Тарсаки ва таклифлар


УСТОЗ ЖАВОБ БЕРДИ...

Шогирд устозидан сўради:

-  Устоз, нега сиз умуман ЎзТВ каналларини кўрмайсиз, бунга сабаб борми?

Устоз жавоб берди:

Эй бўтам, айтингчи, ЎзТВ каналларидаги қайси кўрсатувларни кўриш мумкин деб ҳисоблайсиз? Қачон қараманг, иккитаси  чиқиб олиб гурунг қилишади ёки ўзимиз тушунмайдиган тилда қўшиқ куйлашади. Шундоқ бўлгач, мен умуман телевизор кўрмайман.

Устознинг жавобидан таъсирланган шогирд деди:

-  Сиз ҳақ гапни айтдингиз устоз. Бугундан бошлаб мен ҳам сиздан ўрнак олиб ЎзТВ каналларини кўрмаганим бўлсин.

Шогирд сўради:

-  Устоз, шаҳарчамиздаги светофорлар ишламай, автомашиналар тирбанд ҳолга келиб қолмоқда. Бу ҳақда газетада ҳам танқид қилинган эди, бироқ натижа бўлмаяпти. Нима қилсак бу иш олдинга силжийди?

Устоз бироз жим қолди-да, деди:

-  Алломаларимиз бежизга: "Сабрнинг таги сариқ олтин. Сабр қилсанг, муродингга етасан", деб айишмаган. Демак сабр қилмоқлик даркор, сабрда гап кўп, бўтам.

Чуқур ўйга ботган шогирд устозига маслаҳат солди:

-  Тақсир, сиз кўпни кўрган, илмли кишисиз. Айтинг-чи, бир ғаламис одам мен ҳақимда ҳар хил бўҳтон, туҳмат гапларни тарқатиб юрибдур. Не қилсам бунинг олдини олурман?

Сабр-тоқатли, билимли ва зукко устоз жавоб берди:

-  Билгинки, бу оламда яхши одамлар билан бирга ёмон хулқли, фақат ўзини ўйлайдиган, жоҳил, кибрли, нодон одамлар ҳам йўқ эмас. Улар билан ади-бади айтишиб, қимматли вақтингни сарфлама. Уларнинг қилмишларини худога солиб қўй. Барчамизнинг хатти-ҳаракатларимизни, қилган  ул зот билиб, кўриб турибди. Буни ёдингда тут.

Кунлардан бир куни шогирд пиру комилдан сўради:

-  Устоз, яқинда келган бошлиғимиз қилган ишимдан қийиқ ахтариб, тирноқ остидан кир излаб, аризангни ёз, деб ҳоли-жонимга қўймаяпти. Мен ўз соҳамни яхши биламан. Шу бўйича қандай маслаҳат берасиз?

Доно устоз деди:

-  Буюк саркарда Амир Темур ўз вақтида "Куч - адолатда" деган шиорга амал қилганлигини кўпчилик яхши билади. Аммо айрим амалдорларимизнинг оёғи ердан узилиб, босар-тусарини билмай қолишаётгани бор гап. Агар сен ҳақ бўлсанг, йўлингдан ортга чекинмагин, қўрқмасдан адолат учун курашишинг керак. Ахир айтишадику, ҳақиқат букилади, эгилади, аммо синмайди деб. Тушкун кайфиятдан доимо йироқ юргин, чироғим...

ТАРСАКИ.



Турмуш чорраҳаларида


"ЎЗБЕКЧА ҚЎШИҚ 

БОРМИ?"

Якшанба куни Тошкентдан Самарқандга келиш учун йўлга отландик. Самарқандга олиб борадиган таксилар тўпланадиган жойда йўловчилар сийрак, таксилар кўп эди. Ўттиз беш ёшлардаги ҳайдовчи билан келишиб, машинага жойлашдик. Машина юриши билан ҳайдовчига:

- Мумтоз қўшиқлардан борми?, - дея сўрадим.

- У бироз менга термулиб турди-да:

- Қанақа қўшиқ дедингиз?

- Классик қўшиқлар, яъни Комилжон Отаниёзов, Фахриддин Умаров, Бобомурод Ҳамдамов, Шерали Жўраев, Ортиқ Отажоновларнинг қўшиқларидан борми?,- дедим.

- Ундай қўшиқларни эшитмаймиз, отам, - деди у кўзларини йўлдан узмасдан.- Ҳозирги замонавий қўшиқчилардан бор. Мана эшитинг.

Мен ҳайдовчини миллий эстрада қўшиқларидан қўйса керак, деб ўйлагандим. Афсуски, ундай бўлмади. У баланд овозда хориж эстрада қўшиқларини қўйиб юборди. Тилига тушунмагандан кейин эшитишдан не фойда?

- Ўзбекча қўшиқ ҳам борми?

- Ҳа, бор, - деди-да, қўшиқни алмаштирди.

Унинг ўзбекча деб қўйган қўшиқлари энсамни қотирди. Қўшиқда на маъно бор, на мазмун. Фақат баланд овозда хорижнинг мусиқасига чала ўзбекча сўзлар йиғиндисидан иборат бўлган бу қўшиқларни эшитишга сабр керак эди.

- Илтимос, ука, магнитофонни ўчириб қўйсангиз.

Ҳайдовчи ҳам шуни кутиб ўтирган эканми, дарҳол илтимосимни бажарди.

Аксарият ҳайдовчиларнинг машинасида ўзи ҳам тушунмайдиган хориж қўшиқлари кўпу, лекин мумтоз ёки миллий эстрада қўшиқлари йўқ. Аҳвол шу даражада давом этаверса, келгуси авлодларимиз соф, мазмунга бой мумтоз қўшиқларни эшита олишадими? Ёки улар бу қўшиқларни фақат музейларда кўришадими?

Шундай экан, ҳурматли ота-оналаримиз фарзандларини мумтоз қўшиқларни ёшликдан эшитишга кўниктириб боришларини истардик.


БИР СИНФДА НЕЧТА ЎҚУВЧИ ЎҚИТИЛИШИ

КЕРАК?

Биз ўқиган даврда аникроғи ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошидан етмишинчи йиллар бошларигача бир синфда 18 нафар ўқувчи бўларди. Ўқитувчиларимиз уйга вазифа беришаётганда ўтилган дарсни ва уй вазифасини ҳаммадан сўрайман дея огоҳлантирарди. Амалда ҳам устозларимиз эринмасдан эртаси куни ҳар биримиздан уй вазифасини ва ўтилган дарсни эринмасдан сўрардилар. Биз ҳам ўқитувчимиз барибир дарсни сўрайди деган фикрда жон-жаҳдимиз билан ўқиб ўрганардик.

Ҳозирчи? Ижтимоий тармоқларни кузатганимизда ҳали ҳам айрим вилоятларда биринчи синфда 35-40 нафар ўқувчи ўқитилаётгани айтилмоқда. Шу ҳолатда ёшларга чуқур билим беришнинг имкони борми?  Бир соатда 45 минут даарс ўтилишини ҳисобга олсак, ўқитувчининг йўқлама қилишдан тортиб то ўқувчилардан ўтган дарсни сўраш учун қанча вақт керак бўлади? Педагог шу вақт ичида 40 нафар ўқувчидан ўтган дарсни сўраб улгурадими? Бундан ташқари педагог янги дарс ҳам ўтиши керак бўлади.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, ҳар бир синфда ўртача 18-20 нафар ўқувчи ўқитилмас экан, мактабларда чуқур билим бериш ҳақида қанча гапирмайлик, бонг урмайлик барчаси сароб бўлиб қолаверади. Шу боис кўп ота-оналар фарзандларини репетиторга беришлари ҳеч кимга сир эмас-ку.

Қиссадан хисса шуки, ўқитувчининг ойлик маошларининг минг долларга чиқариш ҳақида фикр юритилаётган пайтда биз ўртага ташлаётган муаммо ҳақида ҳам ўйлаб кўрилиши керак. Синфлар сонини кўпайтириб, ҳар синфда 18-20 нафар ўқувчи ўқитилса дейишимиз бундан зиён эмас, давлат фойда кўриши аниқ-ку.


МАХСУС ЖАМҒАРМА КЕРАК


Кунига ЎзТВ каналларида ноқонуний фаолият кўрсатаётган шахсларнинг бир неча юз минг доллар маблағи давлат фойдасига мусодара қилинганлиги очиқчасига намойиш этилмоқда. Агар шу пулларнинг бир ой ичида давлат ҳисобига ўтказилганлиги тахмин қилинадиган бўлса, бу катта рақамни ташкил этиши аниқ.

ТВ кўрсатувларида эса соғлигини тиклашга шикояти, маблағи йўқ кишиларнинг аҳолига мурожаати эълон қилинмоқда. Ана шу беморларнинг соғайиши учун аҳолидан қанча пул йиғилиши маълум эмас. Беморга пул йиғилгунча вақт ўтиб кетса-чи? Шу боис юқорида айтилган давлат ҳисобига мусодара қилинган маблағлар ҳисобидан моддий ёрдамга муҳтож беморларни даволаш учун махсус жамғарма ташкил этиш зарурга ўхшайди. Ахир инсоннинг ҳаёти ҳар қандай бойликдан устун эмасми?

ЖЎШҚИН.



Мавзуга оид:
Адабиёт

Адабиёт

  • 27 ноя, 14:01
Адабиёт

Адабиёт

  • 24 ноя, 11:44