ЙПХ ходимига бўйсунмаган маст ҳайдовчи

2021 йил 2 ноябрь куни соат 20:30 лар чамасида Мақсуд Нурмонов спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолатда ўзининг бошқарувидаги "Нексия-3" русумли автомашинасида "Даҳбед" маҳалласидан ўтувчи "М-37" "Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши" автомобиль йўлининг 14-километрида ҳаракатланиб бораётган эди. У ушбу йўлда ундан олдинда ҳаракатланиб бораётган Самарқанд вилоят ИИБ ЙПХБ 3-ЙПХ отряди гуруҳ командири М.К.нинг бошқарувида бўлган "Ласетти" русумли хизмат автомашинасига ўзининг бошқарувидаги автомашинасини чироқларини ёқиб-ўчириб, тўхташ ишорасини кўрсатади ва "Ласетти" хизмат автомашинасининг олдига ўтиб олиб, ўзининг бошқарувида бўлган "Нексия-3" русумли автомашинасини тўхтатади. Автомашинадан тушиб, ЙПХБ ходими М.К.ни олдига келиб, у билан гаплашганида, ЙПХ ходими М.К. ундан: "Спиртли ичимлик истеъмол қилганмисиз, ҳужжатларингизни кўрсатинг",  деб сўрайди. Мақсуд Нурманов спиртли ичимлик истеъмол қилганлигини ва ўзини Давлат хавфсизлик хизмати идорасида ишлашлигини, ҳужжатлари автомашинада эканлигини айтиб автомашинасига бориб ўтирган вақтида, М.К. уни орқасидан бориб, автомашинасини эшигини ёпишга йўл қўймайди. У ЙПХ ходимига ҳужжатларини тақдим қилмасдан, ўз хизмат бурчини бажараётган ЙПХ ходими М.К.ни хизмат кийимидаги кўкрак нишонини қўллари билан тортиб, юлиб олиб, унинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаб, унинг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатиб, уни хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиб, автомашинасида судраб, унга "ўртача оғирликдаги тан жароҳати" етказган.
Судланувчи Нурмонов Мақсуд Ўзбекистон Республикаси ЖК 219-моддасининг 2-қисми ва 140-моддаси 3-қисмининг "а" бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан ҳар ойда иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Т.ҚИЛИЧЕВ, 
                        туман прокурорининг катта ёрдамчиси, 2-даражали юрист.
Мавзуга оид: