Аҳолини рўйхатга олиш: мақсади, вазифалари ва усуллари

Давлатимиз раҳбари томонидан 2024 йилнинг 4 март куни имзоланган «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган «Йўл харитаси»га мувофиқ, республикамизда 2025-2026 йилларда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланди.
Бугунги кунда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «2026 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси ҳамда ҳукуматимизнинг «Ўзбекистон Республикасида 2026 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш, натижаларини таҳлил қилиш ва эълон қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси белгиланган тартибда тегишли идоралар билан келишиш учун эълон қилинган.
Лойиҳаларга кўра, Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2026 йилнинг июль-август ойларида ўтказилиши режалаштирилган.
Аҳолини рўйхатга олиш 2 хил усулда, яъни Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ҳамда рўйхатга олувчи ходимлар томонидан уйма-уй юрган ҳолда планшет қурилмалари ёрдамида рўйхатга олиш варағи шаклларини электрон тўлдириш орқали амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.
Аҳолини рўйхатга олишга кўмаклашиш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида Республика комиссияси ҳамда ҳудудий комиссиялар ташкил этилади.
2024-2026 йилларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан аҳолини рўйхатга олиш учун зарур техник ва дастурий воситалар харид қилинади.
Шунингдек, 2025 йил 1 июлига қадар масъул идораларга аҳоли пунктлари ва кўчалар номлари, уйлар ва ҳовлиларнинг тўлиқ рақамланганлик кўрсаткичларини ўрнатишни якунлаш топшириқлари кўрсатиб ўтилган.
Республика миқёсида аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлигининг ходимлари иштирок этади, ҳудудларда ишларни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, материалларни автоматлаштирилган ҳолда қайта ишлаш, дастлабки якунларни сарҳисоб қилиш ва натижаларни эълон қилиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар статистика бошқармалари, туманлар ва шаҳарлар статистика бўлимлари ходимлари жалб этилади.
Шунингдек, аҳоли рўйхатини ўтказишга тайёргарлик кўриш ёки бунда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида, олий ва ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори курс талабалари, умумтаълим мактаблари ўқитувчилари ҳам ушбу жараёнда иштирок этиши мумкин. Улар орасидан рўйхатга олиш участкалари ходимлари, инструкторлар ва рўйхатга олувчиларни танлаб олиш туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари томонидан Статистика агентлигининг ҳудудий органлари билан биргаликда шартнома асосида ташкил этилади. Вақтинчалик жалб этиладиган ходимларга исмлари ёзилган нишонлар (гувоҳномалар) берилади. Бунда ходимнинг яшаш жойи текширилаётган аҳоли пунктига қатнаш учун қулай бўлиши керак. Шунингдек, аҳолини рўйхатга олувчилар учун услубий қўлланмалар ва видео дарсликлар ишлаб чиқилади ҳамда қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.
Аҳолини рўйхатга олиш яна бир жиҳати билан муҳимки, ушбу тадбирнинг якунига етказилиши ҳудудларни хариталаш, аҳоли пунктларидаги уйлар рўйхатини тузиш имконини беради. Яна ҳам аниқроқ айтганда, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони, ҳолати, фойдаланилмаётган ёки муддатини ўтаб бўлган биноларни белгилаб олиш билан тегишли ҳудудларда уй-жой, саноат объектларини қуриш ва таъмирлаш масалаларига ойдинлик киритиш мумкин бўлади, яъни республиканинг янги мукаммал кадастр харитаси яратилади. Шу тарзда вужудга келган ягона маълумотлар базаси мамлакатимиз келажаги, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш учун қабул қилинадиган ҳужжатларда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.
Зохид ЭРГАШЕВ
Оқдарё туман статистика
бўлим бошлиғи
Мавзуга оид:

Шахсий ҳаёт дахлсизлиги
- 06 апр, 13:30

Инсон ва қонун
- 25 мар, 15:21

Аҳолини рўйхатга олиш
- 27 янв, 16:31