Мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” жаранглади

Мактабларда “Сўнгги қўнғироқ” жаранглади. Улкан орзу-мақсадлар билан таълим-тарбия қучоғида жам бўлишган ўқувчилар бугун ҳаётнинг катта остонасига қадам қўйишмоқда. Юртимизнинг барча жабҳаларидаги каби туманимиз умумтаълим мактабларида ҳам анъанага айланган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари кўтаринки руҳда ташкиллаштирилди.
  Жорий йилнинг 25 май куни туман халқ таълими бўлимига қарашли бўлган барча умумий ўрта таълим муассасаларида 2021-2022 ўқув йили якунланиб, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтди. Ушбу тадбирни ташкил этиш бўйича Халқ таълими вазирлиги тавсиялар ишлаб чиқиб барча мактабларга юборди. Тадбирлар мактаб ҳовлиси боғида ёки соя салқин очиқ майдонларида ўтказилди. Мактабларда мазкур тадбир соат 8:00 дан 8:45 га қадар, тавсия этилган сценарий асосида ташкил этилди. Унда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланиб, рағбатлантирилди.
  2021-2022 ўқув йилида туман халқ таълими бўлимига қарашли бўлган 57 та умумий ўрта таълим мактабларида 2530 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатди. Жорий йилда 1807 нафар битирувчи умумтаълим мактабларини битириб, ўзлари танлаган касб-ҳунарларини эгаллаш учун мустақил ҳаётга қадам қўйишмоқда.
 “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари туманимиздаги бурча умумтаълим мактабларида тантанали равишда нишонланди. Бўлиб ўтган тадбирларга туман ҳокимлиги, ташкилот ва муссаса раҳбарлари, маҳалла раислари ва фаоллари, нуроний отахону онахонлар, битирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари иштирок этишди. Мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларини 2021-2022-ўқув йилини муваффақиятли якунлаганликлари, битирувчи синф ўқувчиларини мустақил ҳаётга қадам қўяётганликлари билан муборакбод этишди.
   Туман ҳокими Шерзод Қудратов 45-ИДУМда бўлиб ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этиб, мактаб жамоасини ўқув йили давомида эришилган ютуқлар билан муборакбод этиб, битирувчи синф ўғил-қизларига келажакда ўзлари севган касб-ҳунарни эгаллашларида улкан зафарлар тилади.
  47-ИДУМда бўлиб ўтган тадбирда “Оқдарё овози” газетасининг бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев иштирок этди ва тадбир иштирокчилари бўлган ўқитувчи ва ўқувчиларни, уларнинг ота-оналарини самимий муборакбод этиб, катта ҳаёт остонасига қадам қўяётган битирувчиларнинг келгуси ишларида омад тилади.
  Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мактаб битирувчиларини мустақил ҳаётга — умрнинг янада гўзал ва масъулиятли босқичига қадам қўяётгани билан табриклади. Президент ўз табригида Ўзбекистон улкан имкониятлар мамлакатига айланиб бораётганини таъкидлаб, олдига аниқ мақсад қўйган ёшларнинг кўзлаган чўққиларга эришишларига ишонч билдирди:
   - Ҳеч қачон унутманг, келажакда сизни янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва салоҳиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган чўққиларга албатта эришасиз», — деди давлат раҳбари ўз табриги якунида.
                                             Ўз мухбиримиз.