ПАРРАНДАЧИЛИКДАН ДАРОМАД ТОПАЁТГАНЛАР

Халқимизда “Паррандачилик етти хазинанинг бири”, деган ҳикматли нақл бор. Бу бежиз эмас. Шу боисдан ҳам кейинги йилларда мамлакатимизда паррандачиликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Президентимизнинг бу соҳани ривожлантириш тўғрисида қабул қилган қарорлари ҳам дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Жойларда олиб борилаётган ишлар билан танишар эканмиз, туманимиз миқёсида ҳам чорвачиликка хусусан, паррандачиликка жиддий эътибор берилаётганлигининг гувоҳи бўлдик.

Ҳар бир оилада тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўринларини яратиш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Шу боисдан ҳам жойларда маҳалла фаолларининг саъй-ҳаракатлари туфайли янги иш ўринлари яратилмоқда. Молия муассасалари, хусусан, банклар томонидан берилаётган имтиёзли кредитлар ҳам очиғини айтганда, паррандачиликни ривожланиши учун кенг йўл очмоқда. Фикримизнинг исботи учун мисоллар келтирамиз.

Туманимизнинг “Пахтаобод” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Равот қишлоғида истиқомат қилувчи Ашраф Рустамов жорий йилда хонадонида парранда боқиш учун банкдан 23 миллион сўм, Бозоржой маҳалласида истиқомат қилувчи Соҳиба Қувондиқова 30 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, айни пайтда яхшигина даромад олиш ниятида жониворларни меҳр билан парвариш қилишмоқда. Бу тадбиркорларнинг айтишларига қараганда, паррандачиликдан юқори даромад олиш имконияти мавжудлиги амалда исботланган. Парвариш қилинаётган паррандалар ҳам гўшт учун сўйиладиган бўлса, унинг тухуми ҳам яхши даромад келтираяпти. Туманимизнинг бошқа маҳаллаларида ҳам бундай мисолларни кўплаб келтириб ўтиш мумкин.

Жорий йилнинг 13 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркор-ликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Қарорда таъкидланганидек, ҳар бир оилани тадбиркорликка жалб қилиш, қўшимча иш ўринлари яратиш муҳим аҳамиятга эга. Буни яхши билган молия муассасалари ва тегишли банклар аҳоли билан яқиндан алоқада бўлишиб, паррандачиликни шу жумладан, чорвачиликни ҳам ривожлантиришга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиш мақсадида тадбиркорликка қўл ураётган ишбилармонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга шай бўлиб туришибди. Негаки, бугунги кунда бозорларда гўшт ва тухум нархининг кескин ошиб кетмаслиги учун энг аввало чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириш зарур. Шундай экан, ҳар биримиз иложи борича ўз хонадонларимизда истеъмол маҳсулотларини етиштиришга жиддий эътибор беришимиз керак. Бунинг учун эса ҳаракат, меҳнат ва ҳафсала керак. Буни ҳар биримиз ёдимизда тутишимиз лозим.

Адҳамжон РАШИДОВ,

туман молия бўлимининг тадбиркорликни ривожлантириш шуъбаси бош мутахассиси.