Кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам (ижтимоий нафақа) тайинлаш ва тўлаш тартиби қандай амалга оширилади?

Саволларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи Бахтиёр НОРҚУЛОВ жавоб беради
Саволларга жавоб беришдан олдин таъкидлаб ўтмоқчи эдим, берадиган жавобларим Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сонли Қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан бўлади ва жавобларим 2021 йил 1 ноябрдан кейин нафақа тайинлаш масаласида келиб тушган аризалар учун қўлланилади. 
- Бола нафақаси ва моддий ёрдам та-йинлаш бўйича мурожаат қилиш тартибини тушунтирсангиз?
- Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 21 октябрдаги 654-сонли Қарори 1-иловаси билан тасдиқланган Кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқлаш, уларга кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомга асосан тайинланади ва тўланади. 
Бунда фуқароларнинг мурожаат қилиши ҳар ойнинг 16 санасигача белгиланган. Фуқаролар яшаш жойи бўйича фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органига, яъни маҳалла фуқаролар йиғинига аризани тақдим этади. Бунда тўғридан-тўғри Пенсия жамғармасига ариза тақдим қилиш мумкин эмас.
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
1. Паспорт (ёки ID-карталар); 
2. Никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома; 
3. Бола туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома. 
Бунда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади.
Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органи ҳар беш кунда, бироқ ойнинг 19-санасига қадар ҳужжатларни Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимига тақдим этади. 
Аризаларни дастурга киритиш жараёни, Пенсия жамғармаси масъул ходими томонидан, ҳар куни, бироқ жорий ойнинг 26-санасигача аризалар дастурга киритади.
Бунда, эътибор беринг, ижтимоий нафақани тайинланганлиги, тайинлашни рад этилганлиги ёки аризалар кейинги ойда қайта кўриб чиқиш учун (кутиш рўйхатига) ўтказилганлиги, инсон омили аралашувисиз "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали аниқланади.
- Сиз айтган янги тартиб бўйича нафақа миқдори, тўлаш муддати, ҳисоблаш тартиби бўйича тушунча берсангиз?
- 2021 йил ноябрь ойидан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими ор-қали аниқланган кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси 18 ёшгача бўлган фарзандлар учун 12 ойга тўланади. Фарзандсиз ёки 18 ёшдан ошган фарзанди бўлган оилалар учун, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам 6 ой муддатга 380 минг сўм миқдорда тайинланади
Бунда нафақа миқдори болалар сони ва ёшига боғлиқ бўлади. Битта болали оилага, 3 ёшгача боласи бор оила учун 325 минг сўм, агар 3 фарзанди ёшдан катта бўлса 250 минг сўм тўланади.
Иккита болали оилага, 3 ёшгача боласи бор оила учун 475 минг сўм, агар фарзанди 3 ёшдан катта бўлса 400 минг сўм тўланади. Яъни иккинчи фарзанди учун 150 минг сўм қўшилади.
Учта болали оилага, 3 ёшгача боласи бор оила учун 575  минг сўм, агар фарзанди 3 ёшдан катта бўлса 500 минг сўм тўланади. Яъни учинчи фарзанди учун 100 минг сўм қўшилади.
Тўртта  болали оилага, 3 ёшгача боласи бор оила учун 675  минг сўм, агар фарзанди 3 ёшдан катта бўлса 600 минг сўм тўланади. Яъни кейинги фарзандлари учун 100 минг сўм қўшилади.
- Болали оилаларга нафақа тайинланишида оила аъзосига тўғри келадиган даромадни ҳисоблаш тартиби бор, даромадингиз мезондан ошиб кетди деган атамага тушунча берсангиз?
- Оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик даромаднинг юқори чегараси 440 минг сўм этиб белгиланган. Буни ҳисоблаш тартиби, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган ўртача бир ойлик жами даромад, муро-жаат қилинган ойдан олдинги ойгача бўлган охирги уч ой учун ҳисобланади ва оила аъзолари сонига бўлиш орқали аниқланади. 
Мисол учун оиланинг расмий даромади 2 миллион сўм. Оила сони 4 нафар. 2 миллион сўмни оила сонига бўлсак, 500 минг сўмдан тўғри келади ва 440 минг сўмдан ошганлиги сабабли нафақа та-йинлаш рад этилади. Агар оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзолари иш билан банд бўлиб ўртача ойлик даромади 440 минг сўмдан кам бўлса ушбу оила учун нафақа тайинланади. 
Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш мезони 440 минг сўмга тенглаштирилмоқда ва жорий йилнинг январь ойидан минимал истеъмол харажатлари миқдорига тенглаштирилади. Яъни жорий ойда минимал истеъмол харажатлари миқдори қанча белгиланса, мезон ҳам шунча миқдорда бўлади.
- Қандай ҳолларда ариза рад этилиши мумкин?
- Аризалар қуйидаги ҳолларда рад этилади:
*оиланинг ҳар бир аъзосига белгиланган меъёр (440 минг сўм)дан юқори даромади мавжуд бўлганда;
*2 ва ундан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда; 
*оила аъзоларининг ўз номига расмийлаштилган ёки бош ишончнома асосида фойдаланаётган, ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган техник ҳолати соз бўлган енгил автотранспорт воситаси бўлганда;
*ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, техник ҳолати соз бўлган юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси;
*2 ёки ундан ортиқ техник ҳолати соз бўлган автотранспорт воситаси мавжуд бўлганда;
*ариза берувчи ва оила аъзоларининг тижорат банкларидаги депозит ҳисоб рақамларида ариза берган ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқроқ миқдорда маблағлар мавжуд бўлганда;
*ариза берувчи ва оила аъзоларининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқроқ миқдорларда қимматли қоғозлар мавжуд бўлганда ; 
*Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Президент давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлари хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари, шунингдек, пенсионерлар томонидан аризалар тақдим этилганда;
*Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 11-сон Қарори билан тасдиқланган Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги Низомга асосан пенсиялар билан таъминланганда;
*Оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда; 
*оилада охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси меҳнат органларининг ишга доир таклифини икки ёки ундан ортиқ маротаба рад этганда;
*даромаднинг расмий манбаларига эга бўлмаган ва охирги 6 ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига ҳисобда турмаган, ўзини-ўзи банд шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси мавжуд бўлганда; 
- Агар фуқаронинг томорқаси 8 сотих бўлса, оила азолари ишламаса, оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоси ишсиз ҳисобланадими?
- Йўқ, бундай ҳолда агар фуқаронинг уй-жойи яъни томорқаси туман кадастр агент-лигидан расмий рўйхатдан ўтган бўлса, томорқанинг ҳар 4 сотихига оиланинг меҳнатга лаёқатли 1 нафар аъзоси томорқада банд ҳисобланади. Бунда оиланинг бошқа даромадлари бўлмаса эр-хотин ҳам ахборот тизимида томорқада банд деб эътироф этилади. Яъни ишсизлик мақоми билан аризаси рад этилмайди.
- Даромаднинг расмий манбаига эга бўлиш, яъни иш билан банд бўлиш мажбурияти кимларга қўлланилмайди, мисол учун ногирон, 3 ёшгача фарзанди бор, ёки ёлғиз она бўлган оилаларга имтиёзлар борми?
- Албатта, ушбу қоида қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:
*"Ягона миллий меҳнат тизими" идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга; 
*бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга);
*таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи шакллари бундан мустасно); 
*ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга;
*амалда томорқа ер ва ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига;
*18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда отасига), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга;
*чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига; 
*суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига; 
*оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига;
*боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга;
*расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида "Темир дафтар" рўйхатида бўлган оилаларга; 
*тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига нисбатан. 
- Оиланинг таркиби, даромадлари ва мол-мулкини ўрганиш тартиби қандай белгиланади?
- Бунда барчамизга маълум, болали оилаларга нафақа тайинлашда, уларнинг оила таркиби, даромадлари, мол-мулклари, паспорт маълумотлари, бандлик маълумотлари, хуллас барча маълумотлар инсон омили аралашувисиз "Ижтимоий ҳимоя ягона реес-три" ахборот тизими орқали 13 та вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар асосида аниқланади.
- Кам таъминланган оилалар фар-  зандларига нафақани маҳалла фуқаролар йиғини тайинлаб берадими ёки Пенсия жамғармасими? Оилавий шароити оғир бўлса ҳокимлик томонидан тайинлаб берилиши мумкинми?
- Йўқ, юқорида таъкидлаганимдек, болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни Маҳалла фуқаролар йиғини, Пенсия жамғармаси,  шунингдек, туман ҳокимлиги ва бошқа ташкилот ҳам тайинлаб бермайди. Нафақалар инсон омили аралашувисиз "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими ор-қали тайинланади ва аризада кўрсатилган телефон рақамига СМС тарзда тайинланган, рад этилган ёки кутиш рўйхатида деган мазмунда хабар боради. Рад этилиш сабаблари бўйича тўлиқ маълумот олиш учун Пенсия жамғармасига мурожаат қилиши мумкин.
- Фуқаронинг фарзанди контракт асосида олий таълим муассасасида ўқийди, таълим кредитини кафилларсиз олиши учун оиласи ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилиши керак экан. Ишсизлиги сабабли аризаси рад этилса, кам таъминланган деб эътироф этилиши учун нима қилиши керак?
- Фуқаро кам таъминланган деб эътироф этилган бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 654-сон Қарори 20-банди к-қисмига асосан рад этилган, яъни ишсиз деб аризаси рад этилган фуқаролар кам таъминланган оила деб эътироф этилади, бироқ ушбу тоифадаги шахсларга нафақа ҳисобланмайди ва тўланмайди. Сиз ушбу маълумотномани my.gov.uz Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ўзингиз олишингиз мумкин.
Кам таъминланган деб эътироф этилган оила (шахс)га Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган маълумотнома 12 ой давомида амал қилади. 
- Ўзини-ўзи банд қилган шахс учун қанча даромад ҳисобланади ва ушбу учун қанча миқдорда тўлов қилиш лозим? 
- Ўзини ўзи банд қилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида, яъни бугунги кунда 270 минг сўм миқдорда ихтиёрий тўловни амалга оширса, ўзини ўзи банд қилган ҳисобланади ва пенсия ёшига етганда тўлиқ 1 йил иш стажи учун инобатга олинади. 
Низомга асосан ўзини ўзи банд қилган шахснинг бир ойлик даромади меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини икки баробари миқдорида ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори бугунги кунда 822 минг сўм бўлиб, демак ушбу шахснинг бир ойлик даромади 1 миллион 644 минг сўм деб ҳисобга олинади.
-Ўзини ўзи банд қилса нафақа чиқадими? 
- Ўзини ўзи банд қилди дегани нафақа чиқади дегани эмас, бунда оила сони, оиланинг бошқа даромадлари, оиланинг меҳнатга қобилиятли аъзолари, оиланинг мол-мулки ва бошқа даромадлари инобатга олинади. Агар мезонга тўғри келса нафақа тайинланади.
Мисол учун, 3 ёшгача оилада 1 нафар фарзанди бор оиланинг меҳнатга қобилиятли битта аъзоси бўлса, бошқа даромадлари бўлмаса ва у ўзини ўзи банд қилса, ушбу оиланинг даромади ошиб кетади. Яъни меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини икки баробари, 1 миллион 644 мингни оила сонига яъни 3 кишига бўлганда даромади 440 минг сўмдан ошиб кетади ва нафақа тайинлаш рад этилади. 
Бу борада фуқароларимиз Пенсия жамғармаси ходимларидан маслаҳат олиб, кейин иш кўрсалар мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.
- Фуқаролар тўлиқ тушунча олиш учун ёки бола пули масаласида муаммоларини ҳал қилиш учун қаерга мурожаат қилишлари мумкин?
- Фуқаролар болалар нафақаси ва моддий ёрдам бўйича батафсил маълумот олиш юзасидан ёки ушбу борадаги барча масалалар бўйича Пенсия жамғармаси Оқдарё туман бўлимига ёки бўлимнинг (95)-500-03-70 ишонч рақамига телефон орқали  мурожаат қилишлари мумкин. Бундан ташқари ҳар куни бўлим бошлиғи, ўринбосар ва шўъба мудири қабулига келишлари мумкин.
Суҳбатни Йўлчи МУҲАММАДИЕВ олиб борди.