Aҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишиш босқичлари

Aҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишиш босқичлари
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумот узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор ҳисобланади.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йил 10 июндаги “2020-йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюциясига таяниб, аъзо-давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказишни қатъий даъват этади.
Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барча аҳолига тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил қилиш ва эълон қилишнинг ягона жараёнини ўз ичига олиб, аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи ҳисобланади ва у келгуси 10 — 30 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам кўрсатиш бўйича сиёсий ва бошқарув қарорларини қабул қилиш учун зарур маълумотларни олиш имконини беради. У аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш, шунингдек, аниқ белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлашнинг универсал усулини ишга солган ҳолда расмий статистика тизимида асосий рол ўйнайди.
Аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш бўйича халқаро тавсиялар ва хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишишлари уч босқични ўз ичига олиб, уларнинг доирасида тадбирлар ҳам босқичма-босқич, ҳам бир вақтнинг ўзида ўтказилиши белгиланган.
Биринчи босқичда (3 йилга яқин даврда) аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш, ўтказиш тамойиллари, услуби асослари ва молиялаштириш манбаларини аниқлаш масалаларини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқилади. Синов асосида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни ташкил этиш, унинг натижаларини таҳлил қилиш ва методологик ҳужжатларни такомиллаштириш, хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини ва ташкилий режаларини тузиш, замонавий хариталаш технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, унинг ўтказилишини назорат қилиш, якуний натижаларни олиш ва тақдим этишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш, ахборот-тушунтириш ишларини ўтказиш, рўйхатга олиш варақаларини ва бошқа ҳужжатларни чоп этиш, моддий-техника таъминоти воситаларини тайёрлаш ва (ёки) харид қилиш, шунингдек, уларни рўйхатга олиш участкаларига етказиш, рўйхатга олиш участкаларини бино, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминлаш, рўйхатга олиш тадбирида иштирок этувчи вақтинчалик ходимларни ўқитиш, аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ бошқа ишлар амалга оширилади.
Иккинчи босқичда (10 кундан 60 кунгача бўлган даврда) бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.
Учинчи босқичда (2 йилдан 3 йилгача бўлган даврда) аҳолини рўйхатга олишга доир бирламчи материалларни маълумотларни қайта ишлаш бўйича ихтисослашган тузилмалар томонидан қабул қилиб олиш, аҳолини рўйхатга олиш материалларини автоматлаштирилган тизимда қайта ишлашга тайёрлаш, бирламчи маълумотларни киритиш, кодлаш, назорат ва таҳрир қилиш, аҳолини рўйхатга олиш бўйича дастлабки натижаларни олиш, аҳолини рўйхатга олиш натижаларини эълон қилиш ва тарқатиш кабилар амалга оширилади.
Зохид Эргашев
Оқдарё туман статистика
бўлим бошлиғи

Қарорлар
- 23 ноя, 15:07