ОҚДАРЁЛИК ФАХРИЙЛАР БЎШ КЕЛИШМАДИ

Оқдарё туман "Нуроний" жамғармаси раиси Ҳамидулло Қаршиевнинг ташаббуси билан куни кеча "Ўзбек футболи 110 ёшда" тамойили асосида Оқдарё туманидаги "Алпомиш" ўйингоҳида "Оқдарё" фахрийлари  жамоаси билан Самарқанднинг "Динамо " фахрийлари жамоалари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув аввалида вилоят спорт фахрийлари кенгаши раиси Ҳамроқул Рафиев ҳамда вилоят кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш кенгаши раиси ўринбосари Донақул Тошбоевлар сўзга чиқишиб, иккала командага ҳам бўлиб ўтадиган мусобақада омад тилади. Шундан сўнг  республика тоифасидаги ҳакам, спорт фахрийси Бурҳон Умиров томонидан ўйинга старт берилди. Сариқ кийимда "Оқдарё фахрийлари" ҳамда кўк кийимда "Динамо фахрийлари" тўп сурди. Қизиқарли ва кескин курашларга бой бўлган мусобақанинг  биринчи таймида 2:1 ҳисобида меҳмонлар устун бўлган бўлса, ўйиннинг иккинчи бўлимида ўз маҳоратларини намойиш этган оқдарёликлар рақиб дарвозасига иккита тўп киритиб олдинга чииқб олишди. Бироқ тажриба бобида устунликка эга бўлган меҳмонлар бўш келишмади. Натижада улар томонидан киритилган тўп ҳисобнинг 3:3 бўлишини таъминлади. Шундан сўнг, футболчилар ва ташкилотчилар Лойишдаги "Нуронийлар маскани"га ташриф буюрдилар. Бу ерда мусобақада фаол иштирок этган фахрийларимизга жамғарманинг эсдалик совғалари ҳамда фахрий ёрлиқлари топширилди. Тадбирдан сўнг ўзбекнинг севимли таоми ош тортилди. Фахрийларимиз дастурхон атрофида дилдан суҳбат қурдилар. Бу мусобақа барчада унутилмас таассуротларга бой кун бўлиб қолди.