Дўст ачитиб айтади...

Бугуннинг гапи

ЙЎЛОВЧИГА ЙЎЛ ҚАЙҒУ ОШПАЗЛАРГА НЕ ҚАЙҒУ?

  Лойиш кўчаларидаги тартибсизликларга ким эътибор беради?

Ростини айтганда, туманимиз маркази бўлган Лойишнинг шоҳ кўчаси ҳисобланмиш Амир Темур кўчаси ҳар томонлама  кенгайтирилиб, транспорт воситалари ва йўловчилар учун етарли даражада шарт-шароитлар яратиб берилганлигидан  катта-ю кичикнинг боши осмонга етди. Негаки, бу албатта, бир томондан халқимиз, транспорт воситалари қатнови учун ҳам катта қулайлик бўлса, иккинчи томондан шаҳарчамизнинг қиёфаси замонавийлашиб, кўркига кўрк қўшилгандек бўлди. Ахир, кундуз куни кенг ва равон кўчалар, кечаси эса ёп- ёруғ йўлларда юриб қувонмай бўладими? Айниқса, пиёдалар учун мўлжалланган йўлакларни айтмайсизми...

  Минг афсуски, йўлаклар ҳақида гап кетганда, қувонишни ҳам, куюнишни ҳам билмайсан киши. Чунки бу борада  кундан кунга ҳақли эътироз ва норозиликлар кўпайиб бормоқда. 

   Дарҳақиқат, шундай. Лойиш кўчаларини кезар экансиз, кўпгина хусусий дўконлар, тадбиркорлик объектлари йўлакларни ҳам ўзиники қилиб олгандек гўё ўзларининг реклама ва эълонларини тўғридан тўғри одамлар қатнайдиган йўлакнинг қоқ ўртасига қўйишмоқда. Йўлакда тўхтаб турган машиналардан бир амаллаб ўтиб олсангиз, баъзида оёғингиз тагида қулаб ётган ёки одамларнинг ғашига тегадиган турли хил хато ва камчиликлардан иборат ёзув ва рекламалардан дилингиз хуноб бўлади. Йил давомида давлат тили қонун-қоидаларига зид бўлган ёзувлар акс эттирилган танқидий мақолаларни газетамиз саҳифаларида доимий равишда бериб бормоқдамиз. Уларнинг кўпчилик қисми тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан олиб ташланган ёки янгиланган бўлсада, минг афсуски, ҳамон бу борадаги хато ва камчиликлардан халос бўла олганимиз йўқ. Шундай бўлмаганда эди қарийб 2 йил илгари газетамиз саҳифаларида эълон қилинган танқидий мақолада ёритилган дўкон пешлавҳасидаги хатолар тўғриланган бўлар эди. Лойишнинг қоқ марказида жойлашган ушбу “Автоэҳтиёж қисмлар” дўконида (“Avto extiyoj qisimlar”) тарзида саводсизларча ёзилиб, хатоликка йўл қўйилганлиги кечириб бўлмас ҳолатдир. Лекин бунга дўкон эгаси бўлмиш тадбиркор ҳам, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳам парво қилишганлари йўқ. Эски “Ягона дарча” биносидаги “Оқдарё тумани”деб ёзилган ёзувни ўқиб эса бу ёзув нимани англатишини тушунмасдан янада таажжубланасан киши.

   Лойишнинг қоқ марказида жойлашган “Бустон кафе” деб номланган ошхонадаги ёзув давлат тили талабига жавоб бермайди. Бу масканда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар пиёдалар юришига мўлжалланган йўлакни палов, сомса пиширадиган кўчма ошхона қилиб олишганлигини қандай изоҳлаш мумкин? Баъзи кунларида эса санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган қўл ювиш мосламаларини ҳам йўлакнинг ўртасига қўйишмоқда. Йўлакдан ўтар экансиз, ошхонага ташриф этган мижозлар учун кўчанинг ўзидаёқ қўлларини ювиб, бира тўла шу ернинг ўзида паловни ҳам сузиб, сомсани ҳам узиб беришаётганлигига нима дейсиз? Йўлакдан бир амаллаб ўтиб олишга ҳаракат қилаётган йўловчи яна бир қизиқ манзарага - шу бинонинг бурчагида жойлашган муъжазгина сартарошхонага кўзи тушмай иложи йўқ. Негаки, сартарошлар ишлатилган сочиқларини шундоққина кўчага қаратиб илиб қўйишади. Шунингдек, “Сартарошхона”деган рекламаларини ҳам йўлакка қўйишиб, йўловчиларга ноқулайлик туғдиришмоқда. Мана сизга тадбиркорлигу мана сизга маданият. 

   Йўлак бўйлаб 100 метр нари юрсангиз яна  бир катта бинога дуч келасиз, бу бинонинг на номи бор, на ёзуви ва  на ҳусну таровати борлигига ҳайрон қоласиз. Лекин бу ерда фаолият юритаётган айрим маиший хизмат соҳаси вакиллари бу ҳолатга кўникиб қолишганга ўхшайди. Шундай бўлмаганда, бир вақтлар тумандошларимизга “Маиший хизмат уйи” ёки “Дом быта” деган ном билан яхши таниш бўлган бу маскан биносининг пештоқида номи ёзилган, турли замонавий маиший хизмат соҳалари бўйича аҳолига намунали хизмат кўрсатилган бўлар эди-да. Аксинча, ҳувуллаб ётган бу бинонинг ичкарисига кирсангиз, гўёки эгалари кўчиб кетган уйга ўхшайди ёки бошқа бир  даврга бориб қолгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Айни пайтда халқимиз бу бинони фақат “Сартарошхона” сифатида билишади, холос. Тўғри-да, бу бинода бошқа бир хизмат турининг йўқлиги туфайли ҳам халқимиз анча йилдирки, унинг номини ҳам унутиб қўйишган бўлса ажаб эмас. Бу соҳага тегишли бўлган мутасаддилар эса бепарволикка берилмасдан, халқимизга ҳар томонлама қулай ва замонавий усулдаги маиший хизмат кўрсатиш ҳақида бош қотиришса, айни муддао бўлар эди. 

   Шу тариқа йўлак бўйлаб Лойиш деҳқон бозорига томон юрар экансиз, энг аввало киракашлик билан шуғулланувчи таксиларнинг тартибсизлиги, тирбандлигидан дилингиз хуноб бўлади. Минг афсуски, бу каби ачинарли аҳволга йўллар тор пайтида ҳам, йўллар кенгайтирилганда ҳам барҳам берилмади.(расм). Бу ҳолат бир томондан йўловчиларнинг қатновига халақит бериб ғашига тегса, иккинчи томондан турли хил транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабабчи бўлиши ҳақида тегишли масъуллар қачон ўйлаб кўришар  ва бу муаммонинг ечимини топишар экан!

   Лойиш деҳқон бозори атрофида фаолият кўрсатаётган ошхоналардаги тартибсизликларни эса санаб адоғига ета олмайсиз. Ошпазлар бу ердаги йўлларни “ошхона” қилиб олишган, йўлакларда очиқ ҳолатда гўштдан тайёрланган ярим тайёр маҳсулотларни очиқ ҳолатда кўргазма қилиб қўйишганлиги етмагандек, устига устак айрим маданиятсиз тадбиркорлар йўлнинг устида тутунини бурқситиб, кабоб пишириш билан овора, уларга қанча кўп мижоз келса, шунча яхши, пичоғи ёғ устида, бошқаси билан иши йўқ. Рост-да энг серқатноқ кўчада, одамлар тинимсиз ўтиб-қайтаётган йўлаклар бўйлаб очиқ ҳолатда турган озиқ-овқатлар санитария талабига мутлақо зид бўлса, бир томондан кабоблардан чиқаётган тутун одамларнинг соғлигига таъсир қилади. Бу борада эса инсон саломатлигининг посбонлари бўлган туман санитария ва эпидемиология маркази ходимлари йил давомида рейдлар ўтказишиб, тадбиркорлар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришиб, йилнинг тўрт фаслида ҳам давом этаётган бу антисанитария ҳолатига чек қўйишлари керак. Ахир инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, уни асраб-авайлаш айниқса, бугунги таҳликали дамларда ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифа-ку. Сиз бунга нима дейсиз, мутасадди ташкилотларнинг масъул раҳбарлари?

                                                               Кенжа БОТИР.

Мавзуга оид: