БУЮК ЧОРАСИЗЛИК

Ишдан чиқаётганимда майдалаб ёмғир ёғарди. Ёмғирни яхши кўрганим учун бироз айланиб, уйим тарафга юрадиган маршрут-таксилар олдига етганимда шовиллаб қуйиб юборди. Ҳаддан зиёд ёмғирсеварлигимга ҳайрон бўлганларга ўзимча бир дунё сабаблар кўрсатардим. Ўйласам, буларнинг бари маҳмадоналикдан бошқа нарса эмас экан. Ёмғир, қор ёки бошқа бирор ниманидир ёки кимнидир яхши кўриш учун сабаб излашнинг сираям ҳожати йўқ экан. Ахир инсоннинг фитратида эмасми, буларнинг асл сабаби?

Машина ойнасидан қўлимни ташқарига чиқардим.

- Ёпиб қўясизми? Совуқ, - деди ҳамроҳим. 

"Ҳа", дея жилмайиб, ойнани ёпарканман, қизиқ, ёмғирни ёқтирмайдиган одамлар ҳам бўлармикин-а, деб ўйладим. Момақалдироқ қаттиқ гумбурлади, чўчиб тушдим. Кичиклигимда бирор нарсадан қўрқсам, миямнинг ўйлайдиган жойини "ўчириб" қўйгим келарди, шунда ҳеч нарсадан қўрқмайман, деб ўйлардим. Бу одат эсимни таниганимда ҳам йўқолмади. Баъзида жуда мушкул муаммоларга дуч келсам, миямни "ўчириб" қўйгим келади. Биламанки, тақдири азалнинг баъзи ишларини ўйлаганим билан ҳал қилолмайман, аммо барибир ўйлашдан тўхтолмайман ҳам. 

- Опа, соябонингиз йўқми? - ҳар куни қатнаганим учун яхши танийдиган ёшгина ҳайдовчининг овози хаёллар гирдобидан чиқишга мажбур қилди. Бекатимга яқин қолибди, аммо уйимгача яна бироз пиёда юришга тўғри келарди. 

- Йўқ, - дедим бироз хижолат тортиб, - қўяверинг, менга ёмғирда юриш ёқади.

- Йўғ-е, ёғишини қаранг. Бир қадам юрмасдан ивиб кетасиз, ташлаб қўяман уйингизгача.

Индамадим. Рад этиш аҳмоқлик, қишнинг бир тутам куни, атрофни қоронғулик қоплаганди. Бекатимга яқин қолганида, қабристон олдидан ўтаётиб, унинг дарвозаси ёнида турган кичкина болакайга кўзим тушди. Шунақа ёмғирда, яна кечки пайт, нима қилаётганикин бу ерда? Эгнидаги кийимлари юпқагина эди. Билмадим, нима ўтди хаёлимдан, "Тўхтатинг!" дедим жонҳолатда. Ҳайдовчи шошиб тормоз берди:

- Тинчликми? Танийсизми? - у ҳам шу болакайга қараб келаётган экан шекилли. - Кутиб тураман, олиб кела қолинг. Уйдагилари кўрмай қолганга ўхшайди чиқиб кетганини.

Югуриб йўлнинг нариги тарафига ўтгунимча уст-бошим шалаббо бўлди. Боланинг оёғидаги ковушчалари, пайпоқчаси ивиб кетибди.

- Нима қиляпсан бу ерда, ойинг қаерда?! - балки онаси бирон кимнинг қабрига келган бўлса, ичкаридамикин, деган фикр ўтди кўнглимдан, лекин қайси ақли жойида одам бунақа жалада, яна шом маҳали қабристонга келади?

- Укамнинг ёнига келувдим, - кўзларини пирпиратди у.

Шунда унинг кўзлари жуда чиройли, киприклари ҳаддан ортиқ узун-узун эканига эътибор бердим. Муздек қўлчаларидан ушладим:

- Қани уканг? Чақиргин-чи, уйларинг қаерда ўзи? Нима қиляпсизлар бу ерда? Ойингни исми нима? - Унинг қўлидаги кичкина пальточага кўзим тушди, - нега пальтойингни киймадинг? Кел, кийдириб қўяман.

- Киймайман, укамники бу, - деди болакай. - У ичкарида, чақмоқдан қўрқади.

Машина ҳали ҳам йўл устида кутиб турганини эсладим, ҳайдовчига қўл силкиб, кетаверинг, деб ишора қилдим. Тўсатдан унга йўл ҳақи бермаганим ёдимга тушди, машинага қараб югурдим. Қайтиб келганимда болакай ҳамон жойида қимирламай турар, узун-узун киприклари бир-бирига ёпишиб қолганидан йиғлаётгандек кўринарди. Кўнглим алланечук бўлиб кетди.

- Юр, укангни топамиз, - дедим қўлидан тутиб, - кейин уйларингга борамиз, даданг билан ойинг қидиришаётгандир хавотир олиб, - маҳалла кичик, бу ерда ҳамма бир-бирини билади, атрофдаги дуч келган хонадондан сўрасам, болани танишса керак, деб ишончим комил эди.

- Укам ўлиб қолган, - боланинг гапидан музлаб қолдим гўё.

- Нима?!

- Ўлиб қолган. Шу ерга опкелишди. Касал эди-да. Чақмоқдан қўрқади, у кичкина ҳали, бақириб йиғлайди чақмоқ чақса. Уни ташлаб қочиб кетгандим чақмоқ чаққанида. Акажон, деб йиғласаям қарамадим. Менам кичкинаман, қўрқаман-да, қарсилласа. Кейин касал бўлди... Бошқа ўйнагани чиқмади. Кийимлари уйда турибди. Ойим одам совқотса, касал бўлади, дейди. Кийимига лой тегсаям йиғлайди у. Яна йиғлаётган бўлса керак, бир ўзи қўрқади-ку. Ёмғирда совқотади, усти лой бўлади, - бола энди ҳиқиллаб йиғлай бошлади. 

Унга қўшилиб мен ҳам йиғладим…

* * *

Қачон осмонга булут чиқса, момақалдироқ гумбурлаганда дадасини қучоқлаб оладиган, кийимига лой тегса, йиғлайдиган, бугун эса тупроқ остида, назаримда чиндан ҳам совқотиб ётган болакай, қабристон дарвозаси ёнида укасининг пальточасини жажжи қўлларида маҳкам ушлаб турган унинг акаси кўз олдимга келаверади. Ҳар куни қабристон ёнидан ўтаётиб, кафтларимни дуога очарканман, инсоннинг буюк чорасизлиги ҳақида ўйлайман…

Малак ВОРИСОВА.