МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

5736 сонли иш бўйича Кайрбобо қишлоғидан, собиқ қулоқ 148 модда бўйича 3 йилга қамоққа ҳукм қилинган Маматов Бобомурод (1882 йил туғилган) ВКП(б) сафидан ўчирилган. 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 28 августдан ҳисобланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган.
5658 сонли иш бўйича Чавка қишлоғидан, собиқ имом "босмачилик" ҳаракати иштирокчиси Ҳайдаров Бошмон (1891 йил туғилган) 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 20 августдан ҳисодланган. Колхозга қарши тарғибот қилганликда айбланган. 
1211 сонли иш бўйича Губай қишлоғидан  Алиқулов Мулла Ортиқ (1871 йил туилган) қулоққа тортилган. Давлат мажбуриятларини бажармаганлиги учун 2 йилга қамоққа ҳукм қилинган. 10 йил меҳнат тузатув лагерига ҳукм қилинган. Жазо муддати 1937 йил 7 майдан  ҳисобланган. Халқ душманларини мақтаганликда айбланган.
Ушбу юқорида номлари тилга олинган оқдарёликлар юқоридаги манбаларда тилга олинганларидан бир нечтаси холос.   Минглаб тумандошларимиз бу сиёсатнинг қурбони бўлганлиги архив ва бошқа ҳужжатларда қайд этилган. Бундай қатағон сиёсати 50 йилларда ҳам аянчли тартибда давом эттирилди. "Панисломист", "Миллатчи", "Миллий иттиход" инқилобий ташкилотларини аъзоси сифатида кўплаб инсонлар "Мафкуравий бузғунчилик, халқлар дўстлигига зид ғоялар тарғиботчиси" деган асоссиз айбловлар билан йўқ қилинди. Инсоният бошига даҳшатли азоб-уқубатлар солган иккинчи жаҳон урушида ҳам Ўзбекистондан 1 млн. 433 минг 230 нафар одам иштирок этди. Жасорат кўрсатган 338 нафар ватандошимиз "Уруш қаҳрамони" унвони билан, 53 нафари "Шуҳрат" орденлари билан мукофатланди. Урушда Самарқанд вилоятидан 170 минг киши иштирок этган. Жанг майдонларида 500 мингга яқин ватандошимиз ҳалок бўлди. 604 минг киши урушдан ногирон бўлиб қайтди. Фронтдан келган "қора хат"лар қанчадан қанча умидвор   қалбларни мотамсарога айлантирди. Биргина Оқдарё туманидан 2298 киши Иккинчи жаҳон урушида, яъни 1941-45 йилларда ҳалок бўлишди. Жанг майдонларида мардонавор қаҳрамонлик кўрсатишди.  Уруш йилларида кўп миллат вакиллари Ўзбекистонга кўчирилди. Жумладан, фақатгина поляк миллати мисолида масалага тўхталадиган бўлсак, 1944 йилда Самарқанд вилоятига 10467 нафар польяк фуқаролари келиб жойлашди. 1944 йилнинг охирларига келиб, польяк фуқароларини кўпчилиги вилоят ҳудудидан кўчирилди. Ҳудудда қолганлари Оқдарё ва Пастдарғом туманларида 38 та жамоа хўжалигига бўлиб жойлаштирилади. 1941 йил 3 октябрда Самарқанд вилояти ижроия қўмитаси "Мутлақо махфий" грифи билан "Вилоят туманларида  25000 нафар эвакуация қилинган поляк фуқароларини жойлаштириш ҳақида" №30-қарорни қабул қилди. Бу қарорнинг биринчи бандига биноан Оқдарё туманига 1500 киши жойлаштирилиши назарда тутилган. Оқдарё туманида польяк фуқаролари Даҳбед, Кумушкент, Примкент, Янгикент ва Янгиқўрғон қишлоқ кенгашларига қарашли хўжаликларга жойлаштирилган эди. Ш.Пиримқуловнинг архив ҳужжатлари асосидаги маълумотларида, Оқдарё туманига кўчириб келтирилган фуқароларга моддий ёрдам кўрсатиш масалалари ва уларга яратилган шароитлар хусусида маълумотлар келтирилади. Кўчириб келтирилган бошқа миллат вакилларига  1942 йилнинг январь ойида Оқдарё тумани ижроия кенгаши қарорига мувофиқ "моддий жиҳатдан жуда қийналган, алоҳида эвакуация қилиб келтирилган оилалардан" 114 тасига 50 сўмдан 175 сўмгача жами 8975 сўм пул ёрдами кўсатилган. Ш.Пиримқулов маълумотларига кўра, 1942 йил март ойидан бошлаб, Оқдарё туманининг қатор жамоа хўжаликларида ёрдамга муҳтож бошқа миллат вакилларига буғдой уни танқисланги учун буғдой уни ўрнига 300-400 граммдан тариқ ва арпа уни берила бошланган. Бу иқтисодий қийин даврда ҳам кўрсатилган инсонпарварлик ёрдамининг намунаси эди. 
Бошқа миллат вакиллари орасидаги билим ва иқтидорлилари тумандаги қатор корхона ва ташкилотларда самарали фаолият кўрсатганлар. Масалан, миллати польяк бўлган А. Маршалкович Оқдарё туманидаги травматология пункти мудири лавозимида меҳнат қилган.
Юқоридаги маълумотларга асосланиб, туманимизнинг бағрикенг ва меҳнаткаш халқининг макон ва замондаги мутаносиб ривожланишининг ватан тарихидаги аҳамияти хусусида ўзингиз фикр юритиб кўринг. Оқдарё тумани нисбатан кичикроқ ҳудудга эга бўлганлиги учун 1962 йилда Иштихон тумани таркибига киритилди. 1968 йилнинг 25 декабрида яна қайтадан Оқдарё тумани номи билан ташкил этилди. 1984 йилда Оқдарё туманининг ҳозирги маданий ва маъмурий маркази бўлган Лойишга шаҳарча мақоми берилди. Мустақиллик йилларида кундан кунга янгича чирой очиб бораётган туманимизда юртбошимиз томонидан олиб борилаёт-ган ислоҳотларнинг изчил амалга оширилаётганлиги боис, туман қиёфаси ўзгариб, иқтисодий салоҳияти ошиб бормоқда. 
Оқдарё тумани 1926 йил 29 сентябрда тузилди.
-Туманнинг биринчи маркази Даҳбед бўлиб, 1930 йилда Лойишга кўчирилди.
-1930-1931 йилларда мажбурий бошлан-ғич таълим жорий қилинди.
-1930 йил 26 январда Оқдарё ёппасига коллективлаштириш райони деб эълон қилинди.
- Иккинчи жаҳон урушида Оқдарё туманидан 2298 киши ҳалок бўлди.
- Афғон урушида туманимиздан 180 дан ортиқ киши қатнашди.
-1984 йилда Лойиш шаҳрига шаҳарча мақоми берилди.
Барчамизга маълумки, Собиқ совет ҳокимияти таъсиридаги халқларнинг афғон урушида иштироки ҳам кўпгина ватандошларимизни ҳаётдан олиб кетди. Афғон урушида биргина Оқдарё туманидан 180 дан ортиқ тумандошимиз иштирок этиб, улардан 8 нафари ҳалок бўлди, 1 нафари бедарак йўқолди. 1989 йилнинг 15 февралида собиқ шўро қўшинлари Афғонистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилди. Ушбу мақсадсиз олиб борилган урушдан соғ-омон қайтиб келган тумандошларимиз жанг майдонларида  қаҳрамонларча ҳалок бўлган қуролдошларини хотирлаб ҳар йили 15 февраль куни туманимизда ана шу байналминалчи жангчилар иштирокида тадбир ўтказилиши анъана тарзига кирган. 
Бугунги истиқлол учун жон олиб жон берган бугунги авлодлар фахр билан хотирлаётган тумандошларимиз номи ва шарафли хизмати мустақиллик шарофати ила бевосита Юртбошимиз ташаббуслари билан қайта тикланиб, асоссиз қўйилган айбловлар олиб ташланди. Президентимизнинг 1999 йил 2 майдаги "Қатағон қурбони бўлган шаҳидлар хотирасини абадийлаштириш тўғрисида"ги фармони бу борада тарихий воқеа бўлди. Юртбошимиз ташаббуслари билан 2001 йилда барча вилоят ва туманларда хотира майдонлари ташкил этилди. Хотира майдонларидаги ёдгорлик мажмуаларида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ватандошларимиз номлари ёзилган. 35 жилддан иборат "Хотира китоби" чоп этилди. Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида Оқдарё туманига ажратилган "Хотира китоби"да махсус лавҳаларга 2298 нафар жангоҳларда қаҳрамонлик кўрсатган тумандошларимиз номлари қайд этилган. 
Ватан осойишталиги учун курашган маърифатпарвар зиёлилар, "қулоқ" қилинган тадбиркорлар (Н.М), иккинчи жаҳон ва афғон уруши иштирокчилари, мустабид "пахта иши" қурбонлари, конституцион тузумимизни ҳимоя қилиш йўлида мардларча ҳалок бўлган тумандошларимиз хизматларини тарих, бугунги ва келажак авлод ҳеч қачон унутмайди.
(Давоми бор)
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактабнинг тарих фани
ўқитувчиси.