалол, нархлари яхши. 

Қишлоғимизнинг кўчаларини чароғон қилган инсонлар ҳам бор. Булар Бўлаков Фур-қат ва Норқўзиев Зафарлардир. Мактабнинг ён томонидан катта кўчагача чиқиш жойи қишда лой ва ёзда чанг кўчани 110 метр, эни 7,5 метр йўл бетонлаштирилди. Ушбу йўл шу қишлоқда туғилган Бобоқулова Холида онахоннинг набираси Нажмиддинов Низомиддин томонидан бетонлаштирилди. Қишлоқ аҳли у кишидан миннатдор бўлишди. Ҳозирги кунда Гўзалкент МФЙ раиси саъй-ҳаракати билан қишлоқнинг мактаб томонидаги кўчаларга ичимлик суви  ўтказилди. Тендердан ютиб олган ердан қишлоғимиз  болалари учун икки қаватли боғча қурилиб, 2024 йил ишга туширилиши мўлжалланган. 

Хулоса қилиб айтганда, Қоратери қишлоғида шундай фидойи инсонларимиз бор экан, унинг эртанги куни бугунгидан ҳам фаровон бўлишига ишончимиз комил. 

Абдусаид    МамасодиҚов,

Халқ таълими фахрийси.

Мавзуга оид: