НАВРЎЗ АЙЁМИ ЭЗГУЛИК ВА НАФОСАТ ТИМСОЛИ

Юртимизда айни кунларда табиат уйғониб, гўзал диёримизга барчамиз орзиқиб, соғиниб кутган Наврўзи олам кириб келмоқда. Айниқса, тинчлик ва соғликни улуғлайдиган, ҳаётни, яшариш ва янгиланишни шарафлайдиган байрам - Наврўзнинг бу йилги қадри ўзгача. Чунки ўтган йили бутун инсоният бошига келган синовлар бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Азалдан пок нияти ва ёруғ умидига таянган олижаноб халқимиз ўз меҳнати ва матонати, улкан сабр-тоқати, огоҳлиги билан бу синовлардан устун келди.
Ҳа, Наврўзнинг бутун моҳиятида халқимизнинг эзгуликпарвар қалби намоён бўлади. Минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Табиийки, юртимизда баҳорнинг ташрифи, аввало, табиат қўйнидан бошланади. Қишнинг рутубатлари, аёзли ялдо тунлари, аччиқ совуқлари барҳам топиб, қуёш нурларида заминга тафт берувчи илиқлик пайдо бўлади. Табиат қўйнида ажиб бир ҳалимлик уйғонади. Еллар эсиб, борлиқ абри найсонлар суйидан баҳра олади. Чучмомалар, майсалар бўй кўрсатиб, дов-дарахтларга яшиллик ина бошлайди. Ариқларда сувлар шилдираши қулоққа чалинади.
Даштларга, яйловларга, далаларга файз киради, боғлар яшилланади, саҳролар, тоғлар, ўнгирларда кўклам нафаси кеза бошлайди. Баҳор юртимизга ана шундай уйғоқликни, яшаришни, гўзалликни олиб киради. Бугун табиат бағридаги уйғониш одамлар қалбига ҳам кўчмоқда. Оилаларда, кўча-куйларда, маҳаллаларда, қишлоқ ва шаҳарларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозалаш, орасталик ишлари олиб борилмоқда. Бу ишлар охир-оқибат умумхалқ ҳашарига айланиб кетади. Ушбу ҳолат юртдаги ободлик, ҳақи-қатан ҳам, кўнгиллардан бошланишини кўрсатади. Айни пайтда, бу йилги баҳорий ўзгаришлар фақат табиат бағрида, одамлар қалбидагина эмас, республикамизнинг ижтимоий ҳаётида ҳам кўплаб яратувчиликларга, янгиланишларга ва бунёдкорликларга ҳамоҳанг эканлиги кўзга ташланади.
Баҳорнинг энг нуфузли байрамларидан бири, шубҳасиз, Наврўз! Шарқ халқлари томонидан янги йил сифатида улуғланадиган Наврўз мамлакатимизда энг азиз миллий байрам деб эҳтиром қилинади. Ҳамалнинг биринчи куни, баҳорий тенг кунлик деб аталадиган Янги кун - Наврўзни халқимиз неча минг йиллардан бери улуғ шодиёна тарзида нишонлаб келган. Наврўз байрамининг нафақат қадимийлиги, унинг туб негизлари юртимиз билан боғлиқлигини ҳам исботлайди. Наврўз қандай замон ва қандай даврон бўлишига қарамай, юртимизда кимлар ҳукмрон бўлмасин, барча даврларда буюк қадрият сифатида улуғланиб келган. Юртимизга босқинлар ва тақиқлар ҳам уни халқимиз қалбидан ўчира олмаган. Шу сабабли ҳам бу байрам биз учун ҳаёт абадийлигини, табиатнинг устувор қудратини ва саховатини, минглаб йиллик қадриятларимизни, аждодларимизнинг ўлмас мероси бўлган урф-одатларимизни ифодаловчи байрам сифатида яшаб келмоқда. Бу байрамнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, халқимизга, миллатимизга хос юксак инсонийлик, меҳр-мурувват, оқибат, қадр-қиммат, саховатпешалик, бағрикенглик, самимийлик каби олижаноб қадриятлар асрлар оша ўтиб, сайқалланиб, янгича маъно касб этиб, яшаб келмоқда. Мамлакатимиз истиқлолга эришганидан кейин бу байрамнинг шукуҳи янада ошди.
Наврўзни халқимиз қадим-қадимдан фақат янги кун, янги йил шодиёнаси сифатида нишонлаш билан чекланиб қолмаган. Бу кун келгуси ҳаётнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар, янгиланишлар, бунёдкорликлар учун янги даврнинг бошланиши деб қаралган. Шу сабабли улуғ аждодларимиз янги кун, янги йилнинг қандай кириб келиши, қай тарзда бошланишига қараб йил давомида деҳқончилик, чорвачилик, тижорат, халқлар ўртасида ҳамкорликлар ва умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларида содир бўладиган воқеа-ҳодисалар ҳақида маълум хулосаларини ёзиб қолдирганлар.
Наврўз - инсон ва табиатни асраб-авайлашга, тинчлик, дўсту биродарлик ва ҳамкорлик каби умумбашарий қадриятларни эъзозлашга чорлайдиган улуғ байрамдир. Улуғ айём арафасида қалбларимизда улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоийнинг гўзал байти такрорланади:
Зулфу рухсор ила коминга мени     еткурсанг,
Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг   ўлсин Наврўз.
  Ўз мухбиримиз.