ҲАЁТДАН ШУКРОНА ҚИЛИБ ЯШАШ КЕРАК

Кексалар - уйимизнинг кўрки, қалбимизни мунаввар қилиб тургувчи чироқ, беминнат дуогўйимиз, панд-насиҳатлари билан умримизни ёритгувчи қуёш, тажрибаю маслаҳатлари билан ёшларимизга тўғри йўл кўрсатувчи йўлчи юлдуз. Халқимизда "Қариси бор уйнинг париси бор", деган нақл бекорга айтилмаган. Дарҳақиқат, узоқ умр кўриш, кексалик даврини суриш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Юртимизда қайси бир хонадонда ота-она ёки улардан бири бор бўлса,  ўша оила бағри бутун оила дейилади.
Туманимизнинг чекка қишлоқларидан бири бўлган Бойбўта қишлоғида яшаб, фарзандлари, невара-ю чеваралари ардоғида кексалик гаштини сураётган Ўзбекхон бобо ва Фазила оналарнинг оиласини ана шундай бағри бутун пиру бадавлат оила деса арзийди. Қарийб 65 йилдан буён биргаликда умргузоронлик қилаётган бу оила бағрида ўн нафар фарзанд туғилиб, униб-ўсди, оила қуриб, ўзларидан ўзлари кўпайишди. Бугунги кунда 10 нафар фарзандлари, 34 нафар невара ва 35 нафар чеваралар 90 ёшни қарши олаётган Ўзбекхон бобо ва 80 ёшдан ошган Фазила онанинг дуолари ва панд-насиҳатларини олишиб, бахтли ҳаёт кечирмоқдалар.
Ўзбекхон бобо билан Фазила она 1957 йилда турмуш қурган эканлар. Уларнинг турмуш қурган даврларини эшитсангиз, худди эртакка ўхшайди. Ҳозиргидек қўша-қўша машиналарда эмас, балки колхоз раиси томонидан ажратилган от аравада дугоналар қуршовида ёр-ёрлар билан келинни тушириб келишган экан. Энг қизиғи шундаки, келин-куёв бир-бирларини тўйлари куни кўрган эканлар...
Ўзбекхон Хўжаев 1935 йилда тумандаги Коммунист колхозига қарашли Бойбўта қишлоғида туғилган. Фазила Ваҳобова 1940 йилда Коммунист колхозининг Янгиқўрғон қишлоғидаги зиёли оилада  туғилган. Отаси Малик Ваҳобов ўша йиллари Янгиқўрғондаги 2-мактаб директори бўлиб ишлаган.
Ҳикоямиз қаҳрамонларининг иккаласи ҳам 2-ўрта мактабда таълим олишган. Отахон оилавий шароитининг оғирлиги сабабли 5-синфдан кейин ўқишини ташлашга мажбур бўлган. Онахон эса мактабни аъло баҳоларга  битирган. Фазила она мактаб даврида ўзига таълим-тарбия берган устозларини ҳамон жуда яхши эслайди. Сорабийи Зайниддинова, Сожида Усмонова, Нарзулло Файзиев, Аюбхон Ҳакимов, Эргаш Ҳамроевлар шулар жумласидандир.
Ўзбекхон бобо билан Фазила онанинг болалик, ёшлик йиллари машъум урушдан кейинги оғир даврларга тўғри келганлиги сабабли анча қийинчиликларни кечиришган. Иккаласи ҳам оталаридан эрта айрилиб, оналари қўлида тарбия топишган. Уларнинг бир-бирларига бўлган меҳр-муҳаббати,  меҳнатсеварлиги оиланинг намунали ва чиройли бўлиб шаклланишига пойдевор бўлгандир балки. Отахон туманимиздаги Коммунист колхозида қатор йиллар механизатор бўлиб ишлаган ҳамда бир неча йил давомида колхозда бригада бошлиғи бўлиб фаолият юритган. Фазила она эса қатор йиллар давомида ўзининг 6 нафар ўғиллари ва тўрт нафар қизларини боқиб, парваришлаш билан бир қаторда қишлоқдаги  болаларни ҳам ўз уйида тарбия қилиб, "боғча момо", деган ном олганлар. Ҳозирги пайтда ҳам у кишининг уйидаги боғчада тарбияланганлар ҳурмат билан "боғча момо", дейишади. Фазила она пахта даласининг бошида ҳам теримчиларнинг болаларига қараш билан бир қаторда дала шийпонида ошпаз бўлиб ишлаган. Шунингдек, ўзи ҳам қатор ўғил-қизларни тарбиялаб вояга етказаётган қаҳрамон она, тиниб-тинчимаган аёл ҳар йили колхознинг 5 қути, баъзида эса 8 қути пилласини ҳам боқиб берган. Ана энди бир тасаввур қилинг, ўша даврларда табиий газ у ёқда турсин, ҳаттоки, электр токи ҳам ҳаминқадар бўлгач, уларга рўзғор қилиш, бола-чақани парваришлаш ҳамда колхозда ишлаш осон бўлмаган, албатта.  
Энг асосийси, Ўзбекхон бобо ва Фазила оналарнинг меҳнаткашликлари, оиладаги тинч-тотувлик, аҳиллик, самимийлик, борига қаноат қилиб хотиржам умр кечиришлари уларнинг қўша қариб, мазмунли ва узоқ умр кўришларига омил бўлгандир балки. Айни кунда ҳам Ўзбекхон бобо ва Фазила момо хонадонига ташриф буюрсангиз, бизнинг фикримизга ўзингиз ҳам амин бўласиз, албатта. Бу тиниб-тинчимас отахон билан онахоннинг оилавий хўжалигида бир неча бош қорамол, қўй-эчки,  паррандалардан ғоз, курка, сесарка, ўрдак ва товуқлар боқилаётганига нима дейсиз. Ўзбекхон бобо билан Фазила она жуда ҳам болажон инсонлар. Баъзан қариялар набираларини исмларини унутиб ҳам қўйишади. Фазила онанинг эса хотираси шу даражада кучлики, ҳатто набиралари билан сўрашганда, абиралариниям номма-ном сўраб чиқади. 
Онахонимиз ҳали ҳануз қишлоқдаги тўйларга бош-қош. Тўйлардаги келин салом, ёр-ёрлар онахонсиз ўтмайди. Олти нафар  келиннинг қайнонаси бўлган Фазила момо баъзи қайноналар  битта келин билан ҳам муроса қилолмаётган бир пайтда у киши келинларига меҳрибон она, керак пайтда эса талабчан қайнона ҳамдир. Онахон барча келинларини тўғри йўлга бошлаб ҳаётнинг паст-баландини ўргатиб келмоқда. Катта келини  Раъно опа Янгиқўрғон пахта заводида ишлаб, ҳозирги пайтда пенсияда. Эркиной - халқ таълими ходими, қатор йиллар раҳбарлик лавозимларида ишлаган, Чиннигул туман пиллачилик уюшмаси ходими, Барногул эса 54-мактабда биологиядан дарс беради, Дилобар ва Гулмиралар тадбиркорлик билан шуғулланиб келмоқдалар.
Пиру бадавлат Ўзбек бобо ва Фазила онадан "Узоқ умр кўриш ҳамда қўша қаришнинг сири нимада?" деб сўрасангиз, улар албатта ўзлари ҳаётда амал қилиб келаётган хислатларни бирма-бир санайдилар: Аввало, ҳар бир инсон ўзи яшаётган, жаннатмонанд юртимизни севиши, ундаги ҳар бир янгиланиш ва бунёдкорликдан қувониб яшаши, энг асосийси, кўрган ҳар бир куни учун шукроналик келтириши керак, дейишади. Донолар бежиз одам яхши кунларни кўриб, яшаради демаган-да.
Дарҳақиқат, пиру бадавлат отахон ва онахонимиз ҳозирги замонамизга ва тинч ҳаётимизга шукроналар айтиб, жондан азиз фарзандлари, невара-ю чевараларини, элу юртимизни дуосида бўлиб, умргузоронлик қилиб келишмоқда. Биз ҳам Ўзбекхон бобо ва Фазила онамизга узоқ умр, соғлик-саломатлик, ҳамиша фарзандлари ва элу юртимизнинг ардоғида бўлиб юришини тилаб қоламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Мавзуга оид: