БУ ЙЎЛЛАР ҚАЧОН ТАЪМИРЛАНАДИ?

"Олчинтепа" маҳалласига қарашли Бешкал ва Деҳқонкўмак қишлоқларининг автомобиль йўллари ўнқир-чўнқир, паст-баланд аҳволга келиб қолганлиги нафақат транспорт воситалари ҳайдовчилари учун, балки, аҳоли учун ҳам турли хил муаммо ва ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Бу эса қишлоқ аҳлининг, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг қатъий эътирози ва норозикларини келтириб чиқармоқда. 
Ушбу йўлларнинг умумий узунлиги икки километрни ташкил этади. Бу кўчалар ёзда чанг-тўзон, ёғингарчилик фаслларида эса сув ва лой билан қопланганлиги боис, йўловчилар ва ҳайдовчилар учун ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Шу боисдан бугунги кунда бу йўллар асфальт қопламаси билан таъмирланишга муҳтож аҳволга келиб қолган.
- 2017 йилдан буён маҳалланинг депутати бўлиб фаолият кўрсатиб келсамда, мана беш йилдирки, маҳалла аҳли Бешкал ва Деҳқонкўмак қишлоқларининг асосий йўлини асфальтлаш масаласида мурожаат қилишади, - дейди 22-Олчин сайлов округидан туман Кенгашининг депутати Жўрахон Бузруков. - Бу муаммо бўйича бир неча маротаба мазкур масалага алоқадар ташкилотларга депутат сўровлари билан чиқдим. Афсуски, тегишли мутасаддилар томонидан бирон бир изоҳ ёки тушунтиришлар берилмади. Бу кўчалар ҳам тез орада обод бўлиб, аҳолини бениҳоя хурсанд этади, деган умиддаман.
Албатта шуни ҳам алоҳида қайд этиш жоизки, жорий йилда туманимизнинг кўпгина ички йўлларида кенг қамровли таъмирлаш ишлари олиб борилганлиги ҳамда бу каби бунёдкорлик ишлари давом эттирилаётганлигини ижтимоий тармоқлар орқали ҳам кузатиб бормоқдамиз. Шундай экан, Олчинтепа маҳалласининг ҳам йўллари ёруғ ва равон бўлишига фурсат етиб келди, деб ўйлаймиз. Сиз бунга нима дейсиз, шу соҳа мутасаддилари? Албатта, ушбу мурожаатимиз жавобсиз қолмайди, деган умиддамиз.
Кенжа БОТИР.