Хрушчёв ҳақида китоблар қандай яратилганди?

Сталиндан кейин буюк СССР деб аталмиш собиқ иттифоқни 11 йил бошқарган Никита Сергевич Хрушчёв ҳақида ёзилган ва ўзи муаллифлик қилган китоблар ҳақида сўз юритишдан аввал унинг таржимаи ҳолига бироз тўхталсак. Зеро, Н. Хрушчёвнинг ҳаёти ва иш фаолияти ҳақида унчалик тасаввурга эга бўлмаган ҳозирги авлод ўқувчилари ҳам у ҳақида бироз маълумотга эга бўлсалар.
Н. Хрушчёв 1894 йилда Курск губерниясининг Капиновка қишлоғида шахтёрлар оиласида туғилган. 1908 йилдан Донбассдаги шахтада ишлай бошлайди. Фуқаролар уруши иштирокчиси. 1921 йилдан бошлаб партия ишида ишлай бошлаган. 1935-1938 йилларда ВКП(б) Москва шаҳар комитетининг 1-секретари. 1938-1947 йилларда Украина Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаган. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. 1949-1953 йилларда КПСС Марказий Комитети секретари ва бир вақтнинг ўзида Москва шаҳар партия комитетининг биринчи секретари бўлиб фаолият кўрсатган. 1953 йилнинг сентябридан КПСС Марказий Комитетининг биринчи секретари бўлиб ишлаган. 1964 йилнинг октябрь ойида лавозимидан бўшатилган. 1971 йилда вафот этган.
Н.Хрушчёвнинг Донбасс шахтасида ишлаган даври ҳақида китоб яратиш ғояси биринчи бўлиб Донецк област партия комитети пропаганда бўлими мудири Л.Скобцовдан чиқди. ўоя ҳақида област партия комитети бюроси йиғилишига масала киритилади. Лекин нима учундир протоколга бу ҳақда ҳеч бир ёзув киритилмади. Л.Скобцов "Донбасс Комсомоли" газетаси редактори П. Богдановга Москвага бориб А.Аджубей (Н. Хрушчёвнинг куёви) билан учрашиш вазифасини юклади.
- Мен Москвада А.Аджубей билан учрашиб, китоб ҳақида, қай йўллар билан маълумотларни йиғиш тўғрисида ўз фикрларимни билдирдим. Бунинг учун у кишидан амалий ёрдам беришни сўрадим, - деб ёзади П.Богданов.
- Буларга менинг қандай алоқам бор, - ажабланди А. Аджубей, бироз муддат ўйланиб турдида, бир кундан кейин учрашишни, бу ҳақда кимлар биландир маслаҳатлашиш кераклигини айт-ди. Орадан бир кун ўтиб, А. Аджубей ўзидан қандай ёрдам кераклигини сўради. Ундан архивга кириш учун рухсат олиб беришни илтимос қилишди. Илтимос албатта, дарров бажарилди. Ахир, А. Аджубей кимсан, КПСС Марказий Комитети биринчи секретарининг куёви. Қолаверса, нуфузли марказий газетанинг бош муҳаррири эди. Унинг қўнғироғи билан Пироговкада жойлашган Давлат архивида донбасслик меҳмонларни генераллик мундиридаги директорнинг шахсан ўзи кутиб олди. Архивда ва шаҳарда бўлажак муаллифларга барча керакли шароитларни яратиб беришди.
Орадан кўп ўтмай, Донбасс област партия комитети секретари А. Белоколос редакторлигида "Фахрий шахтёр ҳақида ҳикоялар" номли чиройли муқовали китоб босмадан чиқди. Китобнинг муаллифлари оз эмас, кўп эмас 6 киши эди.
Сир эмас, муаллифлар китоб учун яхшигина қалам ҳақлари олишди. Тираж учун алоҳида ҳақ тўлашди. Китобнинг тўлдирилган иккинчи нашри учун қизғин тайёргарлик бошланиб кетди. Украина Компартияси Марказий Комитети муаллифларни ва редакторни Ленин мукофотига тавсия этмоқчи эканлиги ҳақида гап-сўзлар оралаб қолди. Лекин китобнинг иккинчи нашри чиқмади. Чунки Н.Хрушчёвни ўзи қўллаб-қувватлаб то КПСС Марказий Комитетининг иккинчи котиблиги вазифасигача олиб келган Л.Брежнев Суслов ва бошқалар билан тил бириктириб, вазифасини топширишга мажбур қилишди.
Оқибатни қарангки, Брежнев Хрушчёвдан ҳокимиятни тортиб олгач, ўзи ҳам уялмай номидан "Қўриқ", "Кичик ер", "Тикланиш" каби хотира китобларини кимлардир ёзиб беришига йўл қўйди.
Бундан сал илгарироқ нашр этилган "Америка билан юзма-юз" китоби учун Н. Хрушчёв 12 нафар (!) авторга ҳам Ленин мукофоти лауреати унвонини олиб берганди. Бу китоб биринчи марта 250 минг нусхада оддий муқовада ва совғабоп муқоваларда чоп этилган эди. Китобни ёзишда қатнашган А. Аджубей. Н. Грибачев. Г. Шуйский...лар қаторига 13-бўлиб машҳур ёзувчи Михаил Шолоховнинг номини ҳам тиркаб қўйишганди. Лекин ёзувчи Хрушчёвнинг қалин дўсти бўлишига қарамай китобга ҳаммуаллифлик қилишга рози бўлмайди.
Албатта, бу билан биз Н. Хрушчёвни нўноқлик ва калтафаҳмликда айблай олмаймиз. Чунки у кучли нотиқ бўлгани, ўз номидан чоп этиладиган мақолаларни (бошқа бировлар ёзган бўлсаларда) синчиклаб ўқиб чиққан ва айрим тузатишлар киритган. 1957 йил 24 февралдан 25 февралга ўтар кечаси КПСС XX съездида "Шахсга сиғиниш ва унинг зарарли оқибатлари тўғрисида" маъруза қилди. У машҳур сиёсатшунос олимлар Поспелов ва Аристовлар томонидан тайёрланган матнни "жуда бўш ёзилган", деб қайта таҳрир қилади ва Сталиннинг инсоният олдидаги жиноятларини ҳеч қўрқмасдан очиб ташлайди. Бундан ташқари,       Н.Хрушчёв биринчи раҳбар бўлиб ишлаган даврида кўпгина ибратли ишларни ҳам амалга оширганини тан олмоқ керак. У ўз бошқаруви даврида қишлоқ билан шаҳар ўртасидаги фарқни йўқотишга уринган, у қишлоқ хўжалигини либераллаштириб, давлатнинг маҳсулот сотиб олишдаги прейскурант нархини анчага кўтаради. Колхозчилардан олинадиган солиқларни камайтирди. Қишлоқ хўжалигига янги-янги технологияларни олиб кирди.
Албатта, бу ижобий ишлари унинг яхшигина китоб ёза олиши мумкин эди,  деган хулосага олиб келмайди. Қолаверса, давлат ишларидан ортиб, биринчи раҳбарларнинг китоб ёзганига сира ишонгинг келмайди. Айниқса, ҳар йили кўплаб мамлакатларда сафарда бўладиган Н.Хрушчёвдек раҳбарнинг китоб ёзиш учун бўш вақт топишининг ўзи кулгили.
Иззатулла НОРҚУВВАТОВ.