Ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларини ошкор қилганлик учун жавобгарлик белгиланди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилинишига қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ҳозирги вақтда процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлиги учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган.
Шу муносабат билан ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурати юзага келмоқда.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар томонидан уларни суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Қонун суд процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, шунингдек, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотлари ҳамда тафсилотлари ошкор этилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 239-моддасида:
“Суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг рухсатисиз, шунингдек ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик мажбурияти ўз зиммасига юклатилган шахс томонидан уларни ошкор қилиш” деб белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 68-моддаси тўртинчи қисмида:
“Эксперт била туриб нотўғри хулоса берганлиги, суриштирув ёки дастлабки тергов маълумотларини суриштирувчининг, терговчининг ёхуд прокурорнинг рухсатисиз, ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини эса суднинг рухсатисиз ошкор қилганлиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра хулоса беришни рад этганлиги ёки бу ишдан бўйин товлаганлиги учун жиноий жавобгарлик белгиланди.”
Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 402¹-моддасига кўра:
“Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқарилганда, ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади. Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилиши белгиланган.”
И. А. Ғуломов
Жиноят ишлари бўйича Оқдарё туман судининг тергов судьяси
 
Мавзуга оид: