Ўз касбининг фидойиси

- Қизим биринчи фарзандини дунёга келтирди, - дейди ёши  қирқлардан ошган аёл. - Туғруқхона бўлимида унга шифокорлар
барча шароитни яратиб беришди. Айниқса ширин сўзли, камтарин ва самимий инсон, бўлимда кундузги анестизист мутахассиси бўлиб ишлаётган Баҳодиржон 
Мустафоевдан беҳад мамнунмиз. У қизим учун зарур бўлган барча муолажаларни адо этиб, дори-дармон билан таъминлаб турди. Барака топсин.
Ҳа, турмушда шундай инсонларга рўбару келамизки, касбига садоқати, ён-атрофидагиларга бўлган меҳрини кўриб, уларга нисбатан ҳурматимиз янада ошади. Қарийб 35 йилдан буён шифохонанинг
туғруқ бўлимида ўз касбини ардоқлаб, тумандошларимизнинг олқишини олаётган Баҳодир Мустафоевни ҳамкасблари ўз
касбининг фидойиси сифатида ҳурмат қилишади. Бу бежиз эмас.  Ҳар бир бемор у кишининг муомаласидан, ширин сўзидан
миннатдор. Чунки у вақт билан ҳисоблашмайди, бўлимда даволанаётган ва фарзанд кутаётган инсонларни худди ўзининг қизидек, синглисидек кўриб, уларга беминнат ёрдам кўрсатади, уларнинг дардига қулоқ тутиб, кўнглини кўтаради. Ширинсўзлик,
самимийлик унинг доимий одатига айланган.
- Шифокорлик касбимни танлаганимдан мамнунман, - дейди Баҳодир суҳбат чоғида. - Бу ерга келган тумандошларимизни
дарддан фориғ бўлишга, гўдакларини дунёга келтираётган сингилларимизнинг қувонган кўзларини кўриб янада қувонаман. 
Биз ҳам ўз навбатида шифокор деган улуғ касбни ардоқлаб, элда ҳурмат топаётган самимий ва камтарин инсон Баҳодиржон
Мустафоевни келгусидаги ишларига ривож тилаб, эл хизматидан асло ҳориманг, ҳамиша омон бўлинг, деймиз. 
Ўз мухбиримиз.