З.М.Бобур ҳақида

ШОҲЛАР ШОИРИ -  ШОИРЛАР ШОҲИ

Улуғ ўзбек шоири, мутафаккир, тарихчи ва давлат арбоби; марказлашган давлат - бобурийлар салтанати асосчиси Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Андижонда туғилди. Амир Темурнинг бешинчи авлоди, Фарғона ҳукмдори Умаршайхнинг фарзанди. Бобур 12 ёшда (1494) тахтга чиқди. 

Бобурнинг отаси - Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси - Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган. Умаршайх Мирзо хонадони пойтахт Андижоннинг арки ичида яшар эди. Ҳоким ёз ойлари Сирдарё бўйида, Ахсида, йилнинг қолган фаслини Андижонда ўтказарди. Бобурнинг ёшлиги Андижонда ўтган. Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим, фиқх илми, араб ва форс тилларини ўрганади, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилади, илм-фанга, шеъриятга қизиқа бошлайди. Довюраклиги ва жасурлиги учун у ёшлигидан "Бобур" ("Шер") лақабини олади.

Бобурнинг ўз шеърий асарларини тўплаб, девон ҳолига келтирган санани кўрсатувчи аниқ тарихий маълумотлар маълум эмас. Аммо "Бобурнома"нинг 1518-19 йиллар воқеалари баёнига бағишланган фаслида Бобур девонини Кобулдан Самарқандга юборганлиги тўғрисида сўз боради. Демак, шу йилларда унинг девонига тартиб берилган ва мазкур девон Мовароуннаҳрда ҳам тарқалган.

Ҳозирда унинг 119 ғазали, бир масну шеъри, 209 рубоийси, 10 дан ортиқ туюқ ва қитъалари, 50 дан ортиқ муаммо ва 60 дан зиёд фардлари аниқланган. Девони таркибида умумий ҳажми 270 байтдан иборат 8 маснавий ҳам ўрин олган.

Бобур ижодида ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзуи ҳам салмоқли ўрин тутади. Унинг ғазал ва рубоийларида, туюқ ва маснавийларида маъшуқанинг мафтункор гўзаллиги, беқиёс ҳусну латофати, шарқона одобу ахлоқи, нозу карашмаси енгил ва ўйноқи, мусиқий ва равон мисраларда катта маҳорат билан тараннум этилади.

Бобур шуҳратда даҳо Алишер Навоийнинг ёнида турадиган мумтоз сўз санъаткори, шоир ва адибдир. Бадиий маҳорат бобида бирор ўзбек шоҳ ва шоири Бобур билан беллаша олмайди. Шеърият учун хос бўлган бир неча заруратлар: нуқтапардозлик (янги фикрлар айта олиш маҳорати), жозибали бадиий санъатлардан меъёрида усталик билан фойдаланиш сеҳргарлиги ва эҳтирос жўшиб турган рангин туйғулар талқини бобурона самимий шеърият фазилатларидир. Бунинг устига унинг мумтоз шеъриятга дадил киритган таржимаиҳоллик хусусияти ҳам Бобур шеъриятини алоҳида нурлантириб туради. Ана шу кейинги хусусият шоирнинг ватанпарварлик туйғуларига жон бағишлайди. У она шаҳри, Ватани соғинчларини шеърда ифодалар экан, Ҳиндистон шаҳаншоҳи беихтиёр ўзининг андижонлик ғариблигига китобхон эътиборини тортади:

Не ерда бўлсанг, эй гул, андадур

                         чун жони Бобурнинг,

ғарибингға тараҳҳум айлагилким,

                                  андижонийдур.

Шоирона юртсеварлик, ватанфидойилик Бобур шахсида шунчалик тантана қиладики, буюк император Бобур энди Андижондан йироқликни, гарчи бу мартаба Ҳиндистон тахти бўлса ҳам, қисматдаги юз қаролиғ, деб ҳисоблайди:

Толеъ йўқки жонимға балолиғ

                                               бўлди,

Ҳар ишники айладим хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори

                                         юзландим,

Ё Раб, нетайин, не юз қаролиғ

                                              бўлди?!

Ўзбек миллати ва Ўзбекистонни ўз шоҳ асари "Бобурнома" билан жаҳонга танитган шоҳ ва шоир Бобур таваллудининг бу йил 538 йиллиги тантаналари мактаблар, маърифий даргоҳлардагина эмас, балки кўпмиллатли халқларимиз кўнгилларида акс-садо бермоқда.

Мавзуга оид: