“Оқдарё овози” бонг уради ЛОЙИШ ИСТИРОҲАТ БОҒИ ЁРДАМГА МУҲТОЖ(МИ?)


Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошларида фойдаланишга топширилган Лойиш истироҳат боғи бир пайтлар Оқдарёликларнинг ҳақиқий дам оладиган масканига айланган эди. Чунки бу ерда ҳафтанинг шанба-якшанба кунлари доимий равишда концерт дастурлари намойиш этилиб, ёшлар иштирокида “Қувноқлар ва зукколар”, “Балли қизлар”, “Балли йигитлар” сингари кўрик-танловлар ўтказилганлиги боис туманимизнинг барча қишлоқларидан аҳоли келиб мириқиб томоша қилишарди.
Афсуски, кейинги пайтларда истироҳат боғининг файзи кетди. Ўтган йиллар давомида кимлардир бу масканни хусусийлаштириш борасида қандайдир ишлар қилгандай бўлди. Афсуски, бу ҳам охирига етказилмади. Инсоф билан айтганда бир пайтлар 7 гектар майдонни эгаллаб турган истироҳат боғи борган сари кичрайиб бораяпти. Бунинг сабаби боғ ҳудудидан айрим тадбиркорларга машина тураргоҳи, савдо шахобчалари ажратилганлиги боис ҳудуд кун сайин тораймоқда. Шуниси ачинарлики, апрель ойи келган бўлишига қарамасдан истироҳат боғида ободонлаштириш ишлари умуман талабга жавоб бермайди. Боғ атрофига ўрнатилган дарвозалар бузилиб очиқ ҳолда ётибди. Тўпланиб қолган чиқиндиларни айтмаса ҳам бўлади. Боғ атрофида яшовчи фуқароларнинг айтишига қараганда, эрталаб ва кечки пайтларда бу жой ҳақиқий яйловга айланар экан. Чунки айрим фуқароларимиз бу ерда ўзларининг шахсий қўйларини олиб келиб бемалол боқиб юришади. Истироҳат боғининг эгаси бўлмагандан кейин аҳвол шу даражага етади-да.
Бундан бир неча йил муқаддам, аниқроғи 2018 йилда истироҳат боғи ҳудудида турли концерт дастурлари намойиш этиш учун қурилган “Анфитеатр” харобага айлапган. Ёзда жазирама иссиқда ва қишда қор-ёмғир остида қолган ўриндиқлар қийшайиб, айримлари синиб ётибди. Ўриндиқлар атрофини бегона ўтлар қоплаб олган. Бу ҳудуд ҳам чиқиндилардан ҳоли эмас. Очиғини айтганда, бошқа туманларда худди биздагидек “Анфитеатр” ва истироҳат боғи мавжуд бўлмаса ҳам байрамларда пойтахтдан таниқли санъаткорларни олиб келиб концерт дастурлари намойиш этилмоқда. Кунлар бундай кейин борган сари исий бошлаганини ҳисобга олган ҳолда тумандошларимизнинг мароқли дам олишларини ташкил қилиш учун айнан бу масканда ободонлаштириш ишларини амалга ошириш ниҳоятда зарур.
Хуллас, бир сўз билан айтганда Лойиш истироҳат боғи ва унинг ҳудудидаги “Анфитеатр” ёрдамга ва эътиборга муҳтож эканлигини мутасадди, масъул раҳбарларнинг билиб олишларини истардик.
Ўз мухбиримиз.
Суратларда истироҳат боғи ва“Анфитеатр”даги ачинарли манзаралар акс эттирилган.


Мавзуга оид: