"ҚУЛОҚЛАР ОПЕРАЦИЯСИ" ЁКИ ҚАТАҒОН СИЁСАТИНИНГ МУДҲИШ ОҚИБАТЛАРИ ОҚДАРЁ ТУМАНИ ТАРИХИНИНГ ҚАЙҒУЛИ САҲИФАЛАРИДА

Ўзбекистоннинг совет режими давридаги тарихини мислсиз аламли ва қайғули саҳифаларидан бири мудҳиш XX асрнинг 30-йилларида "Катта террор", ёки "Қулоқлар операцияси" деб номланган советларнинг қатағон сиёсати даврида халқимиз, айниқса қишлоқ аҳолисининг катта қисмини ҳақ-ҳуқуқлари, инсоний қадриятлари оёқости қилиб, топталиб, қонунсизлик билан узоқ муддатларга қамоқ жазосига тортилгани, отиб юборилгани, қулоқ (қулоқ - ўз хўжаликларида шахсий даромадлари асосида бойлик орттирган кишиларга нисбатан ишлатилган атама) сифатида ва меҳнат тузатув лагерларида ҳалок бўлиб кетганидир.
ВКП(б) М.К Ўрта Осиё бюроси Ижроия комитети ва Ўзбекистон КП(б) МК 1930 йил январь ойида "Ёппасига коллективлаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан, 1930 йил 26 январида Ўзбекистондаги 18 та туманни ёппасига коллективлаштириш райони деб эълон қилди. Бу туманлар орасида Оқдарё тумани ҳам бор эди. 1930 йил 17 февралда юқоридаги орган томонидан "Коллективлаштириш ва қолоқ хўжаликларни тугатиш тўғрисида"ги янги қарорни қабул қилиниши бу жараённи тезлаштирди. Самарқанд округи ижроия комитети раиси Винокуровнинг "Самарқанд округи буйича барча ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар   рўйхатини текшириш натижалари тўғрисидаги жамланган маълумотнома"да Оқдарё туманидан жами 301 нафар айби кўриб чиқилиб, ҳуқуқи тикланганлар,  яъни айби кўриб чиқилиб озод этилганлар 41% ни, 353 нафар тумандошимиз ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар рўйхатида қолдирилганлиги маълум қилинган. Бу 50,6% ни ташкил этган. Коллективлаштириш ва қулоқлаштириш тадбирлари Оқдарё туманида фаол олиб борилган. Ўзбекистон МДА ҳужжатларига таянган, таниқли олим Рустам Шамсиддиновнинг маълумотларига кўра, 1931 йил 15 февралга қадар Оқдарёдан 142 киши қулоқ қилинган. 1931 йил 28 мартгача бўлган даврда Оқдарёда 30 та 1 тоифали яъни энг оғир "жиноятчилар" (Н.М)  қулоқлар рўйхатига киритилиб, шулардан 24 таси қамоққа олинган. 1931 йил охирларигача Оқдарёда 8494 та деҳқон хўжаликлари, 1932 йилда эса 58 та хўжалик қулоқ хўжаликлар деб эълон қилинган .Булардан фоиз ҳисобида 0,7% сургун қилиниб, 92% коллективлаштирилган. Ушбу фаолият натижасида сургун қилишга ҳукм қилинган ватандошларимиз яъни тумандошларимиз Шимолий Кавказга, Украина ва Сибирь ҳудудларига сургун қилиниб, инсоний қадр-қиммати топталган. Рустам Шамсуддинов ва А. Мамажоновларнинг "Шимолий Кавказга сургун қилинганлар қисмати" асарида келтирилган юқоридаги маълумотларга таяниб, Оқдарё тумани Самарқанд вилоятининг иқтисодий  ривожида муҳим ўрин тутганлигига яна бир бор амин бўламиз. 
1930 йил 26 январда Оқдарё туманини ёппасига жамоалаштириш райони деб эълон қилиниши аҳолини ижтимоий ҳаётини ўзгартириб юборди. Ўрта Осиё бюроси қулоқлар бўйича комиссия 1931 йил 1 апрелда Ўзбекистон КП "Ёппасига жамоалаштириш районларида қулоқ қилишнинг бориши ҳақида"ги масала юзасидан махсус  қарор қабул қилди. Бу ҳужжатда Оқдарё туманидаги 1 тоифали  қулоқларни тугатиш қайд этилган. Юқоридаги қарор ва маълумотлар асосида 1931 йил 11 сентябрда  № 617 эшелон рақамли  Самарқанд станциясидан Семичная Шимолий Кавказ станциясига жами 304 оила, жами 1591 нафар киши юборилган. Булар орасида оқдарёликлар ҳам бор эди. Р.Шамсуддиновнинг маълумотига кўра, 1932 йил 28 майгача Оқдарёдан 58 хўжалик умумий ҳажмда 219 киши, 72 нафар эркак, 50 нафар аёл, 977 нафар ёш болалар сургун қилинган. Оқдарё туманидаги жами 105397 хўжаликлардан Ўзбекистондан кўчириш  учун олдиндан белгилаб қўйилган қулоқ хўжаликларидан 1932 йилда жами 110 хўжалик кўчирилиши белгилаб қўйилган. 1932 йил 1 апрелда туман ҳудудидан 162 та қулоқ хўжалик ҳибсга олинган. Ўттизинчи йиллар ватанимиз тарихида кўплаб аянчли воқеаларга бой бўлди. Ватан озодлиги учун курашган халқимизнинг асл фарзандлари қатағон қилинди, сиёсий тазйик остига олинди, жисмонан йўқ қилинди. Бу  даврда Ўзбекистондан 100 минг киши мудҳиш қатағон сиёсати домига тортилди. Улардан 13 минг нафари отиб ташланди. Қолганлари турли лагерь ва қамоқхоналарга жўнатилиб, инсоний қадр-қиммати топталди. Фақатгина 1937-39 йилларда Ўзбекистонда 43 мингдан зиёд киши қамоққа олинди. Улардан 6 минг 920 нафари отиб ташланди. 37 минг нафари қамоқ ва сургунга учради.Бу қатағон қурбонлари орасида бизнинг тумандошларимиз ҳам бор эди. 
1937 йилнинг 30 июлида СССР Ички ишлар халқ комиссарларининг "Собиқ қулоқ- лар, жиноятчилар ва бошқа антисовет элементларини қатағон қилиш бўйича операция тўғрисида"ги 00447-сонли оператив «Мутлақо махфий» тамға остидаги махсус буйруғи чиқарилди. Шунга кўра,  1937 йил 28 октябрдан НКВД Учлик (Апресян, Яковлев, Сегизбоев, Шейндлин)лар ҳукм этилган маҳбуслар рўйхатини тузиб чикди.  Бу "28-сонли баённома" номи билан аталиб, унда Оқдарё туманидан қулоқ қилинган, антисовет кайфиятидаги инсонлар ҳам бор эди. Ушбу баённомада Оқдарё туманидан қуйидаги шахслар турли айб-ловлар билан ҳукм этилган эди.
5735-сонли иш бўйича Окдарё туман Чуқур қишлоғидан қулоққа тортилган Элмурод Файзи (1868 йилда туғил-ган)  10 йилга ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 28 августдан ҳисобланган. У колхозчилар орасида аксилин-қилобий, колхозга қарши тарғибот олиб борганлиги учун айбланган. 
1381-сонли иш бўйича Оқдарё туман Қоратухум қишлоғидан собиқ қулоқ, Волость бошқарувчисининг ўғли Рустамов Яҳё (1900 йилда туғилган)   10 йил муддатга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазо муддати 1937 йил 28 августдан ҳисобланган. Колхозчиларни пахта экишдан бош тортишга ундагани учун айбланган. 
5785-сонли иш бўйича Тўртайғир қишлоғидан собиқ имом, Абдуллаев Мардихон (1880 йилда туғилган) 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 29 ав-  густдан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган.
5736-сонли иш бўйича Хайрбуви қишлоғидан, собиқ қулоқ 148-модда бўйича 3 йилга қамоққа ҳукм қилинган Маматов Бобомурод (1882 йилда ту-ғилган) ВКП(б) сафидан ўчирилган. 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 28 августдан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган.
5658- сонли иш бўйича Чавка қишлоғидан, собиқ имом "босмачилик" ҳаракати иштирокчиси Ҳайдаров Бошмон (1891 йил туғилган) 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 20 августдан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган. 
1211-сонли иш буйича Губай қишлоғидан  Алиқулов Мулла Ортиқ (1871 йил туғилган) қулоққа тортилган. Давлат мажбуриятларини бажармаганлиги учун 2 йилга қамоққа ҳукм қилинган. 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 7 майдан  ҳисобланган. "Халқ душман"ларини мақтаганликда айбланган.
Ушбу юқорида номлари тилга олинган оқдарёликлар юқоридаги манбаларда тилга олинганларидан бир нечтаси холос. Минглаб тумандошларимиз бу сиёсатнинг қурбони бўлганлиги архив ва бошқа ҳужжатларда қайд этилган. Бундай қатағон сиёсати 50 йилларда ҳам аянчли тартибда давом эттирилди. "Панисломист", "Миллатчи", "Миллий иттиход" инқилобий  ташкилотларини аъзоси сифатида кўплаб инсонлар "Мафкуравий бузғунчилик, халқлар дўстлигига зид ғоялар тарғиботчиси" деган асоссиз айбловлар билан йўқ қилинди.   
Ушбулардан маълумки, совет режими томонидан 1930 йилда бошланган коллективлаштириш ва қулоқлар операцияси ва 1937 йил июлидан бошланган "Катта террор" 1938 йилнинг ноябригача давом этган. Бу мудҳиш қатағон бутун собиқ Иттифоқ   халқлари тарихига энг фожиали саҳифа бўлиб кирди. Улар бу фожиани ҳеч қачон, асло ўз қалблари ва хотираларидан чиқармайдилар. Бу фожиа тарихимизнинг, шу жумладан, ватанимиз тарихининг ажралмас бир қисми бўлган туманимиз ўтмишидаги энг оғир, қайғули, аламли, ҳасратли, мотамли саҳифасидир.
Нодир МИРЗАЕВ, 
  4-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси, мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.