Одам савдоси - аср вабоси СОТИЛГАН ҚИЗЛАР ҚИСМАТИ

Ёш бўлсада, тулкидай айёр, ҳатто унга сабоқ берадиган, ҳар қандай одамни ширин сўзи, ноз-карашмаси билан ўзига ром этадиган бу жувонни яқин-яқинларгача кўпчилик қўй оғзидан чўп олмаган, самимий инсон деб юришарди. Бир воқеа юз берди-ю, унинг ким эканлиги маълум бўлиб қолди.

Асосан хорижга хушбичим, чиройли қизларни топиб, ўзининг гумашталарига жўнатиш билан шуғулланадиган Карима (исми ўзгартирилган) эридан икки боласи билан ажралгач, кун кўришнинг пайида бўлди. Ўз ота-онасининг уйида қийинчилик, етишмовчилик нима эканлигини билмаган қиз турмушга чиққач ҳам оила нималигини унутиб, кўнглига келган ишлар билан шуғулланарди. Эри бир неча бор жавобини берган бўлсада, аммо қайнонаси ўғлига икки нафар боласи борлигини, уларни тирик етим бўлиб қолмаслигини қайта-қайта айтгач, ўғли ноилож яшашга мажбур бўлди. Бироқ ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, Карима бироз вақт ўтгач яна эски қилиғини бошлади. Ўзига ўхшаган дугоналари билан гаштак уюштириб, зиёфатни шаҳарда ташкил қиладиган бўлди. Ароқ ичиб, сигарета чекадиган одат чиқарди. Бу энди эри учун ортиқча эди. Шундоқ ҳам хотинининг хурмача қилиқларига зўрға чидаб юрган эри жавобини берди. Суд орқали ажралишди. Бунга жувон парво ҳам қилмади, қайтага боши очиқлигидан хурсанд бўлиб, эркин қуш каби парвоз қилишга шайланди. Шаҳардан бир уйни ижарага олиб яшай бошлади. Ўзи тенги енгилтабиат аёллар билан танишди. Айниқса, Ҳурлиқо деган ёши элликларга борган аёл унга ёқиб қолди. Энг сўнгги модадаги кийимларни киядиган бу аёлнинг нима иш билан шуғулланганини кўпчилик билмасди. Бировлар сўраса, бизнес, тадбиркорлик қилаяпман деб жавоб берар, уй манзилини айтмасди. Бир куни Ҳурлиқо Каримага қараб:

- Агар иккаламиз биргаликда иш қилсак, тезда бойиб кетамиз, - деди.

- Хўш, опажон, нима иш қиламиз? - қизиқиб сўради Карима.

- Биласизми, менда бир ғоя бор. Менинг Дубайда ҳам, Туркияда ҳам танишларим бор. Уларга асл товарларни етказиб берсак, ошиғимиз олчи бўлади.

- Қанақа товар?

- Товар дегани бу сулув, келишган ёш қизлар дегани. Бу соҳада тажрибам бор. Сиз ўшаларни топсангиз бўлди. Танишларингиз борми?

- Таниш қизларим анчагина бор. Уларни қандай кўндиришни ҳам биламан. Уларга хорижда сизларбоп иш бор, ойлиги фалон доллар десам борми, қандай рози бўлишганларини ўзлари ҳам билмай қолишади.

Шу тариқа макрлари қирқ туяга юк бўладиган икки ҳамкор ишга киришди. Худди ўзи айтгандек Карима сўзининг устидан чиқди. Кўп ўтмай Ҳурлиқонинг олдига етти-саккиз нафар ҳали турмушга чиқмаган чиройли қизларни бошлаб келди. Бу соҳада катта тажрибага эга бўлган Ҳурлиқо қизларни кўздан кечирар экан, оғзи қулоғида эди. Бу онаси ўпмаган қизларнинг ҳар бири учун фалон доллар бераман деган бойваччалар кўз олдига келди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ содда қизлар эса хорижга бориш учун қанча пул тўлаш лозим бўлса рози эканликларини айтишганларида икки аёлнинг қувончдан кўзлари порлади. Қизларга ҳар бирлари икки минг доллардан олиб келишларини, бу ҳақда ҳеч кимга айтмасликларини тайинлашди. Паспортларини ҳам эсдан чиқармаслигини алоҳида таъкидлашди. Шундан сўнг Ҳурлиқо Истамбулга телефон қилиб, у ердаги эски таниши билан анча вақт гаплашди. Яхши товарлар жўнатишаётганлигини, уларга яхши ҳақ тўлашса бўлди, ҳамкорликлари давом этишини уқтирди.

Орадан уч-тўрт кун ўтгач, қизлар икки минг доллардан пул олиб келишди. Ҳаммаси ўзида йўқ хурсанд, қувончларининг чеки йўқ эди. Уларнинг кўз ўнгида гўё жаннат ястаниб ётарди. Улар пулни худди пахта тергандек йиғиштириб оламиз деб ўйлашарди. Бироқ, орзулари сароб эканлигини, жаннат томон эмас, дўзах томонга бораётганликларини асло сезишмас, бу ҳақда ўйлашмасди ҳам. Ҳатто ота-оналарига ҳам, яқинларига ҳам хорижга кетаётганликларини айтишмаган, улардан бу сирни яширишганди. Ўн гулидан бир гули очилмаган, худди ниҳол сингари кўзга яқин бу гўзал қизларни тузоқларига илинтирганлигидан икки фирибгар, одамфуруш аёл ўзида йўқ хурсанд эдилар. Операциянинг биринчи босқичи амалга ошганидан улар мамнун бўлишди. Энди иккинчи босқич - уларнинг паспортини олиб, товар сифатида хорижга жўнатиш эди. Бу босқич ҳам ими-жимида ҳал этилди. Қизлар махсус машинада Қирғизистонга жўнатилди. У ерда жонли товарларни икки фирибгарнинг ишончли одами кутиб турарди. Бир соат-лар чамаси аэропортда бўлишгач, самолётда Истамбулга учишди.

                ***

Истамбулнинг гавжум аэропортига келиб тушгач, қизлар енгил нафас олишди. Уларни бу ерда ўзларини Моҳитобон ва Севинч деб таништирган аёллар кутиб олишди. Ёши элликдан ошган бу аёлларнинг нигоҳлари совуқ, қизларга нописандлик билан қарашарди. Меҳмонхонага жойлашгач, енгил тамадди қилиб олишди.

- Бу ерда савдо-сотиқ қиласизлар, де-йишганди, - деди Муҳсина деган қиз шерикларига, - эплармиканмиз, ишқилиб. Нима дейсизлар?

- Олдин бизга ўргатишса керак-да, ахир уларнинг тилини билмаймиз-ку.  Ойига икки минг доллар оласанлар деб ваъда берувди. Беришармикан?

Қизлар меҳмонхонанинг кенг хонасида суҳбатлашаётган пайтда айнан шу бинонинг бошқа хонасида эса икки аёл ва уларнинг ҳамтовоқлари қизларнинг ҳисобидан қанча пул ишлаб олиш ҳақида бош қотиришаётган эдилар. Улар энг аввало паспортларини олиб қўйиб, карахт қиладиган дорини қизларга ичиришни режалаштирдилар. Кўп ўтмай икки аёл қизларнинг хонасига келишиб, паспортларини йиғиштириб олишди. Кейин эса дастурхон безатилган хонага олиб киришди. Ҳамма нарса муҳайё, дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ эди. Буни кўриб қизларнинг оғзи очилиб қолди. Бир-бирларини туртишиб, ана кўрдингми, деб имлашарди. Ярим соатлардан ке-йин эса қизлар карахт аҳволга тушишган, юришга ҳам оёқларида мадор йўқ эди. Одамфурушларга айнан шу керак эди. Қизларни бадавлат меҳмонларга совға қилиб юборишди.

                ***

Муҳсина кўзини очганда ёши улуғ, соқол-мўйлов қўйган эркакнинг қўйнида ётганлигини кўрди. Ўзича тушимми-ўнгимми, деб ўйлади. Хиёл ўтиб барчаси ўнгида эканлигини англади. Аъзойи бадани зирқирар, қандай аҳволга тушганлигини ҳис этарди. Кечаги зиёфатни эслади. Демак, атайлаб уларнинг пиёласига одамни карахт қилиб қўядиган дори солишган. Энди нима бўлади? Орзу-ҳаваси-чи? Ота-онасининг юзига қандай қарайди?

У шуларни ўйлаб уввос тортиб йиғлаб юборди. Қизнинг йиғисидан уйғонган ёши элликлардан ошган эркак ўз тилида:

- Йиғлама қизалоқ, сени ўз никоҳимга оламан, уйимда сендек қизлардан яна учта бор, - деди.

Отаси тенги одамнинг бу гапи ярасига туз сепгандек бўлди. Лекин на илож. Осмон узоқ, ер қаттиқ. Энди чидайди. Бир амаллаб юртига қайтса бўлди.

Шу кеча бошқа қизларнинг тақдири ҳам шундай кечди. Номуси топталган қизлар дардини, оҳини кимга айтишни билишмас, уларни худди буюм каби ҳар куни меҳмонхонага келаётган бой мижозларга тортиқ қилишар, бундан қизлар ҳолдан тойишарди. Шу тариқа олти ой шу ерда қолиб кетишди. Уларнинг кўрган азобларини таърифлашга сўз ожизлик қилади. Инсоний ҳислардан бегона бўлган одамфурушлар уларни худди қул сингари калтаклар, мижозлар билан бирга бўлишга мажбур этишарди. Агар қизларнинг бири бу ҳақда элчихонага хабар бермаганда, билмадик, қачонгача давом этарди уларнинг бу азоблари.

                ***

- Туринг, суд келяпти.

Барча ўрнидан турди. Суд иши бошланди. Суд раиси ўқий бошлади.

- Судланувчи Карима Шониёзова, сиз Ўзбекис-тон Республикаси жиноят Кодексининг 135-моддаси билан айбланасиз. Ўрнингиздан туринг.

Қора курсига бошини қуйи солиб ўтирган айб-дор ўрнидан турди.

- Сиз қилган ишларингизни тан оласизми?

- Ҳа, тан оламан.

Судланувчи Ҳурлиқо Бадалова, сиз ҳам шу модда билан айбдор деб топилгансиз. Иккалангиз бир бўлиб қизларни сотиб шахсий бойлик орттирмоқчи бўлгансизлар. Буни тан оласизми?

- Ҳа, тан оламан, айбимга иқрорман.

Шундан сўнг жабрланган қизлар гувоҳлик беришиб, бўлган воқеларни кўзларида ёш билан айтиб беришди. Уларнинг сўзларини хотиржам эшитишнинг асло имкони йўқ эди. Улар таҳқирланган, номуси топталган, худди қулдек ишлашга маҳкум этилганлигини йиғлаб айтиб беришди.

Тўпланган материаллар ва гувоҳларнинг сўзларини эшитиб, суд ҳар икки судланувчига беш йилдан қамоқ жазосини тайинлади. Шунинг-дек, суд уларнинг хориждаги ҳамтовоқларига ҳам қонун доирасида жазо белгилади.

                ***

Бу воқеаларни кўрар экансиз, ҳайрон қоласиз. Наҳотки инсон ўзига бир марта бериладиган ҳаётнинг қадрига етмаса. Пул, мол-дунё учун ўзининг миллатдошини сотса. Ўзининг фарзанди тенги қизларни худди шахсий мулкидек пуллашига нима дейиш мумкин. Муқаддас ҳадисларимизда аёл бу - онамиз, опамиз, синглимиз ва ёримиз эканлиги алоҳида таъкидланади. Аёлни эъзозлаган киши ҳамиша иззат-икромда, ҳурматда бўлади. Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, айрим аёлларимиз аёл деган улуғ зот номига доғ туширишмоқда. Ҳали турмушга чиқмаган, қалби бир олам орзу-умидларга тўла бокира қизларни овлаш билан шуғулланаётганлигини кечириш мумкинми? Миллатимизга ёт бўлган фоҳишабозликка ёш қизларни жалб қилаётган қўшмачилар наҳотки эртанги кунини ўйламаса?

Очиғини айтиш керак, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашни кучайтириш бўйича бир қатор қарор ва қонунлар қабул қилинган. Дунё бўйича бир йилда қарийб 3 миллион киши одам савдосининг қурбони бўлаётганлиги ҳақида оммавий ахборот воситалари бонг уришмоқда. Буларнинг асосий қисмини ёш болалар ва аёллар ташкил этишаётганлиги ғоят ачинарлидир. Телевидение орқали хорижга бораётган хотин-қизларимизни у ерда оғир қисмат кутиб турганини наҳотки ҳанузгача айрим юртдошларимиз тушуниб етишмаётгани ҳақида махсус кўрсатув берилди. Энг ачинарлиси ўз оиласи ва яқинларини ташлаб хорижга мўмай пул топаман деб кетаётганларнинг тақдири қандай тугаганлиги ҳақида кўп бор айтилишига қарамасдан, ҳали ҳам вояга етмаганлар, ҳатто коллежда ўқиётган фарзандини хорижга бориб ишлашга ундаётган ота-онани ким инсофга чақиради? Бундай шахсларни қачонгача инсофга чақириш мумкин?

Аср вабоси деб аталган бу иллатга қарши кураш бугунги кунда сиз ва бизнинг, барча-ю барчанинг иши бўлмоғи лозим. Жаннатмакон юртда яшаётган эканмиз, унинг ҳар бир фуқароси асло озор чекмаслиги керак. Шундай эмасми, азизлар!


Йўлчи

 МУҲАММАДИЕВ.

Мавзуга оид: