ҒЎЗАПОЯДАН БИОЧАР ҚИЛИБ, ДАРОМАД ОЛИНГ ВА ДАЛАНГИЗНИ ТОЗАЛАБ, ҲОСИЛДОРЛИКНИ ОШИРИНГ! Оқдарё туман фермерлари кенгашининг МУРОЖААТИ

Ҳурматли фермерлар, деҳқонлар ва қишлоқ хўжалиги фидойилари!
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида фақат ҳосил етиштиришнинг ўзи етарли эмас. Ернинг унумдорлигини ошириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳамда ҳар бир имкониятдан қўшимча даромад олиш давр талабига айланмоқда.
Фермер — фақат маҳсулот етиштирувчи эмас, балки юртимиз озиқ-овқат хавфсизлиги, иқтисодий барқарорлиги ва қишлоқ тараққиётини таъминлайдиган катта кучдир. Пахта ҳосили йиғиб олингандан кейин далаларда қоладиган ғўзапояга ҳам янгича ёндашишимиз керак.
Шундай экан, ғўзапоя — бу чиқинди эмас! У — қўшимча даромад, унумдор тупроқ ва янги ишлаб чиқариш имкониятларидир!
Ғўзапоядан замонавий технологиялар асосида биочар ишлаб чиқариш орқали, қўшимча тадбиркорлик йўналишини яратинг, тупроқда органик углерод захирасини кўпайтиринг, ернинг сув ва минерал ўғитларни сақлаш хусусиятини яхшиланг, тупроқ унумдорлигини оширишга хизмат қилиш ҳамда қишлоқ жойларда янги иш ўринлари ва қўшимча даромад манбаларини яратиш мумкинлигини унутманг.
Азиз фермер ва деҳқонлар!
Куни кеча Президентимиз Сизларни Янги Ўзбекистон тарихида илк бор 5миллион тоннадан зиёд юксак пахта хирмони бунёд этиб, юксак ғалабага эришганингиз муносабати билан самимий қутлаб, соҳа вакилларига келгусида ҳам улкан муваффақиятлар тилади.
Давлатимиз раҳбари йўллаган қутловда пахтачиликдаги ушбу рекорд кўрсаткичларни қўлга киритишда давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор, деҳқон ва фермерлар, кластерлар, умуман, далада ишлаётган ҳар бир инсоннинг ўз меҳнатидан манфаатдорлиги, эртанги кунга ишончи ҳал қилувчи аҳамият касб этиши бежиз таъкидлаб ўтилмади.
Шунингдек, келгуси йилда серҳосил уруғлик навларидан фойдаланиш, агродрон орқали ишлов бериш, сув ва энергия тежовчи технологиялар, сунъий интеллектни қўллаш бўйича Сизларга янада кўпроқ ва қулай шароитлар яратиб, пахтадан ўртача ҳосилдорликни 65-70центнерга етказиш мақсад қилиб қўйилди.
 Ана шундай долзарб ва ҳаётий вазифаларни муваффақиятли адо этишда фермерларимиз соҳа мутахассислари билан биргаликда янада катта куч-ғайрат билан меҳнат қилишимизга ишонч билдирилди.
Қадрли деҳқон ва фермерлар!
Пахта ҳосили йиғиб олинганидан сўнг дала майдонларидаги ғўзапоялардан биочар усулда углеродга бой минерал ўғит ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш барчамизнинг манфаатларимизга хизмат қилиши табиий.
Биочар, бу ўсимлик ва бошқа органик хомашёларни (дарахт шохлари, бегона ўт қолдиқлари, сомон, ғўзапоя, кунгабоқар пояси, гўнг ва бошқалар) кислород жуда кам бўлган шароитда юқори ҳароратда қиздириш орқали олинадиган углеродга бой маҳсулотдир.
Биочар (пистакўмир) — бу углеродга бой бўлиб, ёғоч, ўсимлик қолдиқлари, ғўзапоядан, чорва моллари гўнги, канализация чўкинди лойи, маиший ва бошқа органик чиқиндиларни кам кислородли ёки кислородсиз ёпиқ шароитда (пиролиз) қиздиришдан олинадиган маҳсулот ҳисобланади.
Биочар тупроққа қўлланганда:
-тупроқнинг органик моддалар ва ўсимликлар учун муҳим бўлган озуқа элементлари миқдорини оширади, тупроқ намлигини ушлаб туради, микроорганизмлар фаоллигини яхшилайди ҳамда уларнинг хилма-хиллигини кўпайтирaди;
-унумдорлиги паст, гумус ва озуқа элементлар билан кам таъминланган тупроқларда яхши натижа беради;
-биочарнинг ғовакдорлиги тупроқ структурасини яхшилайди, бу эса сувни ушлаб туриш қобилиятини ва ҳаво айланишини яхшилаб, экинларнинг илдиз ривожланиши ва ўсиши учун қулай муҳит яратади;
-ўсимликлар ўзлаштира оладиган элементларни тўплайди ва ўғитлар қўллаш миқдорини камайтиради;
- биочар тупроқдаги углерод (C) захирасини кўпайтириб, тупроқдан чиқадиган заҳарли газ чиқиндиларини камайтиради, иқлим ўзгаришини юмшатишга хизмат қилади.
Қадрли деҳқон ва фермерлар!
Барчамиз гувоҳмиз, бугунги кунда халқимизнинг турмуш даражаси, турмуш тарзи кундан кунга фаровон бўлиб бормоқда. Қишлоқ жойларда ҳам ғўзапоялар илгаригидек ишлатилмаяпти, асосан бу ғўзапоя қаёққа кетади десангиз, ерга сочиляпти, майдаланиб, ўғит сифатида ерга қайтариляпти. Лекин дунё аҳлини бошқа бир муаммо қийнамоқда: яъни ҳозир ер сайёраси йилдан йилга исиб кетяпти. Бундай экологик хатарнинг келиб чиқиши сабаби, карбонат ангидрид газининг кескин равишда кўпайиб кетаётгани деҳқончилик соҳасига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Бу эса ўта хавфли эканини изоҳлаш ортиқча.
Энди тасаввур қилинг, ғўзапояга ўхшаган қолдиқлар агар ерга сочиб юборилса, уч баравар ютганига нисбатан кўп карбонат ангидрид ишлаб чиқаради ҳавога. Демак, кўряпмизки, фойдасидан кўра зиёни кўп. Куз фаслида парчалангандан кейин эса уч баравар кўп карбонат ангидрид чириндига айланиб, табиатга тарқалиб кетади.
Бироқ шуни очиқ айтиш керакки, бундан хавотирланишга асос йўқ. Чунки шунинг ўзи ўғит бўлади, ундан фойдали гумус қолади. Шунинг учун ҳам биз янги дастурни Ўзбекистонда жорий қиляпмиз. Унга кўра авваллари бир гектар ерга ўртача 100 минг дона кўчат эккан бўлсак, 7 тонна ғўзапоя чиқарди. Ҳозир эса   гектарига 240 мингта кўчат экилаётганини ҳисоблайдиган бўлсак, 15 тонна кафолатланган ғўзапоя бор дегани бу. Кўраяпсизки, далада ғўзапояни майдалашни ўрнига уни йиғиб олиб, биокўмирга айлантирадиган бўлсак, юз йилда ҳам чиримайди. Бу дегани ютилган карбонат ангидридни бир аср ерга қамаб қўйса бўлади. Бунинг афзал жиҳати, у ер ҳавосини кўпчитиб туради. Ҳаво алмашинуви  ўсимликлар ривожланишини яхшилайди. Бу эса қўшимча даромад яратади бизларга. 
Ҳурматли фермерлар!
Биочар тайёрлаш учун қуйидаги босқичларни амалга оширинг! 
Биринчидан, далангизнинг четига диaмeтри 2,0 м вa чуқурлиги 1,5 м бўлгaн думaлoқ кoнус шaклидa чуқур қaзинг;
Иккинчидан,  чуқурликнинг тaшқи aйлaнaсигa яқин жой oлoв туташa oлaдигaн ҳaр қaндaй oргaник мoддaдaн xоли бўлиши кeрaк. Oлoв тaрқaлишининг oлдини oлиш учун чуқурнинг тaшқи чeтини тoшлaр билaн қoплaш тавсия этилади;
Учинчидан, пахта, маккажўхори, кунгабоқар ёки шунга ўхшаш экинлардан йўғонлиги 1,0 см – 2,0 см атрофида бўлган 500 кг қуруқ пояларни йиғиб, устма-уст қилиб қўйинг;
Тўртинчидан, поя тўпламасини тасодифан ёниб кетмаслиги учун уни чуқурдан тахминан 2,0 метр узоқликка жойлаштиринг;
Бешинчидан,таёқчаларни тайёрлашда қуйидагиларга эътибор беринг:
-бир нечта пояни синдириб, ҳар бири тахминан 30 см узунликда бўлган 30–40 та таёқча қилиб олинг.
-қолган пояларни 50–60 см узунликдаги ўртача ҳажмдаги таёқчалар қилиб синдиринг.
Олтинчидан, ўт ёқишга тайёрлаш учун қуйидагиларга эътибор беринг:
-чуқурнинг тагига кичик таёқчаларни 7–8 қават қилиб, айқаш-уйқаш тарзда теринг ва баландлиги тахминан 20–30 см бўлган тўртбурчак шаклига келтиринг.
-тепа қисми остига қуруқ пўстлоқ, қоғоз, маккажўхорининг қуруқ барглари ёки исталган қуруқ органик материал қўшинг.
Еттинчидан, ёқишни амалга оширинг:
-тутунни минималлаштириш учун қуруқ материални юқоридан ёқинг ҳамда тутунни кўпроқ ҳосил қиладиган пастки қисмдан ёқиш усулидан воз кечинг ҳамда энг юқоридаги таёқчалар қизил рангга кириб, ташқи пўстлоғи кулранг кулга айлангунича ёниш жараёнини давом эттиринг.
Саккизинчидан, қатлам қўшишни ташкил этиш учун қуйидаги ишларни бажаринг:
-хас-чўпларни аста-секин чуқурга солиб, мўридаги оловни тахминан 10–15 см қалинликдаги янги (биринчи) қатлам билан тўлиқ қопланг.
-ёнғиннинг барқарор ва бир текис ёниб боришини таъминлаш учун ҳали ёнмаган хас-чўпларни ташқи четлардан марказга қараб силжитинг.
-биринчи қатлам тўлиқ ёнгунича кутинг: унинг энг юқоридаги хас-чўплари қизил тусга кириб, ташқи пўстлоғи кулранг кулга айланиши керак. Шундан сўнг жараённи такрорланг: ҳар гал тахминан 10–15 см қалинликда янги қатлам қўшиб, унинг ҳам тўлиқ ёнишини кутинг. Яъни, ҳар бир қатламда энг юқоридаги хас-чўплар қизариб, ташқи пўстлоқлари кулранг кулга айлангандан сўнггина кейинги қатламни қўшиш лозим.
Тўққизинчидан, якуний босқични амалга оширинг:
-чуқур тўлгунча қатламларни қўшишда давом этинг.
-ёнмай қолган хас-чўпларни марказ томон суринг. Энг юқоридаги хас-чўплар қизил тусга кириб, ташқи пўстлоқлари кулрангга айланганида оловни тўлиқ ўчириб, хас-чўпларни биочарга айлантириш учун 50–100 литр сув қуйинг.
-сув мавжуд бўлмаган ҳолларда оловни тупроқ билан ҳам ўчириш мумкинлигини унутманг. 
-биронта қатлам ҳали ҳам ёнмаётганига тўлиқ ишонч ҳосил қилганингиздан сўнг, 10–15 дақиқада биочарни йиғиб олинг.
Азиз фермер ва деҳқонлар!
Оқдарё туман фермерлари кенгашининг Мурожаатномасидаги муҳим вазифаларни амалга оширишга ҳамда Қишлоқ хўжалиги бошқармаси томонидан биочар, живамрит, бокашидан фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган амалий қўлланмадан фойдаланиб, ишларни ташкил этишга сизларни чорлаймиз (қўлланма илова этилади)!
Оқдарё туман фермерлари кенгаши