ПАХТА ТЕРИМИ БОШЛАНДИ

Айни шу кунларда туманимиз пахтакорлари машаққатлар эвазига етиштирилган қимматли саноат хомашёси бўлган оқ олтинни тез ва соз йиғиштириб олиш мақсадида пухта ҳозирлик кўрган ҳолда ишга киришдилар. Жорий йилда 5761 гектар майдондан қарийб 19 минг тонна хирмон чошлашни режалаштирган  деҳқонларимиз уюшқоқлик билан пахта теримига киришдилар. Ҳозиргача туманимизнинг Даҳбед, Оқдарё, Номоз Пиримқулов номли, Наврўз, Амир Темур номли, Янгиобод, Зарафшон ММТП-ларида уюшқоқлик билан ҳосил теримига киришилганлиги эътиборга лойиқдир. Шуниси қувончлики, деҳ-қонларимизнинг аниқ мақсад йўлида тинимсиз меҳнат қилганликлари ўзининг натижасини кўрсатмоқда. Ҳар бир теримчи кунига ўртача 130-140 килограммдан пахта теришга муваффақ бўлаяпти.
Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассисларининг таъкидлашларича, ҳозирча ҳар бир килограмм пахта учун теримчиларга 1200 сўмдан ҳақ тўланмоқда. Иккинчи теримда эса бу кўрсаткич 1500 сўмни ташкил этади. Бу йилги мавсумда 10 минг нафардан ортиқ теримчи иштирок этиши кўзда тутилган. Далада меҳнат қилаётганларга барча шароитларнинг яратиб берилганлиги кунлик терим суръатининг ошиб боришига ўзининг ижобий натижаларини кўрсатмоқда. Туш пайтида далада ишлаётганларга иссиқ овқат ва чойнинг ташкил этилаётганлиги ҳам суръатнинг ошишига хизмат қилаяпти. Бир сўз билан айтганда, пахтакорларимиз даладаги ҳосилни ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан йиғиштириб олиш учун ҳар дақиқани ғанимат билиб, астойдил тер тўкишмоқда.

Ўз мухбиримиз.