Бобур маҳалласида бунёдкорлик ишлари

 Бобур маҳалласининг Муллақўрғон қишлоғида жойлашган “Яккабоғ” жомеъ масжидида кўзга кўринарли бўлган бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Жомеъ масжиди олдида маиший хизмат кўрсатиш бинолари қад ростламоқда. Ҳомийлар, саховатпеша инсонлар ва маҳалла аҳлининг беғараз ёрдамлари туфайли сартарошхона, кутубхона, қассобхона ва шу билан бирга барча қулайликларга эга бўладиган тоҳаротхоналарни қуриш ишлари қизғин давом этаяпти. Шу ўринда, бу қурилиш ишларида меҳнат қилаётган усталардан Иззатулло Саидмуродов, Собир Исматов, Умрзоқ Аҳмедов, ака-ука Ҳайдар, Шердор Обидовларнинг хизматлари таҳсинга лойиқ бўлаяпти. 

Бундан ташқари, яна бир хайрия-хашари уюшқоқлик билан давом этмоқда. Туман Ободонлаштириш бошқармаси тасарруфида бўлган “Яккабоғ” қабристонининг ички йўлаги бетонлаштирилмоқда. Бу эзгу ишларнинг ташкилотчиси Шерзод Ибрагимов бошчилигидаги 1985 йилда туғилган маҳалладошларимизнинг саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этиш керак. Шунингдек, яна бир ўзгариш ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтсак арзийди. Муллақўрғон қишлоғида истиқомат қилувчи бир гуруҳ каттаю-кичик ташаббускорларнингтаклифлари билан хайрия фонди ташкил этилиб, бу ташаббус оз фурсат ичида ўз самарасини ҳам кўрсатди. Маҳалла раиси Содиқ Ҳакимов ҳамда бу ишларга бош этиб сайланган Акбар Саидмуродов томонидан қишлоқнинг уч томонлама кириш қисмига “З,М.Бобур МФЙ Муллақўрғон қишлоғи” деган кўрсатмали белги-ёзуви ўрнатилди. Навбатдаги ҳаракатлар эса қишлоқдаги футбол ўйингоҳини таъмирлаш ва кўчаларни обод қилиш келгусидаги режаларга киритилган.

Бир сўз билан айтганда, ўзаро бирдамлик натижасида олиб борилаётган хашарлар билан бирга ўзгаришлардан маҳалла аҳли беҳад мамнун бўлмоқда.


Суннатулло ИБРАГИМОВ.