Муносабат ИБОДАТ РИЁ УЧУН ҚИЛИНМАЙДИ

Ҳар бир мўмин-мусулмон умри давомида бир бор бўлса-да, ҳаж ёки умра ибодатини адо этишни орзу қилади. Бу ибодат кимларгадир насиб этади, кимларгадир йўқ. Алҳамдулиллаҳ, бугун юртимизда бундай орзуда юрган минглаб кишилар ниятларига етиб, ҳаж ва умра ибодатларини адо этиб келишмоқда. Айниқса, жорий  ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш борасида улкан ишлар қилинди. Бу ўз навбатида, аҳолимизга ҳаж ва умра эшикларини кенг очди. Хусусан, умра зиёратига квотанинг олиб ташлангани ва ҳаж ибодатига квоталарининг сезиларли оширилгани кўп сонли юртдошларимиз дилига қувонч улашгани тайин.

Минг афсус, бундай шодликлар ортидан айрим иллатларнинг келиб чиқаётгани эса бу хурсандчиликларни ҳам ювиб кетар экан. Гап ҳаж ва умрадан сўнг ташкил этилаётган турли дабдабали кутиб олиш маросимларию, исрофгарчиликлар ҳақида кетмоқда. Бу борада ижтимоий тармоқларда кўплаб видеолар тарқалиб, халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам алоҳида мурожаат билан чиқиб, ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонларни кимўзарга дабдабали тадбирлар қилишдан қайтариб,  исрофгарчиликлардан огоҳлантирди.

Дарҳақиқат, бугун умра амалларини адо этиб қайтганлар орасида дабдабали исрофгарчилик тадбирлари, "ҳожи оши" каби турли маросимлар, риёкорона "байрам"лар, хўжакўрсин зиёфатлар ўтказиш тобора одат тусини олмоқда. Ҳатто айрим маҳаллаларда кунора "ҳожи оши"лар ташкил этилаётгани ёки зиёратдан қайтганларни етти ухлаб тушга кирмайдиган беъмани кўз-кўз қилишлар билан кутиб олиш ҳолатлари кўпайганини қандай тушуниш мумкин?! Гўё "Ҳамма кўриб қўйсин, мен муқаддас жойларда бўлдим", демоқчими?! Бу ахир риёкорлик, кибрланиш, хўжакўрсинчиликдан бошқа нарса эмас-ку!  

Аслида умра гуноҳлар кечирилишидан, жаннатдан умидвор бўлган ҳолда адо этилади. Қайтгандан сўнг эса барчага ўрнак бўлиб хайрли ишлар пайида бўлади. Афсуски, бугун айримлар бу йўлдан эмас, динимизга ёт бўлган исрофгарчилик иллатлар билан овора бўлмоқда. 

Зеро, Қуръони каримда: "…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай" дея таъкидланади (Аъроф сураси, 31-оят). 

Исро сурасининг 26-27-оятларида эса:"…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди" дея марҳамат қилинади.

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сени икки хислат - фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер", деганлар" (Имом Бухорий ривояти).

Умрани адо этган киши улуғ фазилатларга эришиб келсаю, юртимизга қайтиши билан исрофгарчиликка, риёга йўл қўйса, унинг ибодати, Каъбатуллоҳ олди қилган дуолари ижобат бўлармикин?!

Зеро, мусулмон инсон одамлар мақтасин деб риё қилаётганида Раббисининг мақтовидан маҳрум бўлишини ва азобига дучор бўлишини ўйласин.

Одамларнинг қоралашидан қўрқиб риё қилаётганда Роббисининг қораловидан ва азобидан қўрқсин.

Имом Шамсуддин Заҳабий "Ал-Кабоир" китобида: "Риёкорлар қиёмат куни тўртта ном билан чақирилиши, яъни "Эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор! Боравер, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ", дейилишини таъкидлайди.   

Бобур МУҲАММАДИЕВ тайёрлади.

Мавзуга оид: