ЖИНОЯТ ЖАЗОСИЗ ҚОЛМАЙДИ Туман прокурори, адлия маслаҳатчиси Азизбек Ваҳобов билан суҳбат

- Азизбек Абдурашидович! Кейинги пайтларда жойларда прокуратура органлари томонидан қонунларнинг бажарилиши устидан назорат анча кучайтирилди. Айтингчи, якунланган 2023 йилда содир этилган жиноятлар чуқур таҳлил қилиндими?

- Туман ҳудудида 2023 йилнинг 12 ойи давомида 387 (2022 йилнинг 12 ойида 377) та жиноят содир этилганлиги рўйхатга олинган бўлиб, умумий жиноятчилик 10 тага 2,6 фоизга ошган.

Содир этилган жиноятларнинг ўсиш динамикаси бўйича таҳлил қилинганда, унча оғир бўлмаган жиноятлар 124 та (112) 12 тага, оғир жиноятлар 72 та (63) 9 тага ва ўта оғир жиноятлар 17 та (11) 6 тага кўпайишига йўл қўйилган, яъни ўртача оғир тан жароҳати етказиш 33,3 фоизга (6/8), номусга тегиш 100 фоизга (0/5) ва  безорилик 66,7 фоизга (3/5) ошган.

2023 йилнинг январь ойида 18 та, февраль ойида 25 та, март ойида 34 та, апрель ойида 47 та, май ойида 32 та, июнь ойида 38 та, июль ойида 33 та, август ойида 35 та, сентябрь ойида 20 та, октябрь ойида 39 та, ноябрь ойида 31 та ва декабрь ойида 37 та жиноятлар содир этилган.

Мастлик ҳолатда 13,3 фоизга (15/17), муқаддам судланганлар томонидан 2 фоизга (50/51), вояга етмаганлар иштирокида 66,7 фоизга        (3/5), ёшлар томонидан 13 фоизга (108/122), аёллар томонидан 41,4 фоизга (29/41), гуруҳлар томонидан 34 фоизга (50/67) ошиб кетишига йўл қўйилган. 

Жиноятчиликни ҳудудлар кесимида таҳлил қилганимизда,  тумандаги 1 тадан "Галаравот", "Истиқлол", "Кумушкент", "Ойтамғали", "Примкент", "Суғончи", "Турон", "Ўзбекистон" ва "Янгиобод" маҳаллаларида содир этилган бўлса, 2 тадан "Даҳбед", "З.М.Бобур", "Зарафшон", "Пахтаобод" ва "Чорбоғ" маҳаллаларида, 3 таси "Мустақиллик"  ва "Пўлатдархон" маҳаллаларида, 4 таси "Амир Темур" маҳалласида, 5 тадан "Наврўз" ва "Лойиш" маҳаллалари ҳиссасига тўғри келган.

Шунингдек, вилоятда содир этилган жами 7.843 та жиноятларнинг 4,9 фоизи (387 таси) Оқдарё тумани ҳиссасига тўғри келган.

Тумандаги 35 та маҳаллалардан 11 таси "қизил", 14 таси "сариқ",  10 таси "яшил" тоифага киритилган.

Қизил тоифадаги маҳаллаларга "З.М.Бобур", "Янгиобод", "Пахтаобод", "Пўлатдархон", "Тараққиёт", "Лойиш", "Ўзбекистон", "Янгиҳаёт", "Авазали", "Наврўз" ва "Примкент" маҳаллаларида содир бўлган жиноят оқибатида кириб қолган бўлиб, мазкур маҳаллаларда жиноятлар ошишига йўл қўйилиб, имконият бўлса-да, уларни олди олиниши чоралари кўрилмаган.         

Энг ачинарлиси, қайд этилган 387 та жиноятнинг 1 таси ёки 0,2 фоизи қотиллик жиноятини ташкил этади, яъни, "Янгиҳаёт" маҳалласида содир этилган қотиллик жиноятининг келиб чиқиш сабаби қўни-қўшнилар ўртасида ўзаро келишмовчилик оқибатида, вақтинча ишсиз шахс томонидан содир этилган бўлиб, ушбу жиноят кундузи соат  12:00 дан 18:00 гача бўлган вақт оралиғида ўткир тиғли жисм пичоқ уриб содир этилган. 

Бундан ташқари, қайд этилган 387 та жиноятларнинг 7 таси ёки 1,8 фоизини оғир тан жароҳати етказиш жиноятлари ташкил этади, яъни "Янгиобод", "Мустақиллик", "Бозоржой", "Турон" ва "Наврўз" МФЙларида 1 тадан содир этилган бўлса, 2 таси "Пахтаобод" маҳалласи ҳиссасига тўғри келган.

Мазкур жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари 7 таси ҳам ўзаро келишмовчиликлар оқибатида содир этилган бўлса, шундан 2 таси хонадонларда, 2 таси жамоат жойлари ҳисобланган кўчаларда, 1 таси ошхонада, 2 таси овлоқ жойда содир этилган. 

Мазкур жиноятларни содир этган шахслар 7 нафари мавсумий ишчилар томонидан содир этилган бўлса 1 таси вояга етмаган мактаб ўқувчиси (аёллар) томонидан содир этилган, ушбу жиноятларнинг 4 таси кундузи соат 12:00 дан 18:00 гача бўлган вақт оралиғида, 3 таси тунги соат 18:00 дан 06:00 гача бўлган вақт оралиғида содир этилган бўлиб, 2 таси ошхона пичоғи билан 1 таси темир жисм, 1 таси ғишт бўлаги билан ҳамда 3 таси қўл ва оёқлар билан уриб содир этилган.

- Ўтган йилда жиноятга оид ариза ва хабарлар таҳлили бўйича ҳам аниқ маълумот берсангиз?

- 2023 йилда жами 6.543 та жиноятга оид ариза, хабарлар келиб тушган бўлиб, шундан 176 таси бўйича жиноят иши қўзғатилган, 45 таси жиноят ишларига бирлаштирилган, 209 таси бошқа терговга қадар текширув ҳужжатларига бирлаштирилган, 1.677 таси ҳудудий тегишлилиги бўйича юборилган, 4424 таси бўйича жиноят иши қўзғатиш рад қилинган.

Мазкур ариза ва хабарлар туркумига кўра 2210 таси безорилик, 1.445 таси тан жароҳати етказиш, 738 таси фирибгарлик, 563 таси транспорт ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлиги, 222 таси ўғирлик, 212 таси мансабга совуққонлик билан қараш ва қолганлари бошқа турдаги ариза ва хабарлар ҳисобланади.

- Жорий йилнинг беш ойи давомида жиноятнинг ошган турлари бўйича ҳам маълумот бериб ўтсангиз?

- 2024 йил 5 ойида туманда фирибгарлик (17/28), ўғирлик (7/14), ўртача оғир тан жароҳати етказиш (3-7), гиёҳвандлик (14/19) жиноятлари кўпайган.

Мазкур жиноятлардан фирибгарлик жиноятининг кўпайишининг асосий сабаблари, фуқаролар интернетдаги турли фирибгарларнинг алдовларига ишониб, пул маблағларини танимаган ва билмаган шахсларга плас-тик картасининг рақамини айтиши орқали ечиб олиши, виктимиологик профилактик ишлар етарли даражада олиб борилмаганлиги, фуқароларимизнинг ўз мол-мулкларига қаровсиз муносабатда бўлаётганлиги натижасида содир бўлмоқда.

Шунингдек, ўғирлик жиноятлари кўпайишининг асосий сабабларидан бири ишсизлик даражасининг юқори қолиши, фуқароларимизнинг мол-мулкларига нисбатан эҳтиётсиз муносабатда бўлишлари натижасида содир бўлмоқда.

Юқорида қайд этилган жиноятларни олдини олиш мақсадида тарғибот-ташвиқот тадбирлари, аҳолининг бандлигини таъминлаш учун бўш иш ўринлари ярмаркалари ташкил қилинмоқда.

- Кейинги йилларда иқтисодий жиноятчилик ҳақида ҳам анчагина фикрлар юритилаяпти. Туманимизда бу борада аҳвол қандай?

- 2024 йил 5 ойида туманда 14 та ўзлаштириш ва растрата, 35 та ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши жиноятлар содир этилган.

Масалан, Оқдарё тумани, "Пўлатдархон" маҳалласи собиқ ҳоким ёрдамчиси Бекбоев Дилшод Хасанович "OQDARYO MONIY CHORVADOR" ФХ, "AGRO INNOVATION MAHSULOTLARI" МЧЖ, "ISHONCH BIZ BILAN" МЧЖ, "ISHONCH BIZ BILAN-2" МЧЖ, "TEMURBEK MUYSINXON" МЧЖ, "HUMOYUN BAXT FAYZ" МЧЖ, "DINORA DILDORA OZODBEK" МЧЖ, "PO`LATDARXON OMAD" МЧЖ, "ZARAFSHON AHOLI VA DX TOMORQA XIZMATI TA`MINOTI" МЧЖ, "YANGIHAYOT JAHONGIR" МЧЖ, "TRADE MASTER" МЧЖ, "OQDARYO DARYO SAXOVATI" МЧЖ, "ORASTA XUMOYUN" МЧЖ, "G`AYRAT TOMORQA OMAD" МЧЖ ва "KARVONBEK OQDARYO" х/к.лари мансабдор шахслари билан олдиндан тил бириктириб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.12.2021 йилдаги "Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-55-сонли Қарори асосида имтиёзли кредитлар чиқариш мақсадида фуқароларнинг электрон рақамли имзоларидан фойдаланган ҳолда "маркетплейс" тизимига сохта маълумотлар киритиб, "Агробанк" АТБ Оқдарё филиалидан иссиқхона йўналиши бўйича 40 нафар фуқароларни жами 40 та ҳолатда 1123,8 млн. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағларини ажратишга эришиб, ушбу кредит маблағларининг 122,8 млн. сўмини "OQDARYO MONIY CHORVADOR" ф/x., 93,8 млн. сўмини "AGRO INNOVATION MAHSULOTLARI" МЧЖ, 20,0 млн. сўмини "ISHONCH BIZ BILAN" МЧЖ, 153,0 млн. сўмини "ISHONCH BIZ BILAN-2" МЧЖ, 111,0 млн. сўмини "TEMURBEK MUYSINXON" МЧЖ, 77,2 млн.сўмини "HUMOYUN BAXT FAYZ" МЧЖ, 99,0 млн. сўмини "DINORA DILDORA OZODBEK" МЧЖ, 62,9 млн.сўмини "PO`LATDARXON OMAD" МЧЖ, 32,9 млн. сўмини "ZARAFSHON AHOLI VA DX TOMORQA XIZMATI TA`MINOTI" МЧЖ, 97,0 млн.сўмини "YANGIHAYOT JAHONGIR" МЧЖ, 33,0 млн. сўмини "TRADE MASTER" МЧЖ, 32,0 млн. сўмини "OQDARYO DARYO SAXOVATI" МЧЖ, 62,4 млн. сўми "ORASTA XUMOYUN" МЧЖ, 118,8 млн. сўмини "G`AYRAT TOMORQA OMAD" МЧЖ ва 66,0 млн. сўмини "KARVONBEK OQDARYO" х/к.лари ҳисоб рақамларига қўчириб, эвазига фуқароларга маҳсулот етказиб бермасдан пул маблағларини нақдлаштириб, жами 40 та ҳолатда 1.181,8 млн. сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган.

Оқдарё тумани, "Пулатдархон" маҳалласи собиқ ҳоким ёрдамчиси Бекбоев Дилшод Хасановичга нисбатан ЖК 167-моддаси 3-қисми "а" банди ва 209-моддаси 2-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, "Қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилиб, ЖИБ бўйича туман судига айблов хулосаси билан юборилган.

2024 йил 5 ойида туманда фирибгарлик (17/28) жиноятлари 64,7 фоизга ошган. Мазкур фирибгарлик жиноятлари таҳлил қилинганида асосан чорва молларини сотиб бериш, ишга ва ўқишга киритиш, ер майдони сотиш, уй-жой олиб бериш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиб бериш, интернетда пул кўпайтириб бериш каби важлар билан содир этилмоқда.

Ўта оғир жиноятлар сони 2024 йилнинг 5 ойида 4 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4 тага камайган.

- Сиз раҳбарлик қилаётган 2-секторда бир қатор ибратли  тадбирлар амалга оширилаётганлигининг   гувоҳимиз. Айниқса, ёшлар сайилгоҳлари, ёшлар ижод кўчалари ташкил этилиши шулар жумласидандир. Бу ҳақда нима дея оласиз?

- Давлат Раҳбарининг 11.04.2023 йилдаги "Ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш ҳамда улар билан ишлаш   тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари" юзасидан ўтказилган видеоселектори 18-сон йиғилиш баёни ижроси бўйича   "Ёшлар сайилгоҳлари" ва "Ёшлар ижод кўчалари" ташкил қилишда муайян ижобий ишлар   амалга оширилмоқда.

Хусусан, Оқдарё  тумани,   "Даҳбед" шаҳарчаси "Бозоржой" ва "Пахтаобод" маҳаллалари ҳудудидан оқиб ўтувчи "Шахоб" каналининг ён атрофида 14 та беш қаватли жами 425 та хонадондан иборат турар жой мажмуаси қурилиши жараёнида шаҳарчада яшовчи   аҳоли учун сув бўйида сайр қилиш ва соғлом   турмуш тарзини яратиш орқали маданий дам   олиш маскани яратиш бўйича "Даҳбед соҳил   бўйи" ёшлар сайилгоҳи барпо қилинди.

Маълумот учун, "Шахоб" каналининг умумий    узунлиги  9 км. бўлиб, "Бозоржой" ва "Пахтаобод" маҳаллалари  ҳудудидан   0,7  км. қисми   оқиб ўтади.

Ўтказилган тадбирлар давомида:

*ҳудуддаги фуқаролар томонидан 0,23   гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгалланиб, 3 та ноқонуний бино - иншоотлар  қурилганлиги;

*0,64 гектар ер участкаси маиший чиқиндилардан тозаланмаган ва эски спорт майдончаси фойдаланишга яроқсиз ҳолатда эканлиги;

*1,2 км. йўллар, 0,5 км. газ қувурлари, 0,7 км. электр тармоқлари, 1 та газ тақсимлаш ва 1 та трансформатор пункти таъмирталаб   ҳолатга келганлиги;

*"Шахоб" канали ҳимоя тўсиғи бўлмаганлиги сабабли, вояга   етмаган болалар эҳтиётсизлиги оқибатида бахтсиз ҳодисалар содир   бўлганлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш ва   тегишли  чора-тадбирлар кўриш мақсадида   масъул ташкилот раҳбарларига канал атрофини тўлиқ  хатловдан ўтказиш, ноқонуний ва тартибсиз қурилмаларни буздириш, қаровсиз ер    майдонларини ободонлаштириш, "Яшил макон" барпо қилиш ҳамда тадбиркорлик ва      хавфсиз муҳитни вужудга келтириш вазифалари юклатилди.

Мавжуд камчиликларни бартараф этишда муайян ишлар амалга оширилди.

*тадбир  давомида   "Яшил   макон" умуммиллий лойиҳаси  асосида 0,5 гектар ер  майдонига 1 000 дан  ортиқ   мевали  ва манзарали кўчатлар экилиб, 800 туп  дарахтларга   шакл    берилди.

*ислом ва жаҳон цивилизациясига улкан   ҳисса қўшган буюк аллома Имом Бухорий мажмуасига бориш йўлида жойлашган 32 та   аҳоли яшаш хонадонларининг 2000 м2 ташқи       интерьер қисми қайтадан таъмирланди;

*канал бўйига 10 та ўриндиқлар, 24  та    қуёш   энергияси асосида ишловчи тунги ёритиш   чироқлари, 21 та йўл ҳаракати белгилари   ўрнатилди; 

*ҳудуддан 1720 тонна чиқиндилар олиб   чиқилиб, жами 30 гектар майдон ободонлаштирилди, каналнинг 0,7 км. қисми тўлиқ   тозаланди ҳамда канал бўйига 10 та махсус чиқинди яшиклари ўрнатилди;

*844 тонна асфальт қопламаси олиб келиниб, 1,7 км. канал бўйидаги йўл асфальтлаштирилди;

*1,5 км. пиёдалар ва  велосипед йўлакчаси барпо этилди;

*2 та канал устидан ўтувчи кўприк қайта   таъмирланди;

*1,5 км узунликда канал қирғоғига хавфсизлик панжаралари ўрнатилди;

*0,7 км. узунликдаги электр тармоғи ва 1   та трансформатор 1 та газ тақсимлаш пункти   ҳамда 0,5 км. газ тармоғи таъмирланди;

*1 та янги мини футбол, 1 та волейбол ва   1 та "Workout" майдончалари қурилиб,"Wi Fi"   зонаси ташкил этилди ҳамда 20 та "Billboard"   (Билборд - Ибратли сўзлар доскаси) ва 1 та кўчма кутубхона ташкил қилинди;

*сайилгоҳ ҳудудида "BookCafe" (китоб ва    журналлар ўқиш учун) яратилди;

"Ёш мусаввирлар йўлаги" ташкил этилиб,   ёшлар сайилгоҳи жойлашувини акс эттирувчи стелла ва "Маҳалла обод бўлса мамлакат   обод бўлади" номли монумент ўрнатилди.

Бундан ташқари, "Даҳбед соҳил бўйи"   ёшлар сайилгоҳини тантанали очилиш тадбирида "Соғлом ҳаёт учун" 5000 қадам оммавий юриш марафони, маҳаллалар ўртасида    "Беш ташаббус олимпиадаси" доирасида   спортнинг   ўзбек миллий  кураши, волейбол,   шахмат-шашка, бокс, мини футбол ва   "Workout" мусобақалари ўтказилди, ҳаваскор   ёшлар томонидан санъат, мусиқа, қўшиқчилик,    рассомчилик, тикувчилик, китобхонлик, касб - ҳунар  соҳаларида   яратилган ижод намуналари намойиш этилди.

- Сизни кўпчилик газета, журнал ва китоб кўп ўқийдиган инсон сифатида яхши билишади. Ростини айтганда, бунга ўзимиз ҳам гувоҳмиз. Туманимизда чоп этилаётган "Оқдарё овози" газетаси ҳақида қандай фикрдасиз? Газетада чоп этилаётган мақолалар оддий газетхон сифатида сизга маъқул бўлаяптими?

- Ўзимни мақтамоқчи эмасману, ёшлигимдан газета, журнал ва китоб ўқишга қизиқаман. Республика миқёсида чоп этилаётган барча газеталарни ўз вақтида ўқишга ҳаракат қиламан. Ахир, босма нашрлар ва китоб инсонни маънавиятли қилиб тарбиялайди, сўз бойлигини оширади. Бунга ўзим кўп бор ишонч ҳосил қилганман. "Оқдарё овози" газетаси шахсан менинг энг севимли нашрим ҳисобланади. Газетанинг ҳар бир сонини сабрсизлик билан кутаман. Ҳар бир мақолани синчковлик билан ўқиб чиқаман. Айниқса, тарихимиз, ўтмишимиз, одоб-ахлоқ, инсон ва қонун рукни остида берилаётган мақолалар эътирофга лойиқдир. Қанийди, имкон бўлса туманимизнинг ҳар бир хонадонига газета етиб борса, нур устига аъло нур бўлар эди. Ҳозирги шароитда газета ижодкорларига ҳам осон эмаслигини яхши биламиз. Айниқса, обуна масаласида. Агар туманда яшовчи ҳар бир ташкилот раҳбари ва фуқаро газетани қўллаб-қувватлаш учун обуна бўлса таҳририят ходимларига анча енгиллик бўларди. Албатта, бу борада туман ҳокимлиги ҳам ўз ёрдамини аямайди, деган умиддамиз.

Мухбир: Азизбек Абдурашидович! Саволларимизга батафсил жавоб берганлигингиз учун газетхонлар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Сизга сиҳат-саломатлик тилаган ҳолда келгусидаги барча ишларингизга омад тилаймиз!


Йўлчи МУҲАММАДИЕВ суҳбатлашди.