Буюклар Бобур ҳақида

БОБУР ҲАҚИДА БУЮКЛАР

 ФИКРИ

Ҳиндистоннинг донишманд фарзанди, буюк давлат арбоби Жавоҳарлаъл Неҳру ўзининг "Ҳиндистоннинг очилиши" ва "Жаҳон тарихига бир назар" асарларида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида самимиятга тўлиқ ушбу фикрларни изҳор этган:

"Бобур - дилбар шахс. Уйғониш даври ҳукмдорининг ҳақиқий намунасидир. У мард ва тадбиркор одам бўлган.

Бобур ўта маданиятли ва жозибали инсонлар орасида энг етук инсонлардан бири эди. У мазҳабпарастлик каби чекланишдан ва мутаассибликдан йироқ эди... Бобур санъат ва, айниқса, адабиётни севарди".

***

"Бобурнома"нинг котиби Бобурнинг улуғ подшоҳларга хос саккиз шахсий фазилатини қайд этган: "Ва маҳолдурким, ул подшоҳи қобилнинг яхшилиғларини айтган билан ва битиган билан тугангай. Лекин мужаммал буким, секкиз сифати асил анинг зотиға муттассил эди: бириси буким, нажҳати баланд эди; иккимчиси, ҳиммати аржуманд эди; учимчиси, вилоят олмоғ; тўртумчиси, вилоят сахламоғ; бешумчиси, маъмурлуғ; олтимчиси, рафоҳият нияти Тенгри таоло бандалариға; еттимчиси, черикни кўнгли (ни) қўлға олмоқ; секкизимчиси, адолат қилмоқ".

(Матн табдили: "У қудратли подшоҳнинг яхшиликларини айтган билан ва ёзган билан тугатиш маҳолдир. Лекин қисқаси буки, саккиз асл сифат унинг зотига хос эди: бири буким - иқболи баланд эди; иккинчиси - ҳиммати юксак эди; учинчиси - вилоят олмоқ; тўртинчиси - вилоят сақламоқ; бешинчиси - маъмурлик; олтинчиси - Оллоҳ бандаларига фаровонлик нияти; еттинчиси - лашкар кўнглини қўлга олмоқ; саккизинчиси - адолат қилмоқ".

***

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик йиллари ҳақида роман ёзган "Бобурнома"нинг инглиз таржимони Уилям Эрскин Бобурни Осиё подшоҳларига қиёсан шундай баҳолайди:

"Саховати ва мардлиги, истеъдоди, илм-фан, санъатга муҳаббати ва улар билан муваффақиятли шуғулланиши жиҳатидан Осиёдаги подшоҳлар орасида Бобурга тенг келадиган бирорта подшоҳ топилмайди".

***

Инглиз шарқшуноси Монстюарт Элфинстоннинг "Бобурнома" ва унинг бош қаҳрамони ҳақида айтган қуйидаги фикрлари эътиборга моликдир:

"Бу хотираларда буюк туркий подшонинг ҳаёти батафсил тасвирланган, унинг шахсий ҳис-туйғулари ҳар қандай муболаға ва пардалашлардан холи. Унинг услуби оддий ва мардона, жонли ва образли. У ўз замондошларининг қиёфалари, урф-одатлари ва интилишларини, қилиқларини ойнадек равшан тасвирлайди. Шу жиҳатдан бу асар Осиёда ягона, чинакам тарихий тасвир намунасидир. Бобур ҳарбий одамнинг ташқи кўриниши, кийими, табъи ва одатларини ифода этади, мамлакатларни, уларнинг иқлими, табиати, хўжалиги, санъат ва ҳунармандлик намуналарини тасвирлаб беради. Лекин муаллифнинг ёрқин характери асарга энг кўп жозиба бағишлайди".

***

"Бобурнома"ни француз тилига таржима қилган Паве де Куртейл Бобурга қуйидагича ҳаққоний баҳо беради: "Ҳар қандай синовга бардош бера олувчи, ирода ва матонатни мужассамлаштирган бу зот ўзида ҳарбий ҳийла ва жасоратни уйғунлаштира олар, зарур бўлганда жазолашга ҳам, афв этишга ҳам қодир эди; у истеъдодли ҳарбий арбоб ва ишнинг кўзини биладиган, қўшинларни моҳирлик билан бошқара оладиган, уларнинг ишончини қозона олган саркарда эди...".


Мавзуга оид: