"Оқдарё овози" бонг уради ЛОЙИШДАГИ ТАРТИБСИЗЛИКЛАРНИ КИМ НАЗОРАТ ҚИЛАДИ?

Кейинги йилларда аҳолининг автотранспортга бўлган эҳтиёжи ва қизиқиши ортиб бораётганлиги боис туман марказининг шоҳ кўчаси ҳисобланган Амир Темур кўчаси талаблар даражасида кенгайтирилиб, қиёфаси ҳам кундан кунга ўзгариб бораётганлигидан халқимиз мамнун бўлишмоқда. Шунингдек, туман маркази ва маҳаллалардаги аксарият кўчалар асфальтланиб, ушбу кўчаларда пиёдалар учун алоҳида йўлаклар, "Саломатлик йўлаклари"нинг ташкил этилганлиги барчага манзур бўлаётир. Негаки, ушбу йўлаклар аҳолига қулай шарт-шароит яратиши билан бир қаторда уларнинг саломатликларини тиклашда ҳам яқиндан ёрдам бераётганлиги қувончли ҳолдир.
Лекин минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда  Лойишнинг қоқ маркази бўлган "Оқдарё бозори"га кираверишдаги кўча ва йўлаклардаги тартибсизликлар аҳолининг қатъий эътирозига сабаб бўлаяпти. Негаки, турли хил савдо расталари, озиқ-овқат ва мева-сабзавотлар, полиз маҳсулотлари савдосининг марказий кўча ва йўлаклар бўйлаб ташкил қилинаётганлиги турли хил тартибсизликларни келтириб чиқармоқда. Жумладан, йўловчилар учун ажратилган йўлаклар доимий равишда "Такси" ҳайдовчиларнинг транспорт воситалари билан банд бўлганлиги боис пиёдалар савдо шахобчалари бўйлаб юришга мажбур бўлишаяпти.
Савдо ва ошхона шахобчалари бўйлаб кетар экансиз, куннинг жазирама иссиғида кўча юзидаги кўргазмага очиқ ҳолатда чиқариб қўйилган турли хил гўшт маҳсулотларини кўриб ҳайрон қоласан киши. Ахир, ана шундай ноқулай шароитда тайёрланган кабоб, сомса, манти, чучвара ва бошқа озиқ-овқатларнинг сифатига ким кафолат беради? Бу каби озиқ-овқат маҳсулотларининг 30-40 даражадаги иссиқликда очиқ ҳавода туриши санитария ва гигиена талабларига зид эканлигини ҳамма яхши билади-ку. Ана шу каби ошхоналардан чиқаётган ҳар хил ёғ ва тутун ҳидларига эса чидаб бўлмайди. Лекин, йўлакларга сиғмаган бечора одамлар мана шу ёғ ва тутун ҳидларини ҳидлаб ўтишга мажбур бўлишаётир. Айниқса, ёзнинг иссиқ жазирама кунларида сифати тез бузулувчи озиқ-овқат маҳсулотларини кўча-куйда реклама қилиш учун очиқ ҳолатда чиқариб қўйилиши ёки йўловчиларнинг ёғ ва тутун ҳидини ҳидлаб ўтиши ҳақиқатга тўғри келадими? Наҳотки, бу ҳолатга чек қўйиб бўлмаса? Ушбу соҳага тегишли бўлган мутасадди ташкилотлар бундай нохуш ҳолатларни кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олаётганликларини асло кечириб бўлмайди. Ахир, уларнинг бу каби эътиборсизликлари, сансалорликлари юзлаб, минглаб кишиларнинг соғлигига, ҳаётига хавф солишини яна бир бор эслатиб ўтиш лозим.  
Бозор атрофидаги кўчанинг икки ён томонларида   автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриши ва бу тирбандлик натижасида турли хил тартибсизликлар юзага келаётганлиги яна бир муаммодир. Тўғри, бозор яқинида автотранспорт воситалари учун ўтган йили автотураргоҳ қурилди. Лекин ушбу автотураргоҳ айни пайтда савдо расталари билан банд этилганлигини қандай баҳолаш мумкин? 
"Ўзбекистон" МФЙдаги қишлоқларга борувчи "Ўзбекистон" кўчасидаги тирбандлик эса ҳаммасидан ошиб тушади. Кўчанинг икки томонида икки қатор бўлиб жойлашган турнақатор машиналар йўловчилар учун ҳам, йўлдан ўтаётган автотранспорт воситалари учун ҳам ниҳоятда хавфли вазиятларни юзага келтирмоқда. Машиналар кўплигидан йўлнинг у томонига ҳам, бу томонига ҳам ўтиш амримаҳол. Лоф бўлса ҳам, йўловчилар қадамини қаерга босишни билмай эсанкираб қолишмоқда. Эрталабдан кечга қадар бу кўчани эгаллаб олган "таксичи" машиналар эса йўлни сира бўшатишмайди. Бу ердаги тартибсизликларни ким бартараф этади? Лойишнинг эгаси борми ўзи?
Бозор атрофидаги турли хил тадбиркорлик шахобчаларининг бу каби тартибсизликлари, машиналар тирбандлиги ҳақидаги муаммолар юзасидан газетамиз саҳифаларида кўплаб танқидий мақолалар чоп этилган эди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш ҳақида тегишли ташкилот мутасаддиларига ҳам бир неча маротаба мурожаатлар қилдик. Минг афсуски, туманимиз марказидаги бундай нохуш ҳолатлар ҳамон давом этиб келмоқда. Бу эса айрим мутасадди ташкилотларнинг ўз ишига панжа орасидан қараётганлиги ҳамда инсонлар ҳаётига бефарқ эканлигини англатади. Шундай эмасми, ҳурматли мутасаддилар?!   
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
 "Оқдарё овози" газетасининг 
махсус мухбири.