ФЕРМЕР ХЎЖАЛИГИНИ ТУГАТИШ ВА ИЖАРА ШАРТНОМАСИНИ БЕКОР ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Фермер хўжаликларини тугатиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 26 августдаги "Фермер хўжаликлари тўғрисида"ги 662-II-сонли қонуннинг 32-моддасида келтирилган бўлиб, унга кўра, фермер хўжалигининг тугатиш асослари ва 33-моддасида фермер хўжалигини тугатиш тартиби келтирилган. Ушбу нормаларга асосан фермер хўжалигини тугатиш фермер хўжалиги бошлиғининг қарорига биноан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда суднинг қарорига биноан, молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз режимга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида фаолият тикланмаган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига биноан тугатилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 31 майдаги қарори билан тасдиқланган "Фермер хўжалигининг ер майдонини мақбуллаштириш ва уни тугатиш тартиби тўғрисида"ги Низом асосида тартибга солинади. Низомга кўра фермер хўжалиги ер майдонини камайтиришни назарда тутган ҳолда ихтиёрийлик асосида уни мақбуллаштириш фермер хўжалиги раҳбарининг туман (шаҳар) ҳокимига берилган ариза асосида амалга оширилиши белгиланган. Туман (шаҳар) ҳокими ариза тушгандан сўнг уч кун муддатда ҳужжатларни туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига тақдим этиш белгиланган. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши беш кун мобайнида аризаларни кўриб чиқади ва уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича хулоса чиқаради.
Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши хулосаси аризалар билан биргаликда тегишли хулосани олиш учун комиссияга юборилади. Комиссия тақдим этилган ҳужжатлар асосида фермер хўжалиги ер майдонини ихтиёрийлик асосида мақбуллаштириш масаласини бир ҳафта муддатда кўриб чиқади. Бунда комиссия фермер хўжалигига биркитилган ер майдонини яхлит ҳолда кўриб чиқади. Кўриб чиқиш натижалари бўйича комиссия қарор қабул қилади, ушбу қарор протокол билан расмийлаштирилади ва барча ҳужжатлар, шу жумладан туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг қарори билан биргаликда кўриб чиқиш учун халқ депутатлари туман Кенгашига юборилади.
Халқ депутатлари туман Кенгаши энг яқиндаги сессияда комиссия томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва тегишли қарор қабул қилади. Ушбу қарор туман (шаҳар) ҳокимига юборилади.
Туман (шаҳар) ҳокими халқ депутатлари туман кенгашининг ижобий қарори асосида бир ҳафта муддатда ихтиёрийлик асосида фермер хўжалиги ер майдонини мақбуллаштириш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда бўшаб қолган ер майдони олиб қўйилади ва келгусида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда талабгорларга танлов асосида берилади.
А.КУЙЛАНОВ,
туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.