ОИЛАДА ОТАНИНГ ЎРНИ БОРМИ? Мулоҳаза учун мавзу

- Яна ароқ ичиб келдингми, хотин, ёшинг бир жойга бориб қолган бўлса, уялмайсанми?
Уйга кириши билан оғзидан ароқ ҳиди анқиб турган Холнисага эрининг бу гапи ёқмади, оғир ботди. Ҳар галгидек эрига ўшқирди.
- Ичсам, сизнинг пулингизга ичаяпманми, бугун гаштагимиз бор эди. Шунга дугоналар йиғилишиб роса яйрадик, - деди аёл ва «уф», дея ўзини уйнинг тўридаги диванга ташлади.
- Бу гаштакчи аёлларнинг ҳаммаси ҳам ичмаса керак, битта-яримта инсофлиси ҳам бордир, - деди эр жаҳли чиқсада, ўзини босишга уриниб.
- Бор, эри ўлган, нима ароқ ичмайди-ганига уйланмоқчимисиз, ёки гаплашиб берайми?
Хотини шундай деди-да, беўхшов, ёқимсиз ҳиринглади.
Кайфи бор аёл киши билан баҳслашиб ўтиришнинг ўзи бемаънилик, дея таш-қарига чиқди. Илгарилари хотини ароқ де-са, қўйинг ўша ҳаром нарсани, аёл кишига ярашмайди, деб кўп бор айтарди. Аммо одамни вақт, шароит ўзгартираркан. Туман марказидаги ташкилотларнинг бирига ишга ўтдию, юриш-туриши ўзгарди. Бир пайтлар бошидан рўмолини ташламайдиган, узун кўйлак киядиган хотини айниди-қолди. Узун сочларини кесиб ялангбош юрадиган, куйлакларини ҳам калта қилиб киядиган бўлди. Эри уни бир неча бор тартибга чақирмоқчи бўлди. Бироқ бирданига эрининг оғзига урарди.
- Оилани, рўзғорни мен тебратаётган бўлсам, сизга тегиб нима кўрдим. Дугоналаримнинг эрларига машина олиб бериб, ҳар йили курортларга олиб боради. Сиз-чи, оила учун, мен учун нима қилиб бердингиз? Менинг бўлганим шу, билдингизми?
Шундан сўнг эр хотинига жиддий бирор гап айта олмади. Айби ўқимаганлиги, олий маълумот олмагани. Қишлоқда одамларнинг юмушларини қилиб тўрт-беш сўм топади. Хотини эса олий маълумотли иқтисодчи. Шу боис эрини менсимайди. Баъзан Холиқ эр билан хотиннинг маълумоти бирдек бўлиши керак деб ўйлаб қоларди. Чунки эр ва хотин олий маълумотли бўлган оилалардаги муҳит бошқача эканлигини кўп бор кузатган. Лекин энди тақдирни ўзгартириб бўлмайди. Болалари вояга етиб қолди. Хотинини тергайдиган бўлса, хоҳласангиз мен билан яшанг, бўлмаса ана катта кўча, дейишдан ҳам тап тортмайди. Хотинидан буни кутиш мумкин. Эр-хотиннинг келишмаслиги оқибатида қанчадан-қанча оилалар ажралиб кетишаётганлигини у кўриб турибди. Узоққа бориш шарт эмас. Нариги қишлоқдаги Абди ака нақ эллик ёшида хотини билан ажралиб кетди. Хотини Туркияга кетганидан сўнг шундай йўл тутишга мажбур бўлди. Уй-жойлари, мол-мулки, машиналари хотинининг номида экан. Бечора эр кўчада қолди.  Ундай аёллардан худонинг ўзи сақласин. У шу болалар учун ароқ ичса-да, хотини билан яшашга мажбур эканлигини чуқур ҳис қилар, бундан бошқа йўл йўқлигини яхши биларди…
КИМ АЙБДОР?
Кузатишлардан маълум бўлаяптики, сўнгги йилларда оилада ота ҳисобланган эркакнинг обрўйи борган сари пасайиб бораётгандек. Буни тўй-маъракаларда, турли тадбирларда яққол кузатишимиз мумкин. Айниқса тўйларимиздаги аҳвол ғоят ачинарли. Даврада эркаклардан кўра аёллар. Бу ҳам майли, эътирозимиз йўқ. Айрим хотин-қизларимизнинг кийинишлари, эркаклардан қолишмасдан ароқ ичаётганлигига қандай талаб қилиш мумкин? Бу ҳам аёлларимиз ўртасида маънавий-маърифий, тарғибот ишларининг етарли ташкил этилмаганлигидан далолат эмасми? Борган сари аёллар ўртасидаги турли ҳуқуқбузарликларнинг, оилавий ажримларнинг ортиб бораётганлиги ҳар биримизда ташвиш уйғотмоқда. Бу ҳақда Президентимиз томонидан бир неча бор айтиб ўтилди. Биргина ўтган йили туманимизда 119 та оила ажралиб кетган. Энг ачинарлиси, уларнинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлган ёш оилалар ташкил этади. Хўш, бунинг сабаблари нимада? Нега бугунги турмуш қураётган ёшларимизда сабр-тоқат, меҳнатсеварлик етишмайди? Биз- нингча, бунинг асосий сабабларидан бири ёшларни турмушга тайёрлашда хатоликларга йўл қўйилмоқда. Илгарилари оилаларда қиз болани турмушга узатишдан олдин уй-рўзғор ишлари - нон ёпиш, овқат қилиш, сигир соғиш сингари юмушлар оналар томонидан ўргатилган.
Бироқ кузатишлардан маълум бўлаяп-тики, айрим оилаларда вояга етаётган қизлар турмушга чиққач, оддий овқат пиширишни ҳам билишмаслиги ачинарли эмасми? Агар ўша оилада қайнона яхши бўлса келинни худди ўзининг қизидек кўриб муомала билан уй-рўзғор ишларини ўргатиши мумкин. Агар маънавиятсиз қайнона бўлса-чи? Бундай пайтда оилада қайнона ва келин ўртасида низо келиб чиқиши аниқ. Шу туфайли ажралаётган аксарият оилаларда қайноналарнинг роли катта бўлаяпти. Қайнота эса ўз хотинига сўзи ўтмай томошабин бўлиб қолмоқда.
- Қўшни аёл туманда нуфузли бир ташкилотда ишлайди, - дейди ёши саксонлардан ошган, ўзини танитмасликни илтимос қилган отахонлардан бири. – Эрини бир пулга олмайди. Рўзғордаги барча тадбирларга, тўй ва бошқа ишларга аёл бош-қош. Энг ёмони, уйида дугоналарининг гаштаги бўлган пайтда шунақа овозларини баланд қўйиб қий-чув қилиб рақсга тушишади. Бундан-да ачинарлиси, аёллар ароқ ичишади. Очиғини айтганда, оилаларда отанинг, эркакнинг роли, обрўси борган сари тушиб кетаяпти.
- Эркакнинг ролини ошириш учун нима қилиш керак?,- деган саволни отахонга берганимда, шундай жавоб берди:
- Айрим оилаларда эркаклар оила учун бирорта фойдали иш қилишмайди. Қишлоқлардаги турли дўконларнинг атрофи бекорчи эркаклар билан доимо гавжум. Давра қуришиб, кун бўйи карта ўйнашади, ароқ ичишади, кечқурун эса уйига кириб боришади. Шундан кейин эрнинг обрўйи бўладими? Эркак оила бошлиғи ҳисобланади. Демак, оиладаги барча ишларни ўз зиммасига олиши, бола-чақасини боқиши унинг зиммасида бўлиши керак. Афсуски, айрим эркакларимиз ўзларини масъулиятдан соқит қилиб рўзғор юкини аёлининг елкасига ташлаб қўйишмоқда. Бу эса оилада оталарнинг ролини пасайиб кетишига олиб келмоқда.
Отахоннинг гапларида жон бор. Оилада отанинг обрўси бўлиши учун эркак ўзининг бурчини виждонан бажариши, ўзининг юриш-туриши, хатти-ҳаракатлари билан фарзандларига намуна бўлиши зарур. Буни ҳар бир ота яхши билмоғи ва амал қилмоғи лозим. Шундай эмасми, ҳурматли эркаклар?!
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.
Мавзуга оид: