СОБИҚ СОВЕТ ДАВЛАТЛАРИНИНГ МАХСУС ХИЗМАТЛАРИ: БУТУН МАМЛАКАТНИ ТИТРАТГАН ЧЕКА ЁХУД ВЧК ҲАҚИДА

ХХ асрнинг бошларида Собиқ Совет давлатида ташкил топиб, ўзининг инсоний сифатларга зид бўлган ҳаракатлари ва қотилликлари билан ном чиқарган террорчи ташкилотлардан бири ҳақида ўша давр ҳақида ёзилган илмий асарлар ва дарё.уз сайтида эълон қилинган мақолалардан фойдаланиб сиз газетхонларга ҳавола этмоқдамиз. 1917 йил Россияда октябрь инқилоби амалга ошгач, инқилоб душманлари билан курашиш, сиёсий мухолифатни йўқ қилиш ва контрразведка ишларини олиб бориш учун давлатга янги махсус хизмат лозим эди. Инқилоб доҳийси Ленин юқоридаги вазифаларни бажариш ва мамлакатда большевикларнинг мутлақ ҳукмронлигини ўрнатиш  учун Махфий полиция яратишга қарор  қилади. 1917 йил 7 декабрь куни ташкил этилган ВЧК (Бутун Россия фавқулодда комиссияси) ёхуд Чека айнан шундай ташкилот  бўлди.
Инқилобдан сўнг янги давлат қандай бўлиши ва қандай тузилмаларга эга бўлиши ҳақида мунозаралар бошланади.  Собиқ Россия империясида инқилобга қарши кучлар ҳали анча кўп бўлиб, Ленин ҳукумати улар билан курашувчи махсус ташкилотга эга эмасди. Айнан шундай воситага, яъни аксилинқилобий кучлар билан курашувчи кучга эга бўлиши учун инқилобнинг кўзга кўринган вакилларидан бири бўлмиш Феликс Дзержинскийга инқилоб душманларини аниқлаш ва уларга қарши кураш олиб борувчи махсус агентлик тузиш топширилади. 1917 йил 20 декабрь куни Халқ комиссарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлаган  Дзержинский тузилажак  ташкилотнинг   вазифалари ҳақида гапиради. Унинг маърузасида ташкилот аксилинқилобий ва жиноий фаолиятларни бос-тириш учун дастлабки тергов ишларини олиб бориши айтилади. Шунингдек, у жиноятчиларни ҳибсга олиш ва уларнинг мулкларини мусодара қилиш каби вазифаларни бажаришини ҳам айтиб ўтади. Владимир Ильич Ленин бошчилигидаги Халқ комиссарлари кенгаши янги агентлик тузиш режасини маъқуллайди ва кенгаш ҳузурида Бутунроссия фавқулодда комиссияси  (Всероссийская  чрезвычайная комиссия - ВЧК) тузилади. Унга раҳбар этиб Феликс Дзержинский тайинланади. Дастлаб ВЧК (тўлиқ номи"Аксилинқилобий ҳаракат ва Саботажга қарши кураш бўйича Бутунроссия фавқулодда комиссияси") жуда катта ваколат ва жазо чораларини қўллаш ҳуқуқига эга  эмасди. Унинг асосий  вазифалари аксилинқилобчиларни топиш ва уларни озиқ-овқат карталаридан маҳрум  қилиш (очарчилик рўй берган ўша пайтда бундай картадан мосуво бўлиш жиддий жазо ҳисобланган), "халқ душманлари" рўйхатини тузиш ва нашр этиш ҳамда аксилинқилобий мулкларни мусодара  қилишдан иборат  эди.
1917 йил 24 октябрда Ишчи ва аскар депутатлари советининг иккинчи Бутунроссия қурултойи янги республикада ўлим жазосини бекор қилади. Шу сабаб ВЧК  қатл жазосидан  фойдаланмаган.
"Қизил террор" Аммо мамлакатда фуқаролар уруши бошланиши билан вазият ўзгаради. 1918 йил февралда Халқ комиссарлар  кенгаши "Социалистик ватан хавф остида!"чақириғи остида махсус декрет чиқаради. Унга кўра, ВЧК душман агентлари, чайқовчилар, безорилар, аксилинқилобий агитаторлар, чет эл жосусларини жиноят содир  этган жойида отиб ташлаш ҳуқуқига эга бўлади. Шундай  бўлса-да, бу жазо сиёсий мухолифларга нисбатан  қўлланмайди. Қолаверса, Чека ходимлари (чекистлар)  сони бу даврда ҳали жуда кўп эмасди.
Большевикларга қарши фаолликнинг кучайиши, фуқаролар урушининг бошланиши, 1918 йил июлдаги чап социалист инқилобчиларнинг муваффақиятсиз қўзғолони ва август ойида Ленин ҳаётига суиқасд уюштирилиши Чека сафининг кескин ўсишига олиб  келади. Сентябрь ойида Халқ комиссарлари кенгашининг "Оқ гвардия ташкилотлари, фитна ва  қўзғолонларга алоқадор барча шахсларни отиб ташлаш" ҳақидаи фармонидан сўнг   бутун мамлакат  бўйлаб ВЧКнинг  тарихда "қизил террор" деб номланган  қатағон кампанияси  бошланади. Фармонда инқилоб душманларини синфий йўқ қилиш  ҳақида ҳам гап бориб, Чека тез орада зодагон, руҳоний ва ўрта ҳол деҳқонлар синфида "тозалаш" ишларини бошлайди. Бир неча ой ичида Чека томонидан мингга  яқин киши отиб ташланади. Ташкил этилганда бир неча юз терговчидан иборат бўлган агентлик 1920 йилга келиб юз мингдан ортиқ ходимга эга бўлади. Ташкилотнинг маҳаллий бўлимлари  ҳам тузилиб, улар ҳудудлардаги мулкдорларни  йўқ қилиш билан шуғулланади. Чека инқилобнинг  қилич ва қалқонига  айланади. Унинг  етакчиси Феликс Дзержинский шафқатсиз ва қаттиққўллиги сабаб "Темир Феликс" номини олади. Қонунларга тупурган ташкилот  Чека  ҳеч қандай қонунга  бўйсунмас  эди. Ташкилот хоҳлаган одамини  сўроқ қилади, ҳибсга олади, мол мулкини мусодара қилади ёки отиб ташлайди. 1917-1923 йиллардаги "қизил террор" даврида 90  мингга яқин киши Чека ертўлаларида ҳеч қандай судсиз отиб ташланади.
Қонунан Чека Халқ комиссарлари кенгаши олдида жавобгар бўлиб, ҳар қандай ҳаракат  учун кенгашдан рухсат олиши  керак эди. Бироқ, кўп ҳолларда Дзержинский опера-            цияларни тугатиб бўлгандан сўнггина кенгашга хабар берарди.
1918 йил адлия комиссарлиги Чека   қонунларни ўзбошимчалик   билан  бузаётгани учун ташкилотга қарши чиқади. Комиссарлик Чекадан гумонланувчиларни ҳибсга олишдан олдин Адлия комиссарлигини бу ҳақида хабардор қилишни талаб қилади. Инқилобнинг кўпгина  арбоблари, жумладан, Николай Бухарин ва ички ишлар комиссари Григорий Петровский ҳам "жиноятчилар билан тўлган" Чеканинг ўзбошимчаликларни тўхтатишини  сўрайди. Таниқли большевик Лев Каменов эса ташкилотни бутунлай тугатиш ҳақида гапиради. Дзержинский бундан қаттиқ ғазабланади ва уларга   аксилинқилобий ҳаракатларни юмшоқ қонуний йўл билан тор-мор қилиб бўлмаслигини айтади. Коммунистик партиянинг энг кўзга кўринган аъзолари Ленин, Сталин, Яков,  Свердлов ва Лев    Тротский Чека террорини қўллаб-қувватлайди. Ленин қонунларга ўзгартириш киритади ва Чека Адлия комиссарлигини ҳибсга олиш ёки қатл қилишдан олдин эмас, кейин хабардор қилиши белгилаб қўйилади. Шу тариқа Чеканинг қонунга бўйсунмаслиги янада мустаҳкамланади. Даҳшатли ва шафқатсиз қийноқ усуллари ВЧК ёки Чека инсоният тарихидаги энг даҳшатли қийноқ усулларини яратгани ва қўллагани билан тарихнинг қора саҳифаларида қолган. Ташкилот ҳеч қандай қонун билан ҳисоблашмаслиги сабаб айбдорларни хоҳлаган  куйига   соларди. Чекистларнинг қийноқлари ғайриинсоний кўриниш касб этганди.
Тарихчи Орландо Файджес "Халқ фожиаси" китобида  Чеканинг баъзи қийноқ усуллари ҳақида ёзади:
Қийноқ усулларининг ниҳоятда "ақлли"лигига кўра Чекани испан инквизицияси билан таққослаш мумкин. Ҳар бир маҳаллий Чеканинг ўзига хос қийноқ усуллари бор эди. Масалан, Харковда "қўлқоп найранги" усулини қўллашарди. Бунда қурбоннинг қўллари териси шилиниб кетгунга қадар қайноқ сувда қайнатилади: натижада уларнинг қўллари қонаб кетади ва теридан ажралади. Қўл   худди қўлқоп (тери)дан ажралган каби  бўлиб қолади. Саритсин (кейинчалик Сталинград, ҳозирда Волгоград) Чекаси эса қурбонларнинг суякларини ярмидан арраларди. Воронеж  чекистлари яланғоч  инсонларни михланган бочкалар билан қисишган.
Киевда янада даҳшатлироқ усул қўлланган: қурбоннинг танасига каламушлар солинган қафасларни ёпиштириб, қафасни қиздиришади. Натижада жон талвасасидаги каламушлар қурбоннинг ичакларини ёриб, ўтиб кетади.
Одессада қонхўр чекистлар қурбонларни   тахталарга боғлаб гулхан ёки қайнаб турган сувда секинлик билан куйдирган. Қишдаги энг севимли жазо эса яланғоч қурбонлар устидан улар тириклайин музлаб қолмагунга қадар совуқ сув   қуйиш эди.  Айнан  Чека ХХ асрдаги янги махфий хизмат ва полициялар учун андоза бўлди. Гестапо (Гитлер   Германияси), Стаси (Шарқий Германия), САВАК (Эрон) махфий хизматлари айнан ВЧК дан намуна олиб  тузилган махсус ташкилотлар эди.
Собиқ Cовет давлатида мана шундай бир неча дахшатли ва инсоний туйғулардан узоқда бўлган террорчи ташкилотлар фаолият кўрсатиб, инсонларни даҳшатга солиб келганлиги ўша давр манбалари ва ҳужжатларида, шу давр тарихи билан шуғулланган тарихчи ва изланувчилар илмий фаолиятида ёритилган.  
Нодир Мирзаев,
тарихчи.
Мавзуга оид: