Мутахассис огоҳлантиради ИС ГАЗИДАН САҚЛАНИНГ!

Ис гази (углерод оксиди) - рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ. Кимёвий формуласи - CО. Ис гази (CО) - табиатда кўп тарқалган заҳарли газлардан бири бўлиб, уни "Тилсиз ёв" деб ҳам номлашади.
Қазиб олинган ёқилғининг тўлиқ ёнмаслиги ис газининг бош манбаидир. Ис гази асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги сабаб юзага келади. 
Ис газидан заҳарланиш қандай содир бўлади?
*Носоз дудбўрон, ҳаво алмашиш каналлари, ностандарт иситиш жиҳозлари ва ускуналаридан фойдаланилганда;
*Газ плиталаридан иситиш мосламаси ўрнида фойдаланилганда;
*Очиқ оловдан ёпиқ бинода иситиш мақсадида фойдаланилганда;
*Ҳаво ҳарорати совиши мавсуми олдидан иситиш печларининг мўриларини тўлиқ тозаламасдан, турли хил тиқинларини олиб ташламасдан фойдаланилганда;
*Ностандарт, хавфсизлик талабларига умуман жавоб бермайдиган ҳар хил иситиш печларидан фойдаланда;
*Суюлтирилган газ баллонларидан техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасдан фойдаланилганда;
*Газ комфоркаларининг устига витежка ўрнатмаслик, айрим ҳолларда духовкадан иситиш мақсадида фойдаланилганда;
*Газ ускуналаридан резина шланглар ёрдамида манбага уланиб фойдаланилганда.
Ис гази одам организмига қандай таъсир қилади?
Нафас олиш жараёнида ҳаво таркибида 0.1% ис газининг бўлиши, организмнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин.
Ис гази организмга тушганида, у қон таркибидаги гемоглабин ва кисларод ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислародни тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада, инсон ҳушини йўқотиб, қайта ўзига келмаслиги мумкин.
Ис газидан сақланиш учун нима қилмоқ керак?
*Ҳар йили иситиш мавсумидан олдин, ҳаво алмашиш каналлари, иситиш жиҳозлари ва ускуналари созлигини тегишли ташкилотлар мутахассислари текширувидан ўтказиш лозим.
*Носоз деб топилган газ жиҳозлари ва иншоотларини тўлиқ таъмирлаб, соз ҳолатда келтирилмагунча, ундан иситиш мақсадида фойдаланмаслик.
*Ёпиқ бинода очиқ оловдан иситиш мақсадида фойдаланмаслик.
Табиий газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидалари: 
Биз учун катта қулайлик ва мўъжиза бўлган газдан фойдаланишда эътибор ва ҳушёрлик талаб этилади. Лекин айрим жойларда истеъмолчилар томонидан ҳар хил мосламалар, газ сўрғичлар ёрдамида табиий газдан фойдаланиш, ўзбошимчалик билан газ тармоқларига уланиш, резина шланг-лар улаш ҳолатлари учрамоқда. 
Баъзи хонадонлар газ ҳисоблагичларни олиб қўйиб, резина шланглар билан газ қувурларини улаб қўйиш, газ анжомларига резина шланглар улаб фойдаланиш, газ тақсимлаш қурилмаларига ўзбошимчалик билан тегаётганлар учраб турибди. Бундай ҳолатлар ҳар хил фожиаларни келтириб чиқармоқда. 
Содир бўлган ёнғин ва чақнашлар, ис газидан заҳарланишларнинг сабаблари ўрганилиб чиқилганда, айрим фуқаро ва уй эгалари табиий газдан ўзбошимчалик билан фойдаланганликлари, газ сўрғичдан ва газ ускуналарини бошқа жойга кўчириб резина шланглар орқали фойдаланганликлари, иситиш ускуналарининг дудбўронлари текширилмаганлиги маълум бўлмоқда.
Ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларига нисбатан хавфлироқ бўлгани - бу табиий газ ҳисобланади. Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг бехосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газни ёқиб, қаровсиз қолдириш, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий газ ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин. Натижада инсонлар турли хил тан жароҳатлари олишлари ёки ҳаётдан кўз юмиш ҳолатлари ҳам учрайди.
Ис гази инсон организмининг нафас йўллари ва нафас аъзоларига кучли таъсир қилади. Ис гази нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб системасини зарарлайди.
Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда вентиляция ёмон бўлганда, янги бўялган, шамоллатилмаган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ва печка билан иситиладиган уйларда печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин.
Ис газидан заҳарланиш унинг ҳаводаги концентрацияси ва таъсир муддатига боғлиқ бўлади. Заҳарланиш енгил, ўрта ва оғир даражаларда бўлади, бундай ҳолларда бош айланиб, қаттиқ оғрийди, қусиш, ҳушдан кетиш ҳамда нафас олиш секинлашади, баъзан ўлимга ҳам олиб келади.
Шоҳруҳ МАҲМУДОВ,
туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари, 
капитан.