"ҚУЛОҚЛАР ОПЕРАЦИЯСИ" ЁКИ ҚАТАҒОН СИЁСАТИНИНГ МУДҲИШ ОҚИБАТЛАРИ

Ўзбекистоннинг совет режими давридаги тарихини мислсиз аламли ва қайғули саҳифаларидан бири мудҳиш XX асрнинг 30-йилларда "Катта террор" ёки "Қулоқлар операцияси" деб номланган советларнинг қатағон сиёсати даврида халқимиз, айниқса, қишлоқ аҳолисининг катта қисмини хақ-ҳуқуқлари, инсоний қадриятлари оёқ-ости қилиниб, топталиб, қонунсизлик билан узоқ муддатларга қамоқ жазосига тортилгани, отиб юборилгани қулоқ (ўз хўжаликларида шахсий даромадлари асосида бойлик орттирган кишиларга нисбатан ишлатилган атама) сифатида ва меҳнат тузатув лагерларида ҳалок бўлиб кетганидир.
ВКП(б) М.К Ўрта Осиё бюроси Ижроия комитети ва Ўзбекистон КП(б) МК 1930 йил январь ойида "Ёппасига коллективлаштириш тўғрисида"ги қарорига асосан 1930 йил 26 январида Ўзбекистондаги 18 та туманни ёппасига коллективлаштириш райони деб эълон килди. Бу туманлар орасида Оқдарё тумани ҳам бор эди. 1930 йил 17 февралда юқоридаги орган томонидан "Коллективлаштириш ва қулоқ хўжаликларни тугатиш тўғрисида"ги янги қарорни қабул қилиниши бу жараённи тезлаштирди. Самарқанд округи ижроия комитети раиси Винокуровнинг "Самарқанд округи бўйича барча ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар  рўйхатини текшириш натижалари тўғрисидаги жамланган маълумотнома"да Оқдарё туманидан жами 301 нафар айби кўриб чиқилиб, ҳуқуқи тикланганлар,  яъни айби кўриб чиқилиб озод этилганлар 41 фоизни, 353 нафар тумандошимиз ҳуқуқдан маҳрум қилинганлар руйхатида қолдирилганлиги маълум қилинган.  Бу 50,6 фоизни ташкил этган.  Коллективлаштириш ва қулоқлаштириш тадбирлари Оқдарё туманида фаол олиб борилган. Ўзбекистон МДА ҳужжатларига таянган таниқли олим Рустам Шамсиддиновнинг маълумотларига кўра, 1931 йил 15 февралга қадар Оқдарёдан 142 киши қулоқ килинган. 1931 йил 28 мартгача бўлган даврда Оқдарёда 30 та 1 тоифали, яъни энг оғир "жиноятчилар" (Н.М)  қулоқлар рўйхатига киритилиб, шулардан 24 таси қамоққа олинган. 1931 йил охирларигача Оқдарёда 8494 та деҳқон хўжаликлари, 1932 йилда эса 58 та хўжалик қулоқ хўжаликлар деб эълон қилинган. Булардан  0,7 фоизи сургун қилиниб, 92 фоизи коллективлаштирилган. Ушбу фаолият натижасида сургун қилишга ҳукм қилинган ватандошларимиз яъни тумандошларимиз Шимолий Кавказга, Украина ва Сибир ҳудудларига сургун қилиниб, инсоний қадр-қиммати топталган. Рустам Шамсуддинов ва А. Мамажоновларнинг "Шимолий Кавказга сургун килинганлар қисмати" асарида келтирилган юқоридаги маълумотларга таяниб, Оқдарё тумани Самарқанд вилоятининг иқтисодий  ривожида муҳим ўрин тутганлигига яна бир бор амин бўламиз. 
1930 йил 26 январда Оқдарё туманини ёппасига жамоалаштириш райони деб эълон қилиниши  аҳолини ижтимоий ҳаётини ўзгартириб юборди. Ўрта Осиё бюроси  қулоқлар бўйича комиссия 1931 йил 1 апрелда Ўзбекистон К.П "Ёппасига жамоалаштириш районларида қулоқ қилишнинг бориши ҳақида"ги масала юзасидан махсус қарор қабул қилди. Бу ҳужжатда Оқдарё туманидаги 1 тоифали қулоқларни  тугатиш қайд этилган. Юқоридаги қарор ва маълумотлар асосида 1931 йил 11 сентябрда  617- эшелон рақамли Самарқанд станциясидан Семичная Шимолий Кавказ станциясига жами 304 оила, жами 1591 нафар киши юборилган. Булар орасида оқдарёликлар ҳам бор эди. Шамсуддиновнинг маълумотига кўра, 1932 йил 28 майгача Оқдарёдан 58 хўжалик умумий ҳажмда 219 киши, 72 нафар эркак, 50 нафар аёл, 977 нафар ёш болалар сургун қилинган. Оқдарё туманидаги жами 105397 хўжаликлардан Ўзбекистондан кўчириш  учун олдиндан белгилаб кўйилган  қулоқ хўжаликларидан 1932 йилда жами 110 хўжалик кўчирилиши белгилаб қўйилган.  1932 йил 1 апрелда туман ҳудудидан 162 та қулоқ хўжалик ҳибсга олинган. 30-йиллар ватанимиз тарихида кўплаб аянчли воқеаларга бой бўлди. Ватан озодлиги учун курашган халқимизнинг асл фарзандлари қатағон қилинди, сиёсий тайзиқ остига олинди, жисмонан йўқ қилинди.  Бу даврда Ўзбекистондан 100 минг киши мудҳиш қатағон сиёсати домига тортилди. Улардан 13 минг нафари отиб ташланди. Қолганлари турли лагер ва қамоқхоналарга жўнатилиб, инсоний қадр-қиммати топталди. Фақатгина 1937-39 йилларда Ўзбекистонда 43 мингдан зиёд киши қамоққа олинди. Улардан 6 минг 920 нафари отиб ташланди. 37 минг нафари қамоқ ва сургунга учради. Бу қатағон қурбонлари орасида  тумандошларимиз ҳам бор эди. 
1937 йилнинг 30 июлида СССР Ички ишлар халқ комиссарларининг "Собиқ қулоқлар, жиноятчилар ва бошқа антисовет элементларини қатағон қилиш бўйича операция тўғрисида"ги 00447-сонли оператив мутлақо махфий тамға остидаги махсус буйруғи чиқарилди. Шунга кўра,  1937 йил 28 октябрдан НКВД Учлик (Апресян, Яковлев, Сегизбоев, Шейндлин)лар ҳукм этилган маҳбуслар рўйхатини тузиб чиқди.  Бу "28-сонли баённома" номи билан аталиб, унда Оқдарё туманидан қулоқ қилинган, антисовет кайфиятидаги инсонлар ҳам бор эди. Ушбу баённомада Оқдарё туманидан қуйидаги шахслар турли айбловлар билан ҳукм этилган эди.
5735-сонли иш бўйича Оқдарё тумани Чуқур қишлоғидан қулоққа тортилган Элмурод Файзи (1868 йил туғилган) 10 йилга ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 28 август-дан ҳисобланган. У колхозчилар орасида аксилинқилобий, колхозга қарши тарғибот олиб борганлиги учун айбланган. 
1381-сонли иш бўйича Оқдарё туман Қоратухум қишлоғидан собиқ қулоқ, Волост бошқарувчисининг ўғли Рустамов Яҳё (1900 йил туғилган)  10 йил муддатга меҳнат тузатув лагерига ҳукм этилган, жазо муддати 1937 йил 28 августдан ҳисобланган. Колхозчиларни пахта экишдан бош тортишга ундагани учун айбланган. 
5785-сонли иш бўйича Тўртайғир қишлогидан собиқ имом, Абдуллаев Мардихон (1880 йил туғилган) 10 йилга меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 29 августдан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган.
5736-сонли иш бўйича Қайрбобо кишлоғидан, собиқ қулоқ 148-модда бўйича 3 йилга камоққа ҳукм қилинган Маматов Бобомурод (1882 йил туғилган) ВКП(б) сафидан ўчирилган. 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 28 август-дан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган.
5658-сонли иш буйича Чавка қишлоғидан, собиқ имом "босмачилик" харакати иштирокчиси Ҳайдаров Бошмон (1891 йил туғилган) 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 20 август-дан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган. 
1211-сонли иш бўйича Губай қишлоғидан  Алиқулов Мулла Ортиқ (1871 йил туғилган) қулоққа тортилган. Давлат мажбуриятларини бажармаганлиги учун 2 йилга қамоққа ҳукм қилинган. 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 7 майдан  ҳисобланган. "Халқ душман"ларини мақтаганликда айбланган.
Ушбу юқорида номлари тилга олинган окдарёликлар кўрсатилган манбаларда тилга олинганларидан бир нечтаси холос.   Минглаб тумандошларимиз бу сиёсатнинг қурбони бўлганлиги архив ва бошқа ҳужжатларда қайд этилган. Бундай қатағон сиёсати 50 йилларда ҳам аянчли тартибда давом эттирилди. "Панисломист", "Миллатчи", "Миллий иттиход" инқилобий ташкилотларини аъзоси сифатида кўплаб инсонлар "Мафкуравий бузғунчилик, халқлар дўстлигига зид ғоялар тарғиботчиси" деган асоссиз айбловлар билан йўқ қилинди.  
Ушбу келтирилган фактлардан маълумки, совет режими томонидан 1930 йилда бошланган коллективлаштириш ва қулоқлар операцияси ва 1937 йил июлидан бошланган "Катта террор" 1938 йилнинг ноябригача давом этган. Бу мудҳиш қатағон бутун собиқ Иттифоқ халқлари тарихига энг фожеали саҳифа бўлиб кирди. Инсоният бу фожеани ҳеч қачон ўз қалблари ва хотираларидан чиқармайдилар. Бу фожеа тарихимизнинг, шу жумладан ватанимиз тарихининг ажралмас бир қисми бўлган туманимиз ўтмишининг энг оғир, қайғули, аламли, ҳасратли саҳифасидир.
Нодир МИРЗАЕВ,
   4-умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси, мактабнинг ижодий-
маданий масалалар бўйича 
тарғиботчиси.
Мавзуга оид: