Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ваучер асосида янги ижтимоий хизматлардан фойдаланиш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2025 йил 8 майдаги ПҚ-171-сонли ва Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 18 июндаги 376-сон қарорларига мувофиқ:- 2025 йил 1 июндан бошлаб ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахсларни қўллаб қувватлашга қаратилган "Фаол ҳаётга қадам" дастури жорий этилди.
Дастур доирасида қуйидаги 5 турдаги янги ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Булар:
1. Уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизмати;
2. Уй шароитида қараб туриш хизмати;
3. Тиббий-ижтимоий реабилитация хизмати;
4. Кундузги қатнов асосида қараб туриш хизмати;
5. Шахсий ёрдамчи хизмати;
Ижтимоий хизматлар "Инсон" марказлари ёки тизим ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркорлар, юридик шахслар ёки ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан кўрсатилади.
Кўрсатилган ижтимоий хизматлар ҳақидаги маълумотлар ҳамда ушбу хизматлардан ҳақиқатда фойдаланган шахснинг биометрик маълумотлари хизмат кўрсатилган кунда хизмат кўрсатувчи томонидан "Ижтимоий ҳимоя" АТга киритиб борилади.
Юқумли ёки руҳий касаллик билан касалланган шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатилмайди.
Ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагида бўлган шахс ёки унинг вакили "Инсон" марказига ўзи келган ҳолда ёки ўзи яшайдиган ҳудудда фаолият юритувчи "Инсон" марказининг ижтимоий ходимига ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки "Ижтимоий ҳимоя" АТ орқали мурожаат қилади. Бунда мурожаат қилган шахс ижтимоий хизматлардан фойдаланиш истагида бўлган шахсда юқумли касаллик билан касалланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги тўғрисида оилавий поликлиникадан берилган маълумотномани тақдим этиши ёки тегишли ахборот порталига бириктириши лозим.
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар реестри ёки Камбағал оилалар реестрига киритилганлиги ҳолати ёхуд "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олувчи шахс (оила) эканлиги ўрганилади.
1. Уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш хизматига:
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритилган ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 116 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги шахслар киради.
2. Уй шароитида қараб туриш хизматига:
Ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 53 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги қуйидаги мезонлардан бирига жавоб берадиган шахс (оила):
Камбағал оилалар реестрига киритилган шахс (оила);
"Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олувчи шахс (оила).
3. Тиббий-ижтимоий реабилитация хизматига:
Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг реестрига киритилган ҳамда ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 62 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги шахс;
Камбағал оилалар реестрига киритилган ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олувчи шахс (оила) бўлган ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 62 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги жароҳатланиш ва бош мия қон айланиши бузилиши (инсульт) ташхиси қўйилган шахслар.
4. Кундузги қатнов асосида қараб туриш хизматини кўрсатишга:
Ўзгалар парваришига муҳтожлик даражаси Бартел ва Лаутон шкалалари бўйича 0 баллдан 62 баллгача бўлган 18 ва ундан катта ёшдаги Камбағал оилалар реестрига киритилган ёки "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни олувчи шахслар (оила).
5. Шахсий ёрдамчи хизматига:
18 ёшдан 55 ёшгача аёллар ёки 60 ёшгача эркаклар бўлган:
кўзи ожизлик бўйича I гуруҳ ногиронлиги биринчи маротаба белгиланган шахслар ногиронлик белгиланган вақтдан бошлаб 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда мурожаат қилганда;
биринчи марта аравачадан фойдаланиш белгиланган шахс, биринчи марта аравачадан фойдаланиш белгиланган вақтдан бошлаб 6 ойдан кўп бўлмаган муддатда мурожаат қилганда.
Ш.САНАҚУЛОВ,
туман "Инсон" ижтимоий хизматлар маркази Катта ёшдагилар ва оғир вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш шўъбаси мудири.
Мавзуга оид:
Хотин-қизларга эътибор кучайтирилмоқда
- 10 мар, 11:52
Юридик хизмат кўрсатиш тартибидан хабардормисиз?
- 10 фев, 10:23
Жамият ва ҳаёт
- 26 апр, 10:16
Ижтимоий ҳаёт
- 27 ноя, 13:46




