“Оқдарё овози” танқид қилади ЛОЙИШНИНГ ЭГАСИ БОРМИ?

Очиғини айтишимиз керакки, кейинги йилларда туманимиз маркази ҳисобланган Лойиш шаҳарчасида кенг ҳажмдаги ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Янгидан янги аҳолига хизмат кўрсатувчи савдо шаҳобчалари, маиший хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилди. Буларнинг ҳаммаси кўзни қувонтиради, аммо...

Агар сиз Лойишдаги собиқ истироҳат боғига борадиган бўлсангиз энг аввало кўзингиз қаровсиз ётган, хароба аҳволдаги ачинарли манзарага кўзингиз тушади. Бундан кўп йиллар муқаддам кимгадир тадбиркорлик қилиш учун ажратилган бир неча сотихли бу майдонда бирорта қурилиш ишлари амалга оширилмаган. Илгари қандай олинган бўлса шу ҳолича ётибди. Негадир тегишли ташкилотлар туман бўйича қаерда бўш жой бўлса ўша ерларни ким ошди савдоси орқали тендерга чиқараётган бир пайтда туман марказида бўш ва қаровсиз ётган бу жойни негадир кўришмаяпти. Эҳтимол мутасаддилар бу жой кимга тегишли эканлигини билишсада “мен сенга тегмай, сен эса менга” қабилида иш юритиб келишаётгандир. Бир балоси бўлмаса шудгорда қуйруқ на қилур деганларидек бугунги кунда мушук бекорга офтобга чиқмайди-ку. Нима дедингиз? Ўзбекистон Республикасининг Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларида агар фуқаро давлат томонидан ажратиб берилган жойга икки йил давомида қурилишни бошламаса чиқарилган қарор бекор қилиниши таъкидланган. Бироқ Лойишдаги биз юқорида таъкидлаган қаровсиз жойни аниқлаш ва чиқарилган қарорни бекор қилиш учун туман кадастр агентлигидаги мутасадди кишилар шуғулланиши лозим эмасми? Ўйлаймизки улар биз кутарган масала билан жиддий шуғулланишади ва қонунга мувофиқ иш қилишади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Жўшқин.

Суратларда собиқ истироҳат боғидаги ачинарли манзаралар акс эттирилган.

Мавзуга оид: