Биз алкоголга қаршимиз

ГИЁҲВАНДЛИК - XXI АСР ВАБОСИ

Сўнгги йилларда  юртимиз ва миллатимиз учун ёт бўлган,  келажак авлод  томирига болта урадиган, XXI аср вабоси номини олган - гиёҳвандлик иллати кириб келди. Гиёҳвандлик халқаро луғатда норкомания - яъни  телбаликка мойиллик маъносини англатади. Гиёҳвандлик - бу кайф берувчи гиёҳларни (кўкнор, наша, гашиш, опиум, героин ва ҳ.к) истеъмол қилиш ва турли канцероген токсин моддаларни ҳидлаб юришдир.

Ґеч бир инсон онасидан гиёҳванд бўлиб туғилмайди. Бу оқ ажал домига айниқса ёшлар (шу жумладан қизлар ҳам) меҳнатга бўйни ёр бермайдиган, оиласи нотинч, иродаси заиф, ота-онасининг назоратидан четда қолган, бировнинг гапига тез ишонадиган ўсмирлар йўлиқади. Гиёҳванд моддани аввал билиб-билмай аламини унутиш ёки қизиқиб, ўртоқлари ва дўстларидан ажралиб қолмаслик, бошқалардан кам бўлмаслик мақсадида бир маротаба татиб кўрган йигит ёки қиз ўзининг "ажал жари" ёқасига қандай қилиб келиб қолганини билмай қолади. Гиёҳванд моддалар одамнинг марказий асаб тизими - бош мияга таъсир этиб, аста-секинлик билан унга ўрганиб қолишига олиб келади. Чунки гиёҳванд модданинг озгина миқдори ҳам  авваламбор севинч, хурсандчилик, ҳис-туйғуларни вужудга келтиради. Шу тарзда адам аста-секин руҳий ва жисмоний жиҳатдан гиёҳванд моддага ўрганиб қолади. Яъни наркотик моддани қабул қилгандан сўнг унинг кайфияти кўтарилади, ҳаётдаги икир-чикирлардан, ташвишлардан қутулгандай бўлади. Наркотик модданинг таъсир вақти ўтгандан кейин, яна наркотик моддани истеъмол қилмаса, ўзини қўярга жой тополмайди. У нима бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам, гиёҳванд моддани топишга ҳаракат қилади. Бу йўлда у энг разил,энг қабиҳ, энг жирканч жиноятларга қўл уришдан ҳам қайтмайдиган даражага етади. Ўғирлик қилиш, бировнинг жонига қасд қилиш, ҳатто ота-онасини ўлдиришга ҳам тайёр бўлади. Чунки у қандай бўлса ҳам гиёҳванд моддани топиши керак ва уни истеъмол қилиши шарт бўлиб қолади.  Дунёда содир этилаётган жиноятларнинг 50 фоизини гиёҳвандлар содир этар экан, гиёҳванд моддаларни қабул қилганида аввалига у одамга яхши кайфият бағишлаган бўлса, энди унинг таъсири тескари томонга ўзгара боради. Гиёҳванд депрессия, яъни тушкунлик, қўрқув, ваҳима, тутқаноқ ҳолатига тушади, кўзига мавжуд бўлмаган, ғайритабиий воқеа-ҳодисалар, нарсалар кўрина бошлайди. Хотира хиралашади, оғир руҳий касаллик психоз бошланади, кучли оғриқлар, кўнгил айниши, бош айланиши, ҳушдан кетиш, охир-оқибатда инсонни ўлим билан туговчи фожиага олиб келади.

Гиёҳвандларда ўпканинг яллиғланиши, рак касаллиги ва бошқа касалликларга чалиниш гиёҳванд модда қабул қилмаганларга нисбатан 10 баробар юқори бўлар экан. Гиёҳвандлар кўпинча, гиёҳванд моддаларни томирига укол қилиш орқали қабул қилади. Бир щприцдан бир неча наркоманга укол қилиш уларга қулай ва бунинг натижасида ОИВ/ОИТС, гепатит ва қон орқали юқадиган бир қанча юқумли касалликларни ўзига юқтириб олади. ОИТС касаллиги билан оғриган беморларни текшириб кўрганда уларнинг 70 фоизи гиёҳвандлар эканлиги аниқланган. Ґатто энг кучсиз гиёҳванд модда истеъмол қилиб юрган аёлдан   дунёга келган фарзанд ҳам гиёҳванд моддалар асоратлари билан туғилади ва у узоқ яшамайди. Гиёҳванд йигитларда юқоридаги асоратлардан ташқари, бепуштлик, жинсий заифлик ҳам юзага келади. Гиёҳванд одам ҳам оиласига, ҳам жамиятга оғир юк бўлиб, ахлоқ доирасидан чиқиб кетган ва тубанликка юз тутган масъулиятсиз бир махлуққа айланади. Қолаверса, гиёҳвандлик йўлига кириш ўз-ўзига суиқасд қилиш ва ўз яқинларига тажовуз ва хиёнат қилиш демакдир.

Хўш, гиёҳвандлик шундай оғир фожиали касаллик экан, бундан ёш авлодни ва келажагимизни қандай сақлашимиз керак?

Бунинг энг мақбул йўли, барчанинг қўлидан келадиган ишончли ва осон йўли  тўғри тарбиядир. Аввало тарбияни оиладан ота-оналар, ўқув муассасаларида ўқитувчилар ва устозлар ёшларимизга тўғри йўл кўрсатиши зарурдир. Ґаётнинг мазмуни, инсон умрининг моҳияти, у қандай эзгу мақсадни адо этиши кераклиги учун бу дунёга келганлиги ҳақида фарзандлар ота-оналаридан, катталардан, мактабдан, ўрта ва олий билим масканларидан, қолаверса, жамиятимиздаги жонкуяр фаол инсонлардан билиб оладилар.

Аҳолини ва тиббий ходимларни тиббий билими ва маданиятини ошириш, яъни соғлом турмуш тарзи ва кўникмаларига риоя қилишга ўргатиш лозим бўлади. Соғлом турмуш тарзининг омилларидан бири бу зарарли одатлардан сақланишдир. Зарарли одатларга гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, кашандалик, (тамаки чекиш), токсикомания - ҳар хил заҳарли моддаларни ҳидлаш ва ҳ.к. киради. Ҳар бир инсоннинг соғлиги ўз қўлидадир. Гиёҳвандликдан сақланишнинг асосий қоидаларидан бири ҳеч қачон гиёҳванд моддаларни бирон маротаба ҳам татиб кўрмасликдир, ҳатто ҳидламаслик керак. Чунки, бир марта татиб кўрганлар уни албатта яна татиб кўриш учун ҳаракат қилади ва унга эришади ҳам. Қарабсизки, энди у гиёҳвандга айланади. Энди у бу дарддан қутула олмайди. Гиёҳвандликка дучор бўлганлар бўлса, уларни даволаш ва тўғри маслаҳат бериш учун давлатимиз шароит яратиб қўйган. У ерда бепул, ҳеч кимга ошкора қилмасдан тиббий ёрдам кўрсатилади.

С.ИСМОИЛОВ,

туман тиббиёт бирлашмасига қарашли КПМП 

нарколог шифокори. 

Р.САПАЕВ,

С.КРУГЛОВА,

вилоят наркология диспансери шифокорлари.


Мавзуга оид:
Саломатлик

Саломатлик

  • 30 дек, 11:35