Аҳоли пунктларини ободонлаштиришда нималарга эътибор бериш керак?

Кейинги йилларда туманимизнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, замон талабларига мос қатор турар жой бинолари, маъмурий ва маданий-маиший иншоотлар, янги хиёбон, дам олиш жойлари ҳамда кўплаб муассасалар бунёд этилмоқда. Aҳоли пунктларининг чиройи, ободонлаштирилганлиги ва яшил либоси ўзига нисбатан эътибор ва катта ғамхўрлик билан қарашни тақозо этади. Яшаб турган маконни янада гўзал, ораста, кўкаламзор, мафтункор бўлиши йўлида ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшишга ҳаракат қилиши лозим.
Озодалик ва тартибни сақлаш, кўкаламзорлаштириш, ободонлаштириш ишларини янада яхшилаш, ҳар бир бино, иншоот ва уй-жойларни талаб даражасида сақлаш олдимизда турган асосий устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади.
Туманимизни ҳамиша озода ва саранжом-саришта тутиш мақсадида ҳар шанба Тозалик соатлари ўтказишини белгилаш ва бунда барча корхоналар, ташкилотлар, муассасалар, савдо объектлари умумий овқатланиш, маиший хизмат, транспорт корхоналари, ўқув муассасалари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, маҳалла фаоллари, бутун аҳоли ўз теварак-атрофидаги ҳудудларни тозалашлари ҳамда довдарахтларни парвариш қилиб боришлари шарт.
Aҳоли пунктларини сақлашга доир талаблар:
- туман ҳудудидаги барча жисмоний ва юридик шахслар тозаликка ва тартиб-интизомга риоя қилишлари шарт;
- йиғилган чиқиндиларни махсус ажратилган жойларга вақтида чиқариб ташлашни таъминлаш;
- бинонинг асфальт кўчагача ёки асфальтланмаган кўчанинг ўртасигача, кўприкларни, ариқларни йўлка ва йўлакларни, гулзорларни тозалаш;
- кўча ҳудудида ёки йўлнинг бошқа жойларидаги ташлаб кетилган ҳайвонларнинг жасадини олиб ташлаш;
- корхона бинолари ва уйларни саранжом-саришта тутиш, ўз вақтида таъмирлаб туриш, биноларнинг фасад қисмини бўяш;
- корхоналарнинг ҳудудлларида махсус ажратилган жойларда чиқинди йиғиш қутиларини ўрнатиш, чиқинди йиғиш қутиларини қиш ойларида 3 кунда, ёз ойларида эса ҳар куни бир маротаба тозаланиши керак;
- ҳар бир бино ва уйнинг кўча томонида ариқ ёки бетонли ариқлар кўриб оқава сувлари тўсиқсиз оқиб ўтишини, мавжуд ариқларнинг эса озода сақлашини таминлаш;
- савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, шу жумладан, дорихоналар ўз объектларини фасад қисмини, теварак-атрофларини тоза ва тартибли бўлишларини таъминлашлари шарт, ноқонуний эълонларни жойлаштириш тақиқланади.
Aҳоли пунктларида қуйидагилар маън этилади:
- кўчалар, йўллар, майдонлар, йўлкалар, кўприклар, сув ҳавзалари, боғлар ва хиёбонларга барча турдаги чиқиндиларни ва оқава-ювинди сувларини ташлаш;
- уйлар ҳамда жамоат жойларининг олд томонларига яшил тўсиқдан ташқари ҳар қандай тўсиқлар ўрнатиш;
- кўча томонга қаратилган балконларга ҳар-хил рўзғор буюмларини илиш ва қўйиш;
- кийим-кечак, гилам, кўрпа-тўшак сингари буюмларни рухсат этилмаган жойларда ювиш, қуритиш, тозалаш ва чангини қоқиш;
- белгиланмаган жойларда эълон, ахборот ва рекламаларни ёпиштириш, бинолар фасадига ноқонуний ахборот ва реклама воситаларини жойлаштириш;
- ариқларга ҳовузлар қазиш, ҳар хил тўсиқлар ташлаш, уларга турли паррандаларни қўйиб юбориш, кир ювиш, мағзава оқизиш, уй ҳайвонларини чўмилтириш ва ҳайвонлар жасадини ҳамда турли хилдаги чиқиндиларни ташлаш;
- кўчалар, боғлар, майдонлар ва ҳовлиларда супуринди ва хазонларни ёқиш;
- кўча ва йўлакларни қазиш, ғишт қуйиш ва қурилиш материалларини уйиб қўйиш;
- сув сепмасдан кўча, тротуар ва ҳовлиларни супуриш;
- белгиланмаган жойларда, норасмий равишда озиқ-овқат ва саноат моллари, уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак ва пойабзал сотиш;
- фуқаролар томонидан ноқонуний равишда озиқ-овқатлар (таомлар,салқин ичимликлар ва ҳоказо) сотиш;
Савдо, умумий овқатланиш корхоналари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўчалар, майдонлар ва йўлкаларда саноат моллари, сабзавот-мева ва бошқа турдаги озиқ-ов-қат маҳсулотларини сотиш ташкил қилинганида, ҳокимлик томонидан расмийлаштирилган тегишли рухсатнома бўлиши ҳамда санитария-гигиена ва савдо қоидаларига қатъий риоя қилиши керак.
Муҳиддин ШАРИПОВ,
туман СЭО ва ЖС бўлими 
жамоатчилик билан ишлаш 
бўлими мудири.