ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

XX аср охирларига келиб одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолди. Одамдан эксплуатация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ    жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий  хавфли қилмишлар охир-оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.

Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг "Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида"ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи "Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида"ги Протоколни ратификация қилди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.

Эркин демократик давлат ва фуқаролик жамиятида инсон тинч, осойишта ва фаровон ҳаёт кечириши учун, аввало, унинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатлари ҳар қандай тажовузлардан ҳимояланган бўлиши шарт. Шу боис, инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларининг ҳимоясини таъминлаш асосий қадриятга айланган ушбу       даврда одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш кечиктириб бўлмас, долзарб аҳамиятга эга вазифалардан бири ҳисобланади.

Ана шундай ёндашув туфайли мустақиллик йилларида мамлакатимизда одам савдосига қарши кураш борасида кенг кўламли, мазмун-моҳиятига кўра улкан ишлар амалга оширилди ва ҳозирги вақтда ҳам бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, мамлакатимизда одам савдосига қарши курашишнинг норматив-ҳуқуқий асослари шакллантирилди. Хусусан, ривожланган демократик мамлакатларда одам савдосига қарши кураш бўйича татбиқ этилган илғор тажрибалар ва қонун нормаларини чуқур ўрганиш асосида 2008 йил 17 апрелда Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Ҳозирги кунга келиб ушбу Қонуннинг янги таҳрири қабул қилиниб, келгусида қонуний кучга кириш арафасида турибди.

Ўзбекистон Республикасининг "Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимча киритиш ҳақида"ги 2008 йил 16 сентябрдаги ва 2015 йил 10 августдаги қонунлари асосида жиноят қонунчилигининг одам савдоси учун жавобгарлик белгиловчи нормалари янада такомиллаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 июлда қабул қилган "Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5775-сонли Фармонига асосан, одам савдосига қарши курашишни амалга оширувчи давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш учун одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси тузилди.

Сўнгги йилларда республикада фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Ҳуқуқбузарликларнинг барвақт профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан устувор йўналиш ҳисобланган одам савдосига қарши курашиш ва мажбурий меҳнатни таг-томири билан йўқотиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Одам савдоси қурбонларини аниқлаш, ҳимоя қилиш ва ижтимоий реабилитация қилиш, шундай жиноятлар қурбонига айланган фуқароларга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатиш, одам савдосига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жавобгарликка тортиш, шунингдек, бундай жиноятларни содир этишга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмоқда.

Болалар меҳнатига барҳам берилди, қишлоқ хўжалиги ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш даврида катталарнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга чек қўйиш бўйича мисли кўрилмаган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш ҳамда халқаро майдонда давлатимиз имижини ошириш мақсадида фуқаролик жамияти вакиллари ва мазкур соҳадаги хорижий ноҳукумат ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича иш олиб борилмоқда.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши кураш соҳасида, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий имижини олға суришда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам белгилаб берилган.

Сирожиддинбек ЧОРИЕВ, 

Самарқанд ҳарбий прокуратураси

 терговчиси, адлия капитани. 


Мавзуга оид: