2023 йил - Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили МАҲАЛЛА - ТАРБИЯ ЎЧОҒИ, ЭЗГУЛИК БЕШИГИ

Маҳалла - тарбия ўчоғи, эзгулик бешиги, урф-одатлар, анъана ва қадриятлар эъзозланадиган улуғ даргоҳ ва ҳар биримизнинг ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган қутлуғ маскан. Бинобарин, бу ошиён инсонни жамият билан бирга яшашга ўргатадиган, шу руҳда тарбиялайдиган беқиёс макондир.
Туманда 2022 йилда тўртта маҳалла фуқаролар йиғини биноси янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди, саккизта  маҳалла фуқаролар йиғини биноси жорий таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Жумладан февраль ойида "Ўзбекистон" МФЙ биноси қурилиб фойдаланишга топширилди. 2022 йилнинг апрель ойида "Галаравот" МФЙ қурилиб фойдаланишга топширилди. 2022 йилнинг июль ойида "Тараққиёт" ва "Чорбоғ" МФЙлари қурилиб фойдаланишга топширилди. 2022 йилнинг май ойида "Пичоқчи" МФЙ биноси жорий таъмирланиб фойдаланишга топширилди. 2022 йилнинг ноябрь ойида  "Кумушкент", "Олчинтепа", "Авазали" МФЙлар бинолари жорий таъмирланиб фойдаланишга топширилди. 2022 йилнинг ноябрь ойида   "Янгиобод", "Амир Темур" МФЙлар бинолари жорий таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда иккита "Примкент",   "Зарафшон" маҳалла фуқаролари йиғинларида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 
8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари яъни, "Янгиобод", "Кумушкент", "Олчинтепа", "Амир Темур", "Авазали", "Примкент" "Зарафшон" "Чорбоғ" маҳалла фуқаролар йиғинларига Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг 2022 йил 17 апрелдаги VI-61-85-7-0-К/22 -сонли қарорига асосан жорий таъмирланиши учун 1 140 000 000 (бир миллиард бир юзи қирқ миллион) сўм маблағ ажратилди.
Тумандаги 35 та маҳалла фуқаролар йиғинларидан 33 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ўз маҳалла биносига эга. Ҳозирги кунда туманимизда 2 та маҳалла ўз биносига эга бўлмаганлиги инобатга олиниб, 3-сектордаги "Янгиқўрғон" маҳалла фуқаролар йиғини учун таълим соҳасига қарашли эски 5-мактаб биносини олиш бўйича Таълим вазирлигига хат қилинди. 4-сектордаги "Истиқлол" маҳалла фуқаролар йиғини ўз биносига эга бўлмаганлигини инобатга олиб Маҳалла ҳудудидаги бўш турган жойни вилоят ҳокимининг қарори билан ажратилди ва ҳозирги кунда қурилиш ишлари амалга оширилмоқда. 
Вилоят ҳокими ташаббуси билан 250 млн сўм ажратилиб, "Нуронийлар маскани" сотиб олиниб, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими балансига расмийлаштириб берилди.
Ушбу бинони қайта таъмирлаб "Нуронийлар маскани"га айлантириш туман ҳокимининг саъй-ҳаракати ва амалий ёрдами билан амалга оширилди. 
Ҳозирги кунда замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, сўлим масканга айланган "Нуронийлар маскани"да кексалар ва ёшлар учрашуви, отинойилар учрашувлари, уч авлод учрашуви каби тадбирлар, шахмат-шашка бўйича турли кўнгилочар мусобақалар ташкил қилиниб ўтказилиб келинмоқда.
Жорий йилда Давлатимиз раҳбари томонидан таълим cифатини ошириш мақсадида бир қатор устувор йўналишлар, бугунги кундаги ҳақиқий аҳвол, мавжуд камчиликлар, ота-оналарнинг масъулияти, жамоатчиликнинг роли ва бошқа шу каби масалаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида аниқ йўналишлар белгилаб берилди.
Халқимизнинг "Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она" деган мақолини рўёбга чиқариш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади. 
Шу мақсадда 2023 йилда Оқдарё туманидаги маҳалла тизимида қуйидаги асосий йўналишларда ишни ташкил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
I. "Маҳалла ва мактаб ҳамкорлиги"ни амалга ошириш мақсадида маҳалладаги бешлик - маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли ва профилактика инспекторининг бир куни мактабдаги муаммоларни ечимига қаратилади:
Душанба куни - маҳалла раиси, сешанба куни - ёшлар етакчиси, чоршанба куни - ҳоким ёрдамчиси, пайшанба куни - профилактика инспектори, жума куни - хотин-қизлар фаоли ўз йўналиши бўйича мактаб билан бирга ишлайди.
- маҳалла раиси мактаб маъмурияти билан муаммоли оила (ота-она) лар билан шуғуллунади. Фанларни ўзлаштирмаётган ўқувчиларнинг ота-онасини маҳаллага чақиртириб, суҳбатлар ўтказиб, фарзандининг келажаги муҳим эканлигини тушунтиради.
- ёшлар етакчиси турли хил тадбирлар, мусобақалар ташкил этиб, билимли, намунали ёшлар сонини ошириш ва уларнинг ота-онасига миннатдорчиликлар билдиришга алоҳида эътибор қаратади.
- ҳоким ёрдамчиси битирувчи синф ўқувчиларига тадбиркорлик кўникмаларини шакл-лантириш, субсидия ва имтиёзли кредитлар олиш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича тавсиялар беради.
- профилактика инспектори мунтазам мактабга келмайдиган, жиноятчиликка мойил бўлган ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказиб, тегишли чоралар кўради.
- хотин-қизлар фаоли юқори синф қизлари билан фарзанд таълимида онанинг роли, оила масалалари юзасидан суҳбатлар ўтказади. 
II. "Ўқитувчига ҳурмат - бу халқимизга, жамиятимизга ҳурматдир" йўналишида:
- устозларга бўлган ҳурматни маҳалладан бошлаш ва нафақага чиққан устозларни тез-тез йўқлаб туриш лозим;
- туман миқёсида "Менинг маҳалламдаги устозим" тўпламини чоп этиш ҳам яхши самара беради;
- жамоатчилик, маҳалла-кўй, ота-оналар, ўқувчилар олдида ўқитувчининг мақомини ошириш, обрўсини кўтариш орқали "нажот - таълимда" деган тушунчани уларнинг онгига сингдириш асосий вазифа сифатида белгилаб олинади. 
III. "Ота-оналарнинг масъулияти" маҳалла фаолларининг асосий диққат эътиборида бўлади: 
Бунда боланинг билим олишида биринчи ўринда албатта ота-онанинг роли катта эканлигини ҳар бир ота-онага етказилади; 
- ота-она боласига тарбия бериш ва билим олиши учун шарт-шароит яратиш мажбурияти борлигини уқтирилади.
Маҳалладаги ўқиши, хулқи ва тарбияси билан намуна бўлган ўқувчиларни аҳоли ўртасида эътироф этиб, уларни имкон қадар рағбатлантирилади. 
2023 йил Оқдарё туманидаги таъмирталаб  маҳалла бинолари янгидан таъмирланиши ва мавжуд маҳалла фуқаролари йиғини биноларидан аксариятига иситиш тизимлари ва қуёш панеллари ўрнатилиши кўзда тутилмоқда.
Ҳозирги кунда Самарқанд вилоятидаги маҳаллалар тизимида "Маҳалла раислари фаолиятини мувофиқлаштириш ахборот тизими" электрон платформаси жорий этилиб, ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари кунлик иш фаолиятини электрон тарзда платформада ёритиб боришмоқда.  Буни бир сўз билан айтадиган бўлсак, маҳалла раиси ўзи ўз қўли билан "табели"ни тўлдириб бораяти.
Фурсатдан фойдаланиб, туманимиздаги барча онахонларимизни, фидойи хотин-қизларимизни юртимизга кириб келаётган баҳор айёми билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Бахтимизга юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон, келажагимиз порлоқ бўлсин!
Д. МАМАДИЯРОВА,
туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.